Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Чироқчида темир йўлни тўсганлар 15 суткага қамалди. Айритомда чироқ ўчмаяпти


Чироқчида свет муаммоси билан боғлиқ норозилик чиқишлар олдин ҳам кузатилган. 2018 йил.
Чироқчида свет муаммоси билан боғлиқ норозилик чиқишлар олдин ҳам кузатилган. 2018 йил.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Айритом қишлоғида ўтган ой электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентдан келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди йўлини тўсиб қўйган 9 нафар фуқаро 15 кунга ҳибсга олинди, яна 4 киши жаримага тортилди.

Айритомликлар хонадонларда чироқ бошқа ўчмаётганини айтишмоқда.

Чироқчи туманида июнь ойида энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш мақсадида Тошкент-Қарши темир йўлининг «Қарши минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Айритом қишлоғи ёнидан ўтувчи қисмини тўсиб қўйган турғунлар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Чироқчи туман ҳокимлиги матбуот хизмати вакили Собит Раимқуловнинг Озодликка айтишича, норозилик қатнашчилари оммавий чиқишларнинг ҳуқуқий оқибатларидан огоҳлантирилган:

- Айритомдан 13 нафар фуқаро маъмурий тартибда судланди. Улардан 9 нафарига маъмурий қамоқ жазоси, одамларни агитация қилган ва йўлбошчилик қилган тўрттасига – жарима қўлланилди. Ўша кунлари ҳудудларимизни свет билан таъминлаш бўйича катта лойиҳа амалга оширилаётганди – Чорвадорда йирик подстанция қурилиши бошланганди. Ҳозир 16 минг киловаттли трансформатор ўрнатилиб, электр таъминоти яхшиланди.

Бу масала юзасидан фуқароларимизга жазо қўллашмас, тарбиялаш. Фуқароларимизга тушунтирилди бундай чиқишларнинг хатарлилиги. Бу Чироқчида иккинчи маротаба оммавий тартибда йўл тўсиш ҳолати бўлиши. Биринчи маротаба . Еттитомда пиёдалар учун йўлакдан ўтаётганда ёш болани юк машинаси урвориб, вафот этганди. Ўшанда маҳаллий аёллар томонидан йўл тўсиш ҳолати бўлганди, деди Чироқчи туман ҳокимлиги матбуот котиби Собит Раимқулов.

Суҳбатдош еттитомлик митинг уюштирган аёллар билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилгани ва суд қарори билан огоҳлантириш берилганини эслатди.

Маъмурий ишлари бўйича Чироқчи туман суди қарори билан акцияда иштирок этган айратомликларни айбдор деб топилди. Улар Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 113- (Темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 201- (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) моддалари асосида судланди.

Озодлик аниқлашича, Айритом маҳалласининг тўққиз нафар аҳолиси 15 кунлик маъмурий ҳибсга олинган бўлса, тўрт иштирокчиси базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари, яъни 1 млн 715 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Озодлик Айритом маҳалла раиси Саид Қораев билан ҳам суд тафсилотлари борасида изоҳ олди.

- Бизнинг маҳалладан 2 киши 15 суткага қамалди, ёши каттароқ одам жаримага тортилди. Қолганлар Пахталисой ва Эскианҳор маҳаллаларидан эди. Жами 13 киши судланди. Фуқаролар суд қарори устидан ўзлари аппеляция берган бўлса керак, бунисини билмадим. Биз раисларни суд жараёнига чақирмадиям, аралаштирмадиям. Асосийси – свет масаласида муаммолар бўлмаяпти ҳозир, яхши, деди маҳалла раиси.

Шу йилнинг 7 июнь куни Чироқчи тумани Айритом қишлоғи аҳолиси электр энергияси таъминоти қониқарсиз бўлганлиги сабаб поезд йўлини тўсган эди.

Улар аввалига Чироқчи туман ҳокими Ҳуррам Жўраевдан қишлоққа электр энергияси тортадиган бошқа кучлироқ “трансформатор” ўрнатишни сўрашган. Душанба куни эрталабки соат 9:00 да туман ҳокимининг Айритом қишлоғига келиши кутилган. Ҳоким белгиланган вақтда электр энергияси масаласини ҳал қилиш учун қишлоққа келмаганлиги важидан аҳоли темир йўл атрофига йиғилган.

Норози аҳоли олдига етиб келган ҳоким Хуррам Жўраев қишлоққа қўшимча электр линияларини узатилиши ва янги трансформатор ўрнатилишини ваъда қилганди.

Бу Чироқчида аҳолининг биринчи норозилик чиқиши эмас.

Оқтўнли қишлоғида яшовчи бир неча аёл шу йил 23 апрелида “Қарши-Самарқанд” йўлининг Хўжаобод қишлоғи ҳудудидан ўтувчи қисмини норозилик тариқасида тўсиб қўйганига оид маълумотлар аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

Аёлларнинг бу норозилик ҳаракатига 21 апрель куни 1-синфда ўқийдиган қизчанинг мазкур йўлни кесиб ўтаётган пайтда Isuzu юк машинаси томонидан уриб юборилгани ортидан ҳаётдан кўз юмгани сабаб бўлган.

Аёллар йўлни ўз қишлоғида мактаб қурилишини тезлаштириш, шу тариқа қумдарёлик ўқувчиларни катта трассадан кесиб ўтиш мажбуриятидан халос этиш талаби билан тўсганлар.

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида бир гуруҳ аёл томонидан “Қарши-Самарқанд” йўли тўсиб қўйилиши билан боғлиқ ҳолат Олий мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси назоратига олингани хабар қилинганди.

Ўтган куз-қиш мавсумида электр ва газ тақчиллиги Ўзбекистон бўйлаб аҳолининг норозилик чиқишларига сабаб бўлган.

Маҳаллий ҳокимиятлар аҳоли норозилигини вақтинча чоралар, жумладан, шошилинч тарзда кўмир тарқатиш ёки электр таъминотини бир муддат қайта тиклаш билан ҳал қилишга уринмоқда.

Ўзбекистонда аҳолининг тинч намойишлар ўтказишига рухсат этилмайди, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу борадаги мавжуд тартиб амалда демократик жамиятларнинг фундаментал ҳуқуқи бўлган тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини чеклашини танқид қилиб келадилар.

Аммо энергия таъминотидаги муаммолар фақат куз-қиш мавсуми билан чегараланмаган.

Сўнгги кунларда мамлакат бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ фонида пойтахт Тошкент дохил кўплаб ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Расмийлар кўпинча бу узилишларга аҳолининг кондиционерлардан фойдаланишини сабаб қилиб кўрсатишади. Энергетика вазирлиги 7 июль куни мамлакатнинг айрим ҳудудларида юз берган электр таъминотидаги узилишларни Навоий иссиқлик электр станциясидаги газ қувурида юзага келган носозлик билан изоҳлаган.

"Июль ойининг биринчи ярмида мамлакатимиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва 6-8 июль кунлари республиканинг суткалик электр энергияси истеъмоли 223 миллион киловатт соатгача етиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич ўтган мавсумнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир", дейилади вазирлик 7 июль куни эълон қилган баёнотда. Ҳозирда носозлик бартараф этилгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG