Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:35

Шаҳрисабзда мактаб директори ва ўқувчиси ТикТокдаги видео устидан судлашмоқда


Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 38-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Элёр Абдураупов мактаб директори ва унинг ўринбосари томонидан калтакланганини иддао қилди.

Элёрга кўра, унинг мактаб директори ҳақида тайёрлаган ҳазил видеоси TikTok тармоғига чиқиб кетгани можарога сабаб бўлган.

Абдураупов қилган иши учун кечирим сўраганига қарамай уни калтаклашгани, оқибатда бир ҳафта давомида шифохонада даволаниб чиққанини айтди.

38-мактаб директори Акмал Раҳмонов ўз ўқувчисини урганини инкор қилди. Айни пайтда Раҳмоновнинг ўзи унинг видеосини TikTok ка чиқаргани учун ўқувчи Абдурауповни судга берган.

ИИБ ходимларига кўра, ўқувчининг калтакланиши борасидаги унинг онаси аризаси бўйича ҳам иш очилган.

Шаҳрисабзнинг Қутчи қишлоғидаги 38-мактабнинг 11- синф ўқувчиси Элёр Абдурауповнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у мактаб директори суратидан ҳазил видео тайёрлаб, синфдошига жўнатган. Бу видео TikTok тармоғига чиқиб кетгач, жанжал бошланган:

“Директоримизнинг видеосини билмай ясаб қўйдим. Интернетга чиқариш учун ясамадим. Бунақа ниятим умуман бўлмаган. Ҳазил учун ясадим. Кейин синфдошларимга кўрсатдим, битта синфдошимнинг телефонига ўтказиб ҳам бердим. Кейин тарқалиб кетибди. Кимдир TikTok тармоғига ҳам чиқариб юборибди. Мен бу видеони юзни ўзгартириб, монтаж қиладиган Noizz дастури орқали тайёрладим. Бу фақат ҳазил учун қилинганди”.

Абдураупов иддаосича, у тайёрлаган ҳазил видеоси интернетга чиқиб кетгани учун мактаб директори Акмал Раҳмоновдан кечирим сўраган, бироқ директор ўз ўринбосари билан уни калтаклашган:

“Мен ўзим кечирим сўрадим, ота- онам бориб, кечирим сўради. Директор кечирим сўраганимизга ҳам қарамай, сўкиб ташлади. “Кечирмайман, сизлар билан қасдлашдим”, деди. 1 май куни директор хонасида мени аввал замдиректор урди. Юзимга урди, кейин полга йиқилиб тушдим. Мен замдиректорга қаршилик қилмоқчи бўлгандим, директорнинг ўзи бўйнимдан кўтариб, ичимга икки марта урди, кейин юзимга урди. Юзимга қаттиқ тегмади. Лекин ичим оғриди. Хонада бир нечта ўқитувчилар ҳам бор эди”.

Элёрнинг онаси Зулайҳо Расулованинг Озодликка айтишича, 1 май куни кечқурун ўғлининг аҳволи оғирлашгани учун “Тез тиббий ёрдам” чақиришга мажбур бўлишган:

“Скорий чақирдик. Улар боламни шифохонага олиб кетишди. Бир ҳафта касалхонада даволаниб чиқди”.

Шаҳрисабз туман марказий касалхонасидан олинган маълумотга кўра, Элёр Абдурауповга “Қорин соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” ташҳиси қўйилган.

Элёрнинг онаси Зулайҳо Расулова иддаосича, ўғлининг айби учун у ҳам кечирим сўраган, бироқ мактаб директори уни “таҳқирлаган”.

“Тўғри Раҳмонов катта одам. Ўғлим нотўғри иш қилган, уни оқламоқчи эмасман. Узр сўрадик. Болам ножўя иш қилган, бунинг учун қаттиқ кечирим сўрадим. Директордан узр сўрадим. Лекин “узрингни қабул қилмайман”, деди. “Агар мактаб ўқувчилари олдига яланғоч чиқсанг, сени кечираман, кейин бу ишни бости- бости қиламан”, деди”.

Расулованинг айтишича, у ўғлининг калтакланиши ва ўзининг таҳқирланиши бўйича ИИБга шикоят аризаси ёзган.

Озодлик 38-мактаб директори Акмал Раҳмонов билан боғланганида у ўз ўқувчисини калтаклаганини инкор қилди:

“Қўлимни ҳам теккизмаганман. Урган бўлсам, экспертиза чиқариб берсин”.

Раҳмоновга кўра, унинг ўзи ўқувчи Абдураупов ва унинг ота-онасини судга берган:

“Телеграмдаги расмимни олиб, бошимни, танамни ўйнатиб, қўшиқ айттириб, жуда шармандали ҳолат қилган. Эл-юрт олдида, қудаларнинг олдига шарманда бўлдим. Мен энди қўймайман, ота-онасини жаримага торттираман. Мен иш очдирганман. Маъмурий жавобгарлик кодексининг 47-моддаси бўйича иш очтирдим. Жаримага торттираман. Ота- онасининг чўнтагидан озроқ пул чиқса, боласи тарбиясига эътиборлироқ бўлади”.

ИИБ ходимларидан олинган маълумотга кўра, Элёрнинг калтакланиши борасида унинг онасининг аризаси бўйича иш очилган:

“Экспертизага йўлланма берилган. Абдурауповнинг телефон аппарати ҳам текширишга юборилган. Экспертиза хулосаси келса, биз қарор чиқарамиз”.

Калтак кўтарган таълим тизими

Ўзбекистон мактаб ва коллеж талабалари ҳамда болалар боғчалари тарбияланувчиларнинг ўқитувчи-муаллимлар томонидан калтакланиши ноодатий ҳодиса эмас.

Аввалроқ Озодлик Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 141-мактабнинг 9-синфида ўқитувчи ўз ўқувчиларини ураётгани акс этган видеони эълон қилганидан сўнг ўқитувчи ишдан ҳайдалган эди.

Чироқчидаги 134-сон мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев ўқувчисига "2" баҳо қўйгани учун унинг акалари томонидан калтаклангани ортидан шифохонага ëтқизилган.

XS
SM
MD
LG