Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:06

Шоира Орипова: “Энг яқин 17 нафар дўсти” отамнинг отилишини талаб қилган эди


Абдулла Ориповнинг қизи Шоира Орипова Ўшдаги хотира кечасида.
Абдулла Ориповнинг қизи Шоира Орипова Ўшдаги хотира кечасида.

Ўшдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек академик театрида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги нишонланди.

Тадбирда иштирок этган шоирнинг қизи Шоира Орипова собиқ СССР даврида унинг “Жаннатга йўл” асари Ўзбекистонда тақиқланганини ва уни Ўш театри саҳналаштиргани ортидан “айрим зиёлилар” ҳукуматдан Абдулла Ориповни отишни талаб қилгани тўғрисда гапириб берди.

-Мен Ўшга келишни, мана шу саҳнани кўришни орзу қилар эдим. Бу менинг армоним эди. Энди армоним ушалди. Шу жойда турибман. Чунки мана шу саҳна отамнинг ҳам армонларини рўёбга чиқарган саҳна бўлади.

“Жаннатга йўл”, “Соҳибқирон” – бу асарларни отамнинг энг шох асарлари деб биламан. “Жаннатга йўл” СССР даврида жанозада “омин” дейиш мумкин бўлмаган, бунинг учун қамалиш мумкин бўлган даврда ёзилган эди.

Отамнинг қўштирноқдаги энг яқин 17 нафар дўсти Шароф Рашидовга хат ёзиб, уни қамашни, имкони бўлса отишни талаб қилишган. Ўша даврда шу асарни саҳнада қўйишнинг ўзи тасаввурга сиғмайдиган нарса эди. Асарни Ўзбекистонда қўйишга рухсат берилмади. Уни Қирғизистонда мана шу саҳнада илк бор қўйишди- деди Шоира Орипова.

Унга кўра, “Жаннатга йўл” Ўзбекистонда “идеологияга тўғри келмайди” деган сабаблар билан тақиқланган эди.

Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл” асари 1989 йили, “Соҳибқирон” асари 2005 йили илк бор Ўшдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек академик мусиқали-драма театрида саҳналаштирилган. Орадан йиллар ўтиб, Ўзбекистонда саҳналаштирилиши тақиқланган мазкур асарлар Ўзбекистон Миллий телеканали “Олтин фонди”га ёзиб олинган.

Айни пайтда Бобур театри ижодкорлари Абдулла Ориповнинг охирги асари - “Самовий меҳмон” драмасини саҳналаштиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон гимни муаллифи бўлган Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрида АҚШнинг Хюстон шаҳрида 75 ёшида вафот этганди.

Абдулла Орипов Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида деҳқон оиласида 1941 йили дунёга келди.
Ўрта Осиё Давлат дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика бўлимига кириб, 1963-йилда тамомлади.

1963 йилдан буён турли нашриётларда муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида котиб, Бутуниттифоқ Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш идорасининг Ўзбекистондаги раҳбари вазифаларини бажарди.

Абдулла Ориповнинг талабалик йилларида яратилган шеърлари республика вақтли матбуотида чоп этилди. 1965-йилда биринчи шеърлар тўплами — «Митти юлдуз» китоби чоп этилди, шундан буён шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Ҳаким ва ажал» (1980) «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилди.
Абдулла Орипов Дантенинг «Илоҳий комедия» асарини ўзбек тилига ўгирди, Некрасов, Украинка, Шевченко асарларини ҳам она тилига таржима қилди.

Ижодкорнинг шеърий мажмуалари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилган.

XS
SM
MD
LG