Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:05

Ўзбекистон: Диний маҳкумларни озод қилиш давом этди. Соқол ва ҳижоб можароси ҳам - ҳисобот


Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилда ўзининг 5 қарори билан 616 маҳкумни, шу жумладан, амалда бўлган диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги ҳақидаги қонун талабларини бузгани учун қамалган 243 нафар маҳкумни озодликка чиқарди ёки уларга белгиланган жазо муддатларини қисқартирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар бўйича йиллик ҳисоботида қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги билан боғлиқ бир талай муаммолар мавжуд, бироқ бу мамлакат АҚШ Давлат департаменти фикрича, олдингидек "алоҳида эътиборга молик" давлат эмас.

2020 йилнинг 7 декабрида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистон диний эркинлик соҳасида “алоҳида назоратдаги” мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганини эълон қилган эди.

Ҳисоботни шарҳлаган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси мамлакатда эътиқод эркинлиги масаласида кескинлик бирмунча пасайганини қайд этди.

Давлат департаменти мусулмонларнинг Рамазон ҳайити арафасида эълон қилган ҳисоботида дунёнинг 200 га яқин давлатидаги диний эркинлик билан боғлиқ 2020 йилдаги вазият таҳлил қилинган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳисобот расман эълон қилинган 12 майда диний эркинлик инсоннинг тамал ҳуқуқларидан бири эканини урғулади:

"Диний эркинлик - инсон ҳуқуқидир. Инсон ким эканини англатувчи ҳақдир. Виждонга қулоқ солиб, эркин эътиқод қилиш ва буни уйда ҳам, кўчада ҳам очиқ намоён эта олишдир".

Давлат котиби АҚШ учун бу ҳуқуқ мамлакатнинг бош қомусидаги асосий кафолатлардан бири экани, у БМТ Инсон ҳуқуқлари декларациясида ҳам қайд этилганини эслатиб ўтди.

Давлат котиби Ўзбекистондаги вазиятга тўхталиб, "Ўзбекистонда диний сабаблар билан қамоққа ташланган юзлаб киши озод этилгани"ни, - қайд этди.

Давлат департаментининг сўнгги ҳисоботида муносабат билдирар экан, Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов мамлакатда диний эркинликлар соҳасидаги "кескинлик бироз пасайгани"ни қайд этди.

"АҚШ Давлат департаментининг дунё мамлакатларида диний эркинликларига оид ҳисоботи, шубҳасиз, бу борадаги муҳим тадқиқотдир. Халқаро диний эркинликлар бўйича Хартия мезонлари асосидаги мониторинг эътиқод эркинлиги масаласида Ўзбекистонда кескинлик бирмунча пасайганини кўрсатмоқда.

Айнан эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ўрганувчи фаол сифатида Ўзбекистонга берилган баҳони бироз нисбий деган бўлардим. Боиси эътиқод эркинлигининг бирламчи кўринишлари сифатида диний ибодатларга кенгроқ имкониятлар яратилмоқда", - деб айтди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистонда диний маҳкумларни қамоқдан чиқариш давом этди

Ўзбекистондаги вазиятни Америка яқиндан кузатиб келади, Тошкентни ислоҳотларни давом эттиришга, олдинги раҳбар даврида қабул қилинган "репрессив" қонун ва қарорларни ўзгартиришга ундаб келади. Шунингдек, диний озчиликлар, жумладан турли насроний оқимларга тазйиқ кўрсатмасликка ҳам чақиради.

Давлат департаменти ҳисоботида диний мотивлар билан қамалганларнинг озод қилинишига оид қатор маълумотлар келтирилган.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон Ички ва Ташқи ишлар вазирликлари маълумотларига таяниб, Биринчи президент Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг (2016 йил) 4500 маҳкум, шу жумладан диний мотивлар билан қамалган 1584 маҳкум амнистияга тушгани ёки афв этилгани ҳақда хабар қилди. Айтилишича, диний мотивлар билан қамалган 1584 маҳкумдан 1215 нафари озодликка чиқарилган, 369 нафарига белгиланган жазо юмшатилган. Бу 2020 йилнинг 1 августигача бўлган ҳолат.

Ундан сўнг – 27 август ва 7 декабрдаги актлар туфайли озод қилинган ёки жазоси юмшатилган диндорларнинг умумий миқдори 1710 кишига етган.

Давлат департаменти ҳисоботида конкрет шахсларнинг исм-фамилиялари, улар билан боғлиқ ишларнинг баъзи муҳим тафсилотлари келтирилган.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, фуқароларни диний эътиқодига кўра таъсиб қилиш ҳоллари камайган.

"Диндорларни эътиқодига кўра таъқиб қилиш амалиёти бироз орқага чекинган. Исломий ибодат либослари масласида жамоатчилик ва ҳукумат ўртасида зиддият мавжудки, бу табиий. Чунки қатор диний эркинликлар таъминланган Европа мамлакатларида ҳам исломофобиянинг ана шу кўриниши ривожланмоқда. Табиийки, Ўзбекистон ҳам мазкур глобал тенденциядан мустасно эмас".

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати “экстремистик” деб ҳисоблайдиган исломчи ташкилотларни тақиқлашда давом этди. Бундай ташкилотлар сони 22 тадир. Ҳисоботда бу ташкилотлар номлари санаб ўтилган бўлиб, рўйхатда Акрамийлар, Туркистон ислом ҳаракати, Исломий жиҳод гуруҳи ва бошқалар борлиги қайд этилган.

Ҳисоботдан, шунингдек, ноқонуний ҳужраларга қарши кураш олиб борилаётганидан дарак берувчи маълумотлар ҳам жой олган.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган йил давомида ўз назарида исломий экстремистик фаолият билан шуғулланувчи сайтларга киришни чеклашда давом этди. Тақиқланган ресурслар рўйхатини ҳукумат 2019 йили ҳам эълон қилган, унда 40 та профиль, канал ва саҳифалар номлари келтирилган эди.

Ҳисоботда шунингдек, айрим ўқув юртлари рўмол ўраган талабаларни синф хонасига қўймагани, ҳукумат расмий имомларнинг жума маърузалари матни ҳамда муфтият чоп қилган диний адабиётлар мундарижасини назорат қилишда давом этгани қайд этилган.

Давлат департаментининг маҳалий фаолларга таяниб билдиришича, мусулмонларнинг соқол қўйиши ва муслималарнинг ҳижоб ўраши борасидаги мавжуд тартиб ва сиёсат юзасидан зиддиятлар 2020 йилда ҳам сақланиб қолди.

АҚШ Давлат департаментига кўра, диний таълим, ҳуж ва умра амаллари устидан ҳукумат назорат сақланиб қолмоқда.

Ҳисоботда шунингдек, ҳукумат ҳануз Каримов давридаги каби исломий адабиётлар нашрини қатъий назорат қилишда давом этаётгани, айни пайтда Azon.uz сингари исломий медиа платформалари ҳукуматнинг аралашувисиз фаолият кўрсатишда давом этгани қайд этилган.

АҚШ Давлат департаментига кўра, Тошкентдаги Қўшма Штатлар дипломатлари ўзбек расмийлари билан янги таҳрирдаги диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича қатор маслаҳатлашувлар ўтказган ва янги қонунда халқаро андозалар ва жамоатчилик фикрини инобатга олиш борасида тавсиялар берганлар.

Номусулмон гуруҳлар билан боғлиқ вазият

Давлат депатраменти ҳисоботига кўра, 2020 йили Ўзбекистонда бошқа динлар вакиллари учун ҳам шунга ўхшаш тақиқлар кузатилди. Хусусан, "Яҳова гувоҳлари" ҳамда "Форум18" ташкилоти сайтларига кириш чекланди.

Ҳисоботда Қорақалпоғистон республикасидаги номусулмон ва ноправослав диний гуруҳлар ҳануз ҳуқуқий мақоми йўқлиги сабабли ўзларининг диний фаолиятини амалга оширишда қийинчиликларга дуч келаётгани тўғрисида айтгани қайд этилган.

Августда яҳудийларнинг Тошкентдаги синагогаси бузилиш хавфи остида қолгани, синагога турган жойга кўз тиккан уй қурувчи ташкилот билан бўлган баҳс жамоатчилик аралашувидан сўнг, иш судда кўрилгани ва масала диндорлар фойдасига ҳал бўлгани тўғрисида ОАВ хабар қилган эди.

Насронийлар етакчиларининг сўзларига қараганда, уларнинг кўплаб диндошлари, шу жумладан "Иегова гувоҳлари" рухсат берилган жойдан 1000 чақирим узоқликда қолган ва натижада хусусий хонадонлардаги “уй черковлари”да ибодат қилишга мажбур бўлган. Бундай фаолият қонундан ташқари бўлгани учун улар ИИБ ходимларининг таъқиби ва тазйиқининг потенциал нишонига айланган.

Ҳисоботда олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, ўтган йили Ўзбекистонда диний маросимлар маъмурлар томонидан суратга ёки видеога олингани тўғрисида жамоалар етакчиларидан хабар тушмагани қайд этилган. Ҳужжатда шунингдек, олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, ўтган йили католик черковида ўтказилган ибодатлар кузатилмагани қайд этилади.

Бошқа динлар билан боғлиқ "нохуш ҳолатлар"нинг камайганини Абдураҳмон Ташанов ҳам эътироф этади.

"Исломдан бошқа конфессияга мансуб диндорларни таъқиб қилиш тенденцияси ҳам пасайган. Аммо соҳага тааллуқли ҳуқуқий асосларни яратишда чекинишлар мавжуд. Ҳар ҳолда масжид, черков ва бутхоналарнинг ёпилиши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайган".

XS
SM
MD
LG