Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:48

"Ўзбекистон 24" телеканали ўз бошловчисининг коронавирус юқтирганини рад қилди


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг биноси, 2019, 20 октябрь,
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг биноси, 2019, 20 октябрь,

"Ўзбекистон 24" телеканали раҳбарияти каналнинг таниқли бошловчиси коронавирус юқтиргани ҳақидаги хабарларни Озодликка рад қилди.

8 апрель куни телеканалнинг икки раҳбар ходими бошловчининг коронавирусга чалингани ҳақида ходимларга Telegram орқали жўнатган хатлари Озодлик тасарруфига келиб тушган эди.

Хатларда бошловчи коронавирусни юқтирганини билган ҳолда ишга келиб, ҳамкасблари ҳамда телеканал фаолиятини хавф остига қўйгани ҳақида маълум қилинган.

10 апрель куни канал муҳаррири Сарваржон Раҳимов, Озодлик саволларига жавобан, бугунга қадар каналнинг ҳеч бир ходимида коронавирус аниқланмаганини айтди.

"Ўзбекистон 24" телеканали кадрлар бўлимининг мутасаддиси ҳам телебошловчининг коронавирусга чалинганини инкор этди.

"Ўзбекистон 24" каналининг Озодлик суҳбатлашган бир қанча ходими эса телеканал раҳбариятини коронавирус ҳолатини жамоатчиликдан яшираётганликда айблади.

"Ўзбекистон 24" телеканалининг ўз хавфсизлиги туфайли исми ошкор этилмаслигини сўраган ходимининг Озодликка айтишича, канал бош маҳаррири ва айни пайтда канал раҳбари вазифасини бажараётган Ҳайдар Ҳасанов 8 апрель куни барча ходимларга Telegram гуруҳи орқали йўллаган хатида бошловчилардан бири коронавирус юқтиргани, шуни билган ҳолда ишга келиб, ҳамкасблари ҳамда телеканал фаолиятини хавф остига қўйгани ҳақида маълум қилган.

"Ўзбекистон 24" телеканали бош муҳаррири Ҳайдар Ҳасанов мактубидан парча.
"Ўзбекистон 24" телеканали бош муҳаррири Ҳайдар Ҳасанов мактубидан парча.

Телеканал ходимлари Озодликка жўнатган хат Telegram каналида Ҳайдар Ҳасанов номидан 8 апрель куни ёзилганини кўриш мумкин.

Шу хатда коронавирусни юқтирганини билатуриб ишга келган ва телеканалнинг узлуксиз фаолият юритишини хавф остига қўйган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ва унга тегишли ҳуқуқий чора кўрилиши айтилган.

"Ўзбекистон 24" телеканали муҳаррири Сарваржон Раҳимов 8 апрель куни Telegram гуруҳида қўли остидагиларга ёзган хатида ҳам телеканал ходимининг коронавирусга топширган тести ижобий (яъни касаллик мавжуд) чиққани ҳақда айтилган.

"Ўзбекистон 24" телеканали муҳаррири Сарваржон Раҳимовнинг 8 апрель куни ходимларга ёзган хатидан парча.
"Ўзбекистон 24" телеканали муҳаррири Сарваржон Раҳимовнинг 8 апрель куни ходимларга ёзган хатидан парча.

"Ноҳуш хабар!!! Ўзбекистон телерадиоси ходими (хатда бошловчининг исми ҳам келтирилган)нинг коронавирусга топширган тести ижобий натижани кўрсатган. Ўзингизни эҳтиёт қилинг", деб ёзилган хатда.

"Ўзбекистон 24" телеканали муҳаррири Сарваржон Раҳимов ҳам, телеканали кадрлар бўлимининг мутасаддиси ҳам телебошловчининг коронавирусга чалинганини Озодликка қатъий инкор этди.

Лекин, Раҳимов Telegram гуруҳида ходимларга ўзи ва бош муҳаррир ёзган хатларни Озодликка изоҳламади.

"Ўзбекистон 24" телеканалининг ўз хавфсизлиги туфайли исми ошкор этилмаслигини сўраган ходими ЎзМТРК раҳбарияти каналнинг карантинга ёпилишидан қўрқиб, бошловчининг коронавирус юқтиргани ҳолатини жамоатчиликдан яшираётган бўлишини айтди:

- ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев бу маълумот ҳеч жойда чиқмасин, деб қаттиқ топшириқ берган. Чунки ҳамма билса телеканал карантинга ёпилади. Куни кеча шу бошловчи ҳамма билан гаплашиб юрди, одамлардан интервьюлар олди. Ҳозир кўпчилик ишга келишга ҳам қўрқиб қолишган. Коронавирус юқтирганини у билан гаплашган, интервью олган одамлар билиши керак.

Каналнинг Озодлик суҳбатлашган бошқа бир ходими 8 апрелдан ЎзМТРК ҳудуди дезинфекция қилина бошлагани, ходимлар махсус автобусларда ишга ташилаётганини айтди.

- Студиялар кунига уч марталаб дезинфекция қилиняпти. Ўша бошловчи ким билан мулоқотда бўлган бўлса ҳаммаси карантинга жўнатилди, - деди "Ўзбекистон 24" телеканали​ ходими.

Озодлик коронавирусни юқтирган, деб иддао қилинаётган телебошловчининг уяли телефонига 10 апрель куни бир неча марта телефон қилди, лекин ҳеч ким кўтармади.

Ҳамкасбларининг айтишича, бошловчи 8 апрелдан буён ишга чиқмаяпти.

"Ўзбекистон 24" телеканали кадрлар бўлимининг мутасаддиси ҳам ЎзМТРК ҳудуди кунда дезинфекция қилинаётгани, шубҳали кўринган ходимлар карантинга жўнатилганини айтди.

Ўзбекистон бош прокуратураси расмий сайтида карантин ва чеклов тадбирларини бузганлик ва касаллик ҳақидаги маълумотларни яширганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги эслатиб ўтилади.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни 257-1-моддасида қайд этилган жиноятни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, яьни 54-моддасида қайд этилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати бўйича — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Бугунги кунда коронавирусдан огоҳлик шароитида беморнинг шахсий маълумотларини эълон қилиш масаласи ҳам турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Маълумки бемор розилигисиз унинг касаллиги ҳақида жамоатчиликка ошкор қилишга йўл қўйилмайди.

Бироқ баъзи мутахассислар, жумладан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари ҳам коронавирус каби юқумли касалликлар одамларга таҳдид солаётган бир пайтда жамоатчилик манфаати йўлида ҳар бил холат ошкор этиб борилиши лозим демоқда.

XS
SM
MD
LG