Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:07

Ўзбекистон мустақиллиги илк бор нишонланган "Наврўз" саройи Мирзиёев қарори билан бузилди


Бу бинода  1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингани ва 1992 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон конституцияси қабул қилингани илк бор тантанали нишонланган.
Бу бинода  1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингани ва 1992 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон конституцияси қабул қилингани илк бор тантанали нишонланган.

Жорий йилнинг 8 апрель тунда республика тарихидаги нуфузли тадбирлар ўтказиб келинган асосий маросим залларидан бири “Наврўз” ресторани – “Наврўз давлат қабуллар уйи” бузиб ташланди.

Бино бузилганидан кейин тармоқдаги эътирозларга жавобан Қурилиш вазирлиги “Бино пойдевори 27 смга қийшайгани" боис бузиб ташланланганини билдирди. Озодлик суҳбатлашган меъмор бундай қийшайиш дунëдаги деярли барча биноларда мавжудлиги ва бу бино бузиб ташланиши учун асосий сабаб бўла олмаслигини айтди.

Бинони бузиш жараëни
Бинони бузиш жараëни

Ўзбекистоннинг жорий президенти Шавкат Мирзиëев 2020 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги қурилишга оид лойиҳалар билан танишаркан, тарихий саналар шоҳиди бўлган «Наврўз» қабуллар уйи таъмирланиб, бу ерда корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида айтган эди.

Меъмор Абдумалик Турдиевга кўра, «Наврўз» комплекси 1980-йиллардаги юқори зилзилабардошлик коэффицентини кўзда тутган совет даври техник регламентлари, шаҳарсозлик талаблари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилган. Унинг тахминича, бинонинг тунда шаҳарликлардан яширинча бузилиши бино жойлашган жой жозибаси билан боғлиқ.

“Совет модерн маъморчилиги намунаси бўлган бу бинонинг бузилиши бошқарув волюнтаризми ва коррупцияга яққол мисолдир. Хўш, бинони бузар экансиз¸ унда нега 5 ой олдин 2020 йил декабрида катта маблағ сарфлаб таъмир қилинди? Мендаги маълумотларга кўра, декабр ойида “Наврўз” саройи ремонтига 20 миллиард сўмга яқин бюджет маблағи сарфланган. Ремонтни бино бузилганидан кейин пойдевори қийшиқ, деб хулоса берган Қурилиш вазири Зокировга алоқадор ширкат олиб борган.”

Шаҳар тарихидаги энг кўп бузилишлар жорий ҳоким даврида бўлган
Шаҳар тарихидаги энг кўп бузилишлар жорий ҳоким даврида бўлган

Ҳокимдан билдирги

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир кун ўтиб эълон қилган расмий изоҳида бино нима мақсадда ва нега бузилаётганини тушунтириб бера олмади.

Ҳокимият баёнотида қурилиш «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномаларида берилган топшириқлари асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ» бошланганлиги таъкидланади.

«Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, (Қайси қарор экани мавҳум-таҳр) Миллий боғ ҳудудида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси, янги Миллий драма театр биноси, машҳур япониялик архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида Давлат санъат музейининг намойишлари комплекси, ёш олимлар, ёшлар ва китоб ихлосмандларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган, илм-фан ва санъатнинг турли соҳаларига оид босма ва электрон даврий нашрларнинг улкан салоҳиятига эга бўлган ҳамда 1,5 миллион дона китоб фондини ўз ичига олган улкан кутубхона биноси қурилиш ишлари бошланди», дейилган ҳокимлик расмий баёнотида.

Озодлик бу хабар ортидан Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги билан боғланди. Вазирликнинг исми айтилмаслигини сўраган мулозими "қурилажак 5 бино тендерсиз "Трест-12" ширкатига топширилгани"ни билдирди.

"Ҳеч нарсани бузмаслик" фаласафаси

Меъмор Абдумалик Турдиев ўз сўзида давом этиб, 19 март куни меъморлик соҳасидаги энг катта мукофотни (Pritzker Architecture Prize) олган француз архитекторлари Анна Лакатон ва Жан-Филипп Вассаль фалсафасига эътибор қаратди:

“Бу икки меъмор “Ҳеч нарсани бузмайлик” деган ғояни илгари суради. Бу эса, бузиб ер ўрнини сотиш касалига мубтало бўлган Тошкент учун муҳим ўгит. “Дом кино”, “Баҳор ансамбли” ва мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора нега бузилганлигини бу мулозимлар илмий тушунтириб бера олмайди. "Трест-12" деган ҳукумат парваришидаги қурилиш ширкати тайëр нарсани бузиб, ўрнига бошқа бино қуриш билан шуғулланади. “Наврўз” қабуллар уйидан сал наридаги Навоий ҳайкалини катта пул эвазига буриб қўйган ширкат ҳам "Трест-12 бўлади”.

Тармоқлардаги салбий муносабат

Тармоқдаги етакчи блогерлар “Наврўз” саройи бузилишини қоралаб чиқди.

Блогер Отабек Бакиров ўзининг Телеграм-каналида «Бинони бузиб бўлиб, уни авариявий эди дейишдан осони йўқ» сарлавҳали пост эълон қилди.

Бакиров бинонинг яроқсиз ҳолга келиб қолганини исботловчи материаллар ва давлат комиссияси хулосаси нега тақдим этилмагани юзасидан вазирликка бир неча саволлар берди:

«Қурилиш вазирлигига кўра, «Наврўз» қабуллар уйи фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган экан, унинг пойдевори 27 смга силжиган эмиш.

Агар ҳақиқатан ҳам «Наврўз» авариявий ҳолатга тушган бўлса, унинг пойдевори силжиганини акс эттирадиган техник-муҳандислик ҳисоблар, фото ва видео материаллар, давлат комиссияси хулосаси қилингандир? Қани шу хулосалар? Нега тақдим этилмади?

Энг асосийси, «Наврўз»нинг авариявий экани ҳақида нега уни бузишдан аввал очиқ айтилмади? Бузиб бўлингач, қабуллар уйи авариявий эди, дейиш соғлом беморни ўлдириб қўйиб, ўзи оғир касал эди, дейиш билан баробар-ку», дея ёзади у.

Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, бино ўтган йилнинг ноябридан жорий йил февраль ойигача таъмирланган.

«Солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб маблағларини сарфладинглар? Таъмирлаш ишларини қайси компания бажарди? У кимнинг чап чўнтаги эди? 2 ойдан кейин авариявий деб айтиладиган объектни таъмирлашга ташаббус кўрсатган буюртмачи ким эди?

Қурилиш вазири жаноб Зокиров 19 ноябр куни «Наврўз»ни таъмирлаш бўйича давлат раҳбарига тақдим этилган презентация вақтида ўша ерда эди-ку.

Нега давлат раҳбарига ҳозир авариявий деб айтилаётган «Наврўз»ни таъмирлашга миллиардлаб маблағ талаб этиладиган лойиҳа кўрсатилаётганда эътироз билдирилмади? Шу эмасми аслида хиёнат?

Ҳар бир кунимиз цинизмдан иборат бўлиб қолди. Лекин бунақа намойишкорона цинизмни ҳали эшитмагандик. Ҳеч қурса уялсанглар бўларди. Халқдан, қоракўзлардан», дейилади постда.

2020 йил Мирзиëев мақуллаган лойиха. Бу лойиҳага кўра¸ "Наврўз" бузилмаслиги керак эди.
2020 йил Мирзиëев мақуллаган лойиха. Бу лойиҳага кўра¸ "Наврўз" бузилмаслиги керак эди.

Гулноранинг тўйи¸ Каримовнинг маъракаси ўтган "Бахт уйи"

1987 йили келин куëвлар учун “Бахт уйи” сифатида қурила бошланган бинога 1989 йилда “Наврўз” деб ном берилган эди. Бу бинода 1991 йилнинг 31 август куни Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингани ва 1992 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон конституцияси қабул қилингани тантанали нишонланган. 1992 йилда президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва Мансур Мақсудийнинг никоҳ тўйи ҳам шу бинода нишонланган. 2016 йилда Ислом Каримов ўлганида Тошкент жамоатчилиги учун маърака оши ҳам шу бинода берилган.

Ислом Каримов¸Темур Алимов¸ Исмоил Жўрабеков¸ Маркс Жуманиезов ва бошқалар. 1992 йилдаги сурат
Ислом Каримов¸Темур Алимов¸ Исмоил Жўрабеков¸ Маркс Жуманиезов ва бошқалар. 1992 йилдаги сурат

Бино ДК яъни давлат унитар корхонаси мақомида бўлган. 2018 йилда “Наврўз” ресторани – “Наврўз давлат қабуллар уйи” ДК директори лавозимида ишлаган Дилшод Тилляходжаев давлат мулкини катта миқдорда ўмариш ва растрата айби билан қўлга олинди.

2019 йилнинг апрелида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди бюджет маблағларини ўмарган 22 мулозим қаторида Дилшод Тилляходжаев ишини кўриб чиқди. “Наврўз” саройи раҳбари Жиноят кодексининг 184 (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 189 (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 209 (мансаб сохтакорлиги) моддаларида айбланиб, қамоқ жазосига маҳкум қилинганди.

Мирзиëев даврида тинмай бузилаëтган Тошкент

Тошкент шаҳар ҳокимияти ўтган ой мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан пойтахт марказидаги «Мовий гумбазлар» хиёбони ва шу номдаги тарихий кафе биноси бузилиб, ўрнида «Истиқлол» мажмуаси барпо этилишини эълон қилгани тошкентликларнинг эътирозига сабаб бўлган эди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил октябрида Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги қарийб 100 йиллик бинони бузиб, унинг ўрнини «Universal Packing Masters» («Murad Buildings» ширкати савдо белгиси ) бериш ҳақида қарор чиқарган.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўпайиб бораëтган тарихий биноларни бузиш ëки фасадларига қорайтирилган шиша қоплаб, асл тарзини ўзгартириш ҳолатлари санъатшунослар ташвишига сабаб бўлмоқда.

2019 йилда Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора бузиб ташланди. Тошкент тимсоли сифатида 52 йил отилиб турган фонтанни бузишда бевосита қатнашган мутасаддилардан бири унинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилганини айтган эди.

2016 йили ТошМИнинг Николай даврида ғиштдан қурилган эски биноси¸ Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети (ТДПУ) бош биносининг сирт қисми батамом бузиб ташланди.

2016 йил сентябрида генерал Жўрабек тарафидан 1897 йили қурилган ва “Жўрабек“ масжиди дея тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга киритилиб, асраб келинган масжид бутунлай бузилиб¸ ўрнида Ислом Каримов номидаги “алюкобонд масжид” қурилган эди.

XS
SM
MD
LG