Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:50

Қўшни давлат университетларидан Ўзбекистонга қайтган талабалар ўқишсиз қолганидан хавотирда (ВИДЕО)


Қарши давлат университетидаги қабул жараёни.
Қарши давлат университетидаги қабул жараёни.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг февраль ойидаги буйруғи асосида ўқишларини қўшни давлатлардан ўз юртига кўчириш учун ватанига қайтиб келган баъзи ўзбекистонлик талабалар ўқишга қабул билан боғлиқ муаммолар қаршисида қолган.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг олий ўқув юртларидаги ўқишини ташлаб ўз юртига қайтиб келган талабалар Озодлик билан суҳбатда ўз вилоятларидаги олийгоҳлар уларни ўқишга қабул қилмаётгани, оқибатда уч ой ўқишсиз қолиб кетганларини айтди.

Олий ўқув юртлари мутасаддиларига кўра, қайтиб келган талабаларни ўқишга қабул қилиш, уларнинг ҳужжатларини текшириш Ўзбекистон ва қўшни давлатлардаги коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли чўзилмоқда.

Шу йилнинг 7 февралидан Ўзбекистондаги олийгоҳлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалардан ўқишини кўчириш бўйича аризаларни қабул қила бошлаган эди.

Ҳужжатларни қабул қилиш 15 мартгача қабул қилиниши, ўқишни кўчиришда ҳеч қандай қўшимча талаблар ва синовлар ҳамда бюрократик муаммолар бўлмаслиги ваъда қилинган эди.

Ҳоразмлик Гулистон (исми талабанинг илтимосига кўра ўзгаририлди -таҳр.) Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги Мухтор Авезов номидаги университетга ўтган йили ўқишга кирган.

У аксарият ўзбекистонлик талабалар қатори Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи асосида ўқув йилининг ярмида Чимкентдаги ўқишини ташлаб, март ойида Урганч давлат университети Иқтисодиёт факультетига ҳужжат топширган, лекин ҳозиргача қабул қилинмаган.

- Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги университетга перовод бўлгандим, пулини ҳам тўлагандим. Энди айтишяпти "қабул қилолмаймиз" деб. Жой қолмабди. Уч ой олдин ҳукуматни қарорига ишониб Қозоғистондан отчислен бўганман, энди ўқишим нима бўлади? Ўқишни кўчирамиз, деб қайтанга ўқишсиз қолиб кетдик.

Таълим мутасаддиларига кўра¸ биргина Хоразм вилоятида Гулистон қатори мингдан зиёд талаба Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги ўқишини ташлаб келиб, Урганч давлат университети қабул комиссиясига топширган аризаларига жавоб кутмоқда.

10 июнь куни Озодликка юборилган видеода қўшни давлатлардан қайтиб келган ўнлаб талаба Урганчдаги университет ректори ёрдамчисини ўқишни кўчириш бўйича саволга тутаётганини кўриш мумкин.

Урганч Давлат университетида қўшни давлатлардан қайтиб келган талабалар қабул масаласини муҳокама қилмоқда.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:19 0:00

Университет ректори Баҳром Абдуллаев 11 июнь куни Озодлик билан суҳбатда ўқишни кўчирмоқчи бўлган мингдан зиёд талабанинг аризасиини кўриб чиқиш "баъзи сабабларга кўра" кечикаётганини айтди.

- Бизнинг университетимизга қўшни давлатларда ўқиган мингдан сал кўпроқ талаба ариза топширган. Биз ҳозир улар ўқиган олийгоҳларга запрос юборганмиз, улар ҳақиқатан ҳам ўқиганми, ўқиган бўлса қандай ўқиган, шуни сўраб, текширяпмиз. Лекин, шу запросимизга жавоб келиши кечикяпти. Буни устига коронавирус карантини. Қўшни давлатларда ҳам шу аҳвол. Лекин, ўқишида муаммо бўлмаган бўлса ҳаммаси сиртқи бўлимга ўқишга олинади. Жой йўқ, деган муаммо йўқ бизда, - деди ректор Абдуллаев.

"Карантин сабаб жараён чўзиляпти"

Озодликка келаëтган хабар ва шикоятлардан¸ Ўзбекистоннинг бошқа баъзи вилоятларидаги олийгоҳларда ҳам аҳволнинг айни экани кўрилади.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Қирғиз-Ўзбек университетида ўқиган Зоҳидхон (исми талабанинг илтимосига кўра ўзгартирилган) ҳам Жиззахга қайтганидан кейин Жиззах давлат педагогика институтига қабул қилинмаётганини айтади.

- Мен Ўшда кундузгида ўқиганман. Лекин, булар кундузгида жой йўқ, сиртдан ўқишга оламиз дейишганди. Ҳозир учинчи ой бўляпти, ҳалигача шу заочнийга ҳам ўқишга қабул қилинганим йўқ. Жавоб, "ҳужжатларингни текширяпмиз". Лекин бошида ҳеч қандай муаммосиз қабул қиламиз, деб ваъда беришганди, - дейди жиззахлик талаба.

Жиззах педагогика институтининг қўшни давлатлардаги олий ўқув юртларидан қайтадиганларни қабул қилиш билан шуғулланадиган ишчи гуруҳ ходими 15 мартгача 1500 га яқин талабадан ҳужжат қабул қилингани, уларнинг ҳеч бири кўчада қолмаслигини айтди.

- Ҳозир коронавирус билан боғлиқ карантин сабаб жараён чўзиляпти. Талабаларни ўқиган мутахассислиги бўйича кўриб чиқяпмиз. Бир ярим минггга яқин талаба топширган бизга. Агар мутахассислиги тўғри келмаса¸ бошқа ўқув юртига тавсия қиламиз. Ҳеч бир талаба кўчада қолмайди. Жуда бўлмаса сиртқи ва кечки бўлимларга қабул қилинади, - деди Жиззах институти ходими.

Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирининг февралда чиқарган буйруғида, қўшни давлат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишларини ўз юртига кўчириш муддати 15 феврал деб белгиланган эди.

Кейин бу муддат 15 мартгача узайтирилди ва талабаларнинг ўқишларини кўчириш учун қўшимча имтиҳон топширмаслиги айтилди.

Қўшни давлатларда таҳсил олган ўзбекистонлик талабалар ўқишини ўз юртига кўчиришлари учун ўқиган жойидан транскрипт, яъни биринчи ўқув йилида топширган имтиҳонлари ҳақида муҳрланган қоғоз, ариза ва паспортининг нусхасини Ўзбекистон олий ўқув юртларига тақдим этишлари керак.

Урганч Давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев "қўшни давлатда ўқиб қайтдим" деб ҳужжат топширган баъзиларнинг умуман ўқимагани ҳолатлари ҳам қабул жараёнида аниқланганини айтади.

- Биттаси Қозоғистонда ўқидим, деб ҳужжат топширяпти, текшириб кўрсак¸ умуман ўқимаган. Шунинг учун текширяпмиз, транскриптлар ҳақиқийми. Ўқишга пулини тўлаб қўйиб, умуман ўқишга бормаганлар бор. Аксинча ўқиш пулини тўлолмай, транскрипт ҳужжатларини ололмаётганлар бор. Чунки ўқиш пулини охиригача тўламаса¸ ҳужжатларини бермайди. Яна бир марта айтаман, ҳужжатлари ҳақиқий бўлган талабаларни ҳаммаси ўқишга олинади, - деди Баҳром Абдуллаев.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига 2019-2020 ўқув йили учун 80 430 талаба қабул қилинган.

Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг олий ўқув юртларида эса Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус вазирлигига кўра, февраль ойига қадар 35 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олган.

Қўшни давлатлардан қанча талаба қайтгани ва Ўзбекистондаги олийгоҳларга ўтказиш учун қанчаси ҳужжат топширгани, қайтган талабалар учун олийгоҳларда ўринлар етарлими¸ деган саволларга Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлигидан маълумот олиш имкони бўлмади.

Урганч Давлат университети ректори Баҳром Абдуллаев эса бу саволга: "Бизда муаммо йўқ, жой етарли, ўқитувчилар ҳам", - деб жавоб қилди.

XS
SM
MD
LG