Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистон Қозоғистонга сув бериш ҳажмини кўпайтирди
Ўзбекистон Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Мактаарал ва Жетисой тумани фермерларига сув бериш ҳажимини секундига 10 кубометрга кўпайтиришга рози бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги маълум қилди.
Расман билдирилишича, 19 июль куни Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Мирзагалиев Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ҳамроев билан Тошкентда учрашган. Учрашув натижасида Ўзбекистон Сирдарёнинг қуйи оқимидан “Дўстлик” канали орқали Қозоғистонга секундига 90 кубометр сув чиқаришга розилик билдирган.
Шу кунгача Ўзбекистон Қозоғистонга секундига 80 кубометр сув чиқараётган эди.
Ўзбекистон томони бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзида қурғоқчилик кузатилмоқда. Ҳукумат жорий йил 24 февраль куни Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселекторда бу йил сув 25 фоизга кам бўлишини эълон қилган ва бунга қарши чоралар кўришга ваъда қилган.
Аммо сўнгги пайтларда Ўзбекистонда сув талашган деҳқон ва фермерлар бир-бирининг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Сўнгги бир ой ичида сув устидаги жанжал ўлим билан тугаган иккита ҳолат Озодликка маълум.
Кун янгиликлари
Навоийда 33 ёшли эркак ўлдирилиб дарёга улоқтирилди
Навоий вилояти Кармана тумани Катта мачит маҳалласида яшовчи эркак қотиллик қурбони бўлди.
Kun.uz нашри мухбири билан суҳбатлашган марҳумнинг яқинларига кўра, 1991 йилда туғилган Д.К. Навоий – Тошкент йўналишида қатнайдиган автобусда йўловчиларни йўналтирувчи (посадчик) бўлиб ишлаган.
30 ноябрга ўтар кечаси ишдан уйига келган Д.К. турмуш ўртоғини бошқа эркак билан кўрган.
Тахминларга кўра, ўша тун эрининг уйга қайтишини кутмаган аёл ва унинг таниши вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида қотилликка қўл урган. Гумондорларнинг бири эркакнинг оғзини ёпиб турган, иккинчиси ип билан бўйнидан бўғиб ўлдирган. Икковлон жиноятни яшириш учун жасадни Зарафшон дарёсига улоқтирган.
Сўнгра аёл ИИБга турмуш ўртоғи йўқолиб қолгани ҳақида хабар берган.
Қидирув-суриштирув жараёнида жиноятда гумонланиб қамоққа олинган аёл ва унинг хуштори Д.К.ни ўлдириб, дарёга ташлаб юборганларини тан олишган.
Гумондорларнинг кўрсатмаси асосида Зарафшон дарёсидан марҳумнинг мурдаси изланаётгани, аммо совуқ об-ҳаво қидирувга тўсқинлик қилаётгани айтилмоқда.
Фарзанд туғилганда отага ҳам таътил бериш таклиф этилмоқда
Ўзбекистонда ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганда турмуш ўртоғига ёрдам бериш ва бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ана шу меъёр таклиф этилган.
ЎзА хабарига кўра, миллий қонунчиликда бундай таътил назарда тутилмагани сабабли эркаклар касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғун тарзда амалга оширишга қийналган ёки ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлган.
Депутат Нодир Тилаволдиев қайдича, бир ой ичида беш кунлик таътил мобайнида эркакнинг маоши сақланиб қолади.
Янги лойиҳа орқали меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш, тазйиқ ва зўравонликни тақиқлаш принциплари такомиллаштирилмоқда.
Бундан ташқари, оилавий зўравонликдан жабрланган шахсларнинг эҳтиёжманд тоифага киритилиши ва уларни ишга жойлаштириш бўйича давлат томонидан қўшимча кафолатлар берилиши белгиланмоқда.
Қуйи палата матбуот хизмати муҳокама жараёнида қонун лойиҳасидаги айрим нормалар эътирозларга сабаб бўлгани, уларни сайловчилар ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш тавсия этилганини билдирган.
Тошкент ва Кобул электр олди-сотдисини давом эттиради
Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон билан электр энергияси импорти бўйича келишув муддатини 2025 йил охиригача узайтирди.
Kun.uz хабарига кўра, битим Ўзбекистонда DABS бош директори Абдулборий Умар ва “Ўзэнергосотиш” АЖ бошқаруви раиси Жаҳонгир Обиджонов томонидан имзоланган.
Таъминотнинг ҳажми, нархи, шунингдек, келишувга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
Афғонистонни уч йилдан бери идора этиб келаётган “Толибон” ҳукумати ноябрь ойи охирида Тожикистон билан, декабрь бошида эса Туркманистон билан электр энергияси бўйича келишувга эришганди.
Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги таҳлилларига кўра, мамлакатнинг электр энергиясига бўлган талаби 1500 МВтни ташкил қилади. Шундан 720 МВтга яқини импорт қилинса, қолгани мамлакатда ишлаб чиқарилади.
Ўзбекистонда энергобўҳрон кузатилган вақтларда қўшни мамлакатга электр энергияси етказиб беришда узилишлар кузатилган.
Ўз навбатида, расмий Кобул турли важларга кўра электр энергияси учун тўловларни амалга оширишда кечикишларга йўл қўйгани маълум.
Сенат кейинги йил учун давлат бюджетини маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг 18 декабрь кунги ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Сенат матбуот хизмати ахборотига кўра, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431 триллион сўм, харажатлар эса 480,5 триллион сўм миқдорида шакллантирилган. Шу тариқа бюджетда 49,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорида тақчиллик бўлиши кутилмоқда.
Бюджет даромадлари 308,5 триллион сўмни, харажатлари эса 344,8 триллион сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) 66,4 триллион сўм ва 62,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Келгуси йилда ижтимоий соҳага 177,7 триллион сўм, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига 3,6 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 41,3 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган.
Бюджетнома муҳокамасида Сенат раиси Танзила Норбоева маблағлар мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлашда парламент ҳамда маҳаллий кенгашлар фаол бўлиши, масъулиятни ҳис этиши кераклигини таъкидлаган.
Озодлик аввалроқ 2025 йилда Ўзбекистондаги 18 та вазирлик давлат ғазнасидан жами 195 триллион сўмдан кўпроқ маблағ олиши ҳақида хабар қилган эди.
Кейинги йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми эса 5,5 миллиард доллар миқдорида бўлади.
Ўзбекистон юборган 18,5 тонна помидор Россияга киритилмади
Россия ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) минтақалараро бошқармаси Нижний Новгород вилоятига Ўзбекистондан юборилган 18,5 тонна помидор партиясини олиб киришга рухсат бермади.
“Коммерсант” нашри хабарига кўра, назорат идораси ушбу тақиққа асос ўлароқ помидорлар жигарранг бужмайиш вируси (ТоBRFV) билан касалланганини кўрсатган.
Бу ҳол лаборатория текширувида аниқлангани айтилган.
Россельхознадзор касалланган маҳсулотлар эгаси томонидан зарарсизлантирилиши, йўқ қилиниши ёки Ўзбекистонга қайтарилиши талабини қўйган.
ToBRFV вируси баргларда мозаика ва деформацияга, меваларда жигарранг ажинлар пайдо бўлишига олиб келади. Вирус юққан сабзавотлар яроқсиз ҳолга келади.
Россельхознадзор аввал ҳам вирус топилди деган иддао билан Ўзбекистондан йўлланган помидорга тақиқ қўйгани маълум.
Таҳлилчилар Россия геосиёсий мақсадлар важидан ҳам Марказий Осиё озиқ-овқат маҳсулотларига тақиқ қўяди, деган фикрдалар.
Архитектура ёдгорлигига зарар берган масъул жазоланди
Тошкент давлат юридик университетининг масъул ходими маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш талабларини бузгани сабаб жазоланди.
Айни пайтда юридик университет тасарруф этаётган пойтахтнинг Сайилгоҳ кўчасидаги собиқ Аёллар ва эркаклар гимназияси (ХIX аср) архитектура ёдгорлиги сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур меъморий ёдгорликнинг эшиклари ўзбошимчалик билан, тегишли рухсат олинмай алмаштирилган.
Шу сабаб суднинг жорий йил 2 декабридаги қарори билан бинодан фойдаланувчи университет мулозими жаримага тортилган.
Маълум бўлишича, юридик университет маъмурияти 2022 йилда ҳам айни шу айблов билан жазоланган.
Маҳаллий фаоллар масъул идораларни муҳофазага олинган меъморий ёдгорликларни сақлашга жиддийроқ эътибор қаратишга ундаб келади.
Озодлик Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройи таъмирида қадимий нақшларни вайрон қилган реставрация гуруҳи устидан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилган эди. Туризм вазирлиги Ситораи Моҳи Хосса реставрациясини “миллий фалокат” деб атаганди.
Аввалроқ ЮНЕСКО Бухоронинг тарихий ҳудудида бузиш ва қуриш ишларига эътироз билдирганди.
Маҳкумларга масофавий видеоучрашув ҳуқуқи берилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 декабрдаги мажлисида озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг масофали видеоучрашувга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун ташаббускорлари фикрича, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларга масофали видеоучрашув ҳуқуқи берилиши уларнинг яқинари билан доимий алоқани таъминлаш, оилавий муносабатларини сақлаб қолиш ва тузалиш йўлига ўтишига кўмаклашади.
Масофадан ташкил этиладиган видеоучрашув маҳкумларнинг қариндошларини йўлкира харажатларидан озод қилиши ҳам айтилмоқда.
Видеоучрашув сони жазони ўташ тартиботига қараб белгиланади. Масалан, манзил-колониялар ҳамда тарбия колонияларидаги маҳкумларга йил мобайнида йигирма тўртта масофали видеоучрашув ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Маҳаллий матбуот 2021 йилда жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан видеоконференц усулида қисқа муддатли учрашувлар ўтказишга рухсат берилиши ҳақида хабар берганди. Жумладан, Daryo.uz нашри Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими Жамшид Султоновга иқтибосан маҳкумлар ва уларнинг яқинлари ўртасидаги видеоконференц усулидаги учрашув 15 дақиқагача давом этиши, алоқа хизмати учун 5300 сўм ҳақ олинишини ёзганди.
Маълумот ўрнида: 2025 йил 1 январидан эътиборан Ўзбекистонда уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш мақсадида электрон браслетдан фойдаланилиши белгиланган.
Электромобилларни қувватлаш шохобчалари ҳам тармоқдан узиляпти
Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш учун ўрнатилган станцияларни электр тармоғидан узиш бошланди.
Kun.uz нашрига мамлакатнинг турли ҳудудларидан мурожаат қилган ҳайдовчилар кўплаб қувватлаш шохобчалари ишламаётгани, ишлаётганида ҳам соатлаб навбатда туришга тўғри келаётганидан шикоят қилган.
“Ҳудудий электр таъминотидан келишиб, ҳеч қандай сабабсиз станцияларимизни ўчириб ташлашяпти. Нима сабабдан ўчиряпсан, бу трансформатор қонуний ёқилган, деяпмиз. Улар эса “тепадан шундай буйруқ бўлди” дейишяпти. Бошқа ҳеч қандай гап йўқ. Рақобатчи компаниялар билан ҳам худди шундай бўляпти, битта бизда эмас”, деган қувватлаш станцияларига эгалик қилувчи йирик компания вакили.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати электромобилларни зарядлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ берилгани ҳақидаги хабарни рад этган.
“Таъкидлаш керакки, айни пайтда мамлакатимизда генерация, яъни электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси эса ўз эҳтиёжимизни тўлиқ қоплашга етади”, дейилган баёнотда.
Бу борада муаммога дуч келган тадбиркорлик субъектларига Энергетика вазирлигининг +99871-231-16-61 (ички 7037, 7046 ва 7057) рақамли “ишонч телефонлари”га мурожаат қилиш тавсия этилган.
Шу йил 9 декабридан Ўзбекистонда истеъмол юқори бўлган ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига чеклов киритилган.
Энергетика вазирлигининг узлуксиз таъминот ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳали ҳаво ҳарорати манфий даражага тушмаган кунлардаёқ пойтахтдаги ишлаб чиқариш корхоналарини газдан узиш бошланган.
Россиядаги автоаварияда яна беш ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Россия Федерациясининг Ульяновск вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ҳодиса 17 декабрь тонгги соат 05:10 ларда Ульяновск вилоятидан ўтадиган Саранск – Сурское – Ульяновск йўналишидаги Р-178 федерал трассасининг 209 километрида рўй берганини маълум қилган.
Уляновск вилояти ички ишлар идораси ёйинлаган маълумотга кўра, ўзбекистонликлар кетаётган Cobalt автомобили қарама-қарши томонга чиқиб кетган ва MAZ юк машинаси билан тўқнашган.
Автоавария оқибатида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси (49 ёшли К.С., 47 ёшли А.А. ва Б.О., 36 ёшли Ж.И. ҳамда 20 ёшли К.А.) ҳалок бўлган. Юк машинаси ҳайдовчиси шифохонага ётқизилган.
Консуллик ҳолат назоратига олиниб, ваколатли органлар билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётгани, ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилаётганини билдирган.
Таҳлилларга кўра, Россияда рўй берадиган ЙТҲларда ҳар йили ўнлаб ўзбекистонлик нобуд бўлади. Жумладан, жорий йил 10 ноябрь куни Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги ЙТҲда 3 йўловчи ҳалок бўлган.
Озодлик 1 сентябрь куни Нижегород вилояти ҳудудида содир бўлган авария чоғида 7 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Чиқинди қарзи учун электр тўловини чеклаш таклиф этилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қаттиқ чиқинди хизматидан қарздорларнинг электр энергияси учун тўловини чеклашга доир қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.
Қуйи палата матбуот хизмати ахборотига кўра, фракция миқёсида кўриб чиқилаётган лойиҳада чиқинди тўловидан қарздорларни SMS орқали хабардор қилиб бориш, огоҳлантиришдан кейин ҳам тўлов амалга оширилмаса, электр энергияси учун тўловни қабул қилишни вақтинчалик чеклаш назарда тутилган.
Расмий статистикага қараганда, ҳозирда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик 596 миллиард сўмни ташкил этади. Бу рақам йил бошига қараганда 115 миллиард сўмга ортган.
Қарзни ундириш тўғрисидаги аризаларни судларга киритиш бўйича Экология вазирлигининг ҳудудий органларига юкланган вазифа ҳам амалиётда ўз самарасини бермагани айтилмоқда.
Маҳаллий фаоллар мамлакатда энергобўҳрон кузатилаётган пайтда парламентнинг таъминотдаги узилишларни эмас, балки тўлов масаласини муҳокама қилаётганини танқид қилган.
Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров чиқинди тўловларининг ўзи барқарор бўлмаган электр таъминотига боғланишини “жуда баҳсли” деб ҳисоблайди.
“Барака топгурлар, ҳечқурса аввал электр таъминоти узлуксизлигини барқарорлаштириб олинглар, кейин чиқинди тўловини боғлаш ҳақида ўйланглар. Яъни аввал замонамиз қаҳрамони вазир Мирзамаҳмудовни чақиринглар-чи, сўранглар, қачон электр таъминоти узлуксиз ва барқарор бўлади?” дея депутатларга эътироз билдирган О.Бакиров.
Коррупция оқибатида давлатга 1,4 триллион сўм зарар етказилган
Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида 2023 йилда давлат манфаатларига 1,4 триллион сўм миқдорида зарар етказилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилган 2023 йил учун “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза”да сўз боради.
Давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон (243 миллиард сўм), Наманган (194 миллиард сўм), Қашқадарё (143 миллиард сўм) ва Тошкент вилоятларига (132 миллиард сўм) тўғри келган.
Миллий маърузада қайд этилишича, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан 6535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 1299 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 2721 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1076 нафарига озодликни чеклаш, 982 нафарига жарима, 21 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 7 нафарига эса муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2023 йилда 1146 нафар аввал судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам айнан коррупциявий жиноят учун маҳкамага тортилган.
Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилганинибилдирганди.
Озодлик бир муддат олдин коррупцияга қарши кураш манзарасида юзлаб коррупционер ишга тикланганига эътибор қаратган эди.
Ўзбекистон Фанлар академиясига янги президент сайланди
Таниқли математик Шавкат Аюпов Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти этиб сайланган. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Академиянинг 16 декабрь куни бўлиб ўтган умумий мажлиси қатнашчилари ана шундай қарорга келинган.
Ўзбекистон президенти шу кунги фармони билан мазкур тайинловни тасдиқлаган.
72 ёшли Шавкат Аюпов бунга қадар Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти директори вазифасида ишлаб келган.
Жорий йил ноябрь ойидаги сайловда Тошкент шаҳридан Олий Мажлис Сенати аъзолигига ҳам сайланган.
Физика-математика фанлари доктори, академик Ш. Аюпов 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, 2017 йилда I даражали давлат мукофоти, 2021 йилда эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
Айни пайтда Фанлар академиясининг расмий сайтида маълумотлар янгиланмагани, жумладан, президент лавозими вакант ҳолда турганини кўриш мумкин.
Озодлик жорий йилнинг 28 август куни Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев 79 ёшида вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.
Тошкент вилоятида эркак ва аёл заҳарланиш оқибатида вафот этди
Жорий йилнинг 15 декабрь куни Тошкент вилояти Пискент туманида эркак ва аёл номаълум моддадан заҳарланиб вафот этди.
Qalampir.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, Пискент тумани Бирлик маҳалласида бирга яшаб келган жуфтлик (29 ёшли Р.Д. ва 27 ёшли А.С.) ўз хонадонида вафот этган.
Ҳодиса юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, дастлабки маълумотномада эркак ва аёлнинг ўлимига сабаб ўлароқ номаълум модда билан заҳарланиш, ички аъзоларнинг веноз тўлақонлиги, мия ва ўпка шишиши кўрсатилган.
Пискент тумани прокуратураси ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётгани билдирилган.
Ижтимоий тармоқларда эса яқиндагина тўйи бўлиб ўтган келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар тарқалганди.
Совуқ кунлар тушиши билан мамлакат бўйлаб ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади. Жумладан, 18 ноябрь куни Наманган вилояти Поп туманида яшаган 36 ёшли А.Б., унинг 14 ёшли ўғли ва 10 ёшли қизи яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этган.
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти мулозимига кўра, 2024 йил бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Оқибатда 82 нафар одам қурбон бўлган, 80 дан зиёд киши турли даражада тан жароҳати олган.
Иқтисодий тизимдаги уч юз раҳбар ишдан олинди
Ўзбекистон иқтисодий комплекси тизимида ишлаб келган 297 нафар раҳбар сусткашлиги ва масъулиятсизлиги сабаб лавозимидан бўшатилди.
Бу ҳақда 16 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.
Расмий хабарномага кўра, йиғилишда айрим раҳбарлар “бу вақтинча, бир-икки йилда ўтиб кетади” деган кайфиятда юрганига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Ишдан кетказилган масъуллар ўрнига “замонавий фикрлайдиган, янги тажриба яратиб, одамларимизни рози қиламан деган ташаббускор ёшлар” тайинлангани билдирилган.
“Қатъий огоҳлантираман – маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди. Ҳамма ўзгариши керак. Кўриб турибсизлар, ҳар дақиқа дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазият қийинлашиб, янги-янги таҳдидлар пайдо бўлаяпти. Уларга бугун жавоб топмасак, кейин кеч бўлади”, деган Мирзиёев.
Иқтисодий тизимдан ишдан бўшатилган раҳбарлар кимлар экани, қандай мақомда фаолият юритгани очиқланмаган.
Президент матбуот хизмати қайдича, 2025 йилда мамлакат бўйича 5 миллиондан зиёд аҳолини даромадли қилиш, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. Мирзиёев бу мақсадга эришиш учун ҳудудларнинг иқтисодий сектор раҳбарлари “ўз онгини ўзгартириши, иш тизими ва ёндашувларини тубдан қайта кўриб чиқиши зарурлиги”ни уқтирган.
Жанубий Кореяда иш жойидан қочган ўзбекистонликларнинг кафиллари жаримага тортилмоқда
Жорий йилнинг ўтган даврида Жанубий Кореядаги иш жойини сабабсиз ташлаб кетган қарийб 80 нафар ўзбекистонликнинг кафилларидан давлатга 2 миллиард 35 миллион сўм жарима ундирилди.
Жанубий Кореядаги ватандошларни қатъий огоҳлантирган Ўзбекистон Миграция агентлиги меҳнат муҳожирларини ўз кафилларини “кафансиз қолдирмаслик”ка чақирган.
Агентлик матбуот хизматига кўра, охирги вақтларда Корея Республикасига вақтинча ишлаш учун борган Ўзбекистон фуқаролари орасида ўз иш жойини сабабсиз ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда ва бу мамлакатга ажратиладиган ишчи квоталар сонига жиддий таъсир кўрсатяпти.
Миграция агентлиги жорий этган тартибга мувофиқ, Кореяга ишлаш учун бораётган ҳар бир ўзбекистонлик уч томонлама шартномага имзо чекади. Ҳужжатда меҳнат муҳожири Жанубий Кореядаги иш жойини сабабсиз ташлаб кетса, уни кафилликка олаётган шахс, яъни яқин қариндошидан нолегал юрган ҳар бир ой учун 2000 доллардан жарима ундирилишига розилик беради.
Озодлик аввалроқ Жанубий Кореяда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар учун “яшил йўлак” орқали чиқиб кетиш муддати 2025 йилнинг 31 январигача узайтирилгани ҳақида хабар қилган эди.
Ўзбекистон миграция идорасига кўра, Жанубий Кореяда 92 минг нафар ўзбекистонлик қонуний, 9000 нафари эса ноқонуний тарзда яшаб келмоқда.
Озодлик журналистларининг корейс заминида юрган ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фильмини қуйида томоша қилишингиз мумкин: