Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:36

Президент маслаҳатчиси Жиззах "бюджетчилар"ини ëппасига Пахтакордаги "Обод қишлоқ"қа чиқаришни буюрди


Жиззах вилоятида банк ходимларидан тортиб ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларигача Пахтакор туманига “Обод кишлоқ” лойиҳаси доирасидаги ишларга сафарбар қилинди.
Жиззах вилоятида банк ходимларидан тортиб ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларигача Пахтакор туманига “Обод кишлоқ” лойиҳаси доирасидаги ишларга сафарбар қилинди.

Жиззах вилоятидаги банк ходимларидан тортиб то ҳуқуқ-тартибот органлари хизматчиларигача “Обод кишлоқ” дастури доирасида Пахтакор туманида бораëтган қурилишларга сафарбар қилинди.

Жиззах ҳокимиятидаги Озодлик манбасига кўра, оммавий сафарбарлик Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов буйруғи билан амалга оширилмоқда.

Озодлик гаплашган жиззахлик давлат хизматчилари Пахтакор туманига ўз ҳисобидан машина ёллаб, қора иш қилишга мос кийим кийиб бориш​ тайинлангани, келмаганлар ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилганини айтишди.

Пахтакор тумани ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими 7-8 июнь кунлари бутун вилоятдан барча бюджет ташкилотлари ходимлари Пахтакор туманига “Обод кишлоқ” лойиҳаси доирасидаги ишларга сафарбар қилинганини тасдиқлади.

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходимига кўра, 7-8 июнь кунлари вилоятдаги ҳар бир ташкилотда номига икки нафардан ходимни навбатчиликка қолдириб, бошқа ҳаммани Пахтакор туманига "ҳашар"га чиқаришга буйруқ берилган.

Жиззах ҳокимиятидаги Озодлик манбасига кўра, оммавий сафарбарлик Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов буйруғи билан амалга оширилган. ​

"Кеча¸ 6 июнь куни Турсунхон Худойберганов бошчилигида йиғилиш бўлди. Шу йиғилишда вилоятдаги барча ташкилотларни Жиззах вилояти Пахтакор туманида "Обод қишлоқ" дастури учун оммавий ҳашарга жалб қилишга буйруқ берди", - деб билдирди ҳокимлик мулозими.

"Ҳашарчилар"¸ уларнинг ўзларига кўра¸ "Обод қишлоқ" дастури доирасида туман марказида намунали коттежлар қурилиши, аҳоли уйлари ва шу уйларга ёндош ҳудудларни ободонлаштириш ишларига жалб этилган.

"Тупроқ ташиш, ғишт отиш, бетон қориш, кўчаларни тозалаш, хуллас нима иш бўлса¸ шуни қиласизлар¸ дейилди. Пахтакор тумани марказидаги обод қишлоқ дастурига тушган махалла ва кўчалар ташкилотларга бўлиб берилди", - деди бу маълумотни тасдиқлаган ҳокимлик мулозими.

Пахтакор тумани ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими¸ "ишчиларнинг ҳашарга кўнгилли тарзда чиқаëтгани"ни иддао қилди.

"Бугундан 7-8 июнь оммавий ҳашар, бутун вилоят бўйича, ҳамма ташкилотларга айтилган. Ҳамма ўзлари келади, мажбурий эмас бу", - деди ҳокимлик мулозими.

Озодлик билан суҳбатда бўлган жиззахлик бюджет ташкилотлари ходимлари эса ўз вазифаларига кирмайдиган ишларга мажбурланаётганликларидан норози эканликларини айтишди.

Ҳаммани Пахтакор туманида бирма-бир рўйхат асосида йўқлама қилаяпти, келмаганларга ишида муаммо бўлади¸ дейишди. Текин ишчи кучи қилиб ишлатишаяпти”, - дейди исми сир қолишини истаган жиззахлик маданият соҳаси ходими.

Жиззахнинг Дўстлик туманидан бўлган банк ходими эса¸ ҳашарчиларга транспорт ташкил этилмагани сабаб¸ ўзи йўл кира қилиб Пахтакор туманига боришга мажбур бўлганини айтди.

"Ҳатто обед вақти сув ва егулик ҳам беришмаяпти. Мен 30 километр йўл босиб келдим. Ҳашарга келиб кетаётганлар кўпчилиги ўзининг ёнидан йўлкира қилиб¸ обедни ҳам ўзлари амаллашяпти", - дейди банк ходими.

Пахтакор тумани Халқ таълими бўлими ишчиси Озодликка сурункали тарзда ободонлаштириш ишларига мажбурланаëтганига қарамай, ҳеч ким норозилик билдиришга ботина олмаëтганини айтади.

"Чунки ишдан ҳайдайди. Ҳокимиятдагилар бизга текин ишчи сифатида қарашга ўрганиб қолган. "Обод қишлоқ" учун давлат пул ажратади, улар бизни текинга ишлатишади, қани адолат?", - дейди у.

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани 1967 йилда чўл ҳудудда ташкил этилган.

Жиззах вилояти расмий сайтида ёзилишича, ҳозирги кунда ушбу туманда 73 мингга яқин одам яшайди.

Пахтакор тумани ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича, “Обод қишлоқ” дастури доирасида туман аҳоли пунктлари меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш кўзда тутилган.

"Туман қиёфаси тубдан ўзгаради. Шарoф Рашидов кўчасидан ўтувчи ариқдан тортиб ҳар бир уй реконструкция қилинади. 23 та янги коттеж ҳам қурилади. Туман тиббиёт бирлашмаси қайта ремонт қилинади, 78та бино қайта таъмирланади. Бу кўламли ишларга туманда ишчи камлик қилади", - деди Пахтакор тумани ҳокимлигининг Озодлик гаплашган мулозими.

Айни пайтда ҳокимлик мулозими бундай кенг кўламли ҳашарнинг фақат 7-8 июнь кунлари билан чекланиб қолмаслигини қўшимча қилди.

"Ҳозирча 7-8 июнь кунлари деб айтилди. Яна куч лозим кўрилса¸ яна ўтказилиши мумкин", - деди Пахтакор тумани ҳокимлиги расмийси.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил июнидаги фармонида ушбу дастур республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари, маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари, тармоқ корхоналарининг маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар ҳисобидан молияланиши таъкидланган.

Ўтган ҳафта Андижондаги барча бюджет ташкилоти ходимлари Марҳамат туманига "Обод туман" лойиҳаси бўйича ишларга сафарбар қилингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистонда "Обод маҳалла", "Обод қишлоқ", "Обод туман" ҳукумат дастурларини амалга ошириш ва иншоотлар қуриш учун бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этилгани ва пул йиғилгани илгари ҳам кузатилган.

Кўчаларни тозалаш ва бошқа “жамоатчилик” ишлари, жумладан, супуриш, кўча бўйи ва истироҳат боғларига гул экиш ва уларни чопиқ қилиш, ариқ ва зовурларни тозалаш Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг пахта теримидан кейинги энг кенг тарқалган кўринишларидан ҳисобланади.

Гарчи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилган эса-да, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида Озодликка тез-тез шикоят хатлари келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG