Сурхондарё вилоятида ички ишлар органлари ходимлари Сариосиё туманидаги Шарғун шаҳарчасини обод қилиш лойиҳаси доирасидаги ишларга сафарбар қилинди.
Озодликка боғланган милиция ходимларининг айтишича, дарахтларни оқлаш, уйларни таъмирлаш каби ободонлаштириш ишларини бажариш учун бутун вилоятдан юзлаб ички ишлар ходимларидан отрядлар тузилган.
Вилоят ИИБ бошлиғининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шарғун шаҳарчасидаги қурилиш ишларига масьул этиб тайинланган.
Сариосиё туман Ички ишлар бўлимининг Озодлик боғланган навбатчиси ҳамкасблари Шарғун шаҳарчасини обод қилишга сафарбар этилганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда туман ИИБ бошлиғига боғланишни тавсия қилди.
Лекин, туман ва вилоят ИИБ бошлиқларидан изоҳ олиб бўлмади.
Сариосиё туман ИИБ ходимининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, ҳар бир отрядга алоҳида уйлар бириктирилиб, уларни таъмирлаш мажбурияти юкланган:
- Сафдордан тортиб участкавой, сержантлар, катта лейтенант, капитанлар ҳаммаси Шарғунда қурилишда ишлашяпти. Бўлимларда номига бир-икки навбатчи қолган, қолган ҳаммаси шу ерда, ғишт ташияпти. Кўчалар бўйидаги уй ва хўжаликлар бузиляпти, баьзи бинолар қайта қурилаяпти. ИИБ ходимларидан ташкил топган ҳар бир отрядга бинолар бўлиб берилган.
Озодликка боғланган милиция ходимларига кўра, Сурхондарё вилоят ИИБ бошқармаси ва туман бўлимидан юзлаб милиция ходимлари Шарғунга ишлашга жўнатилган.
- Битта тумандан эллик-олтмиш милиция ходими ишлаяпти. Денов, Шўрчи, Қумқўрғондан ҳам отряд келган. Термиздаги управлениядан ҳам келган. Эрталабдан наряд, кечқурун автобусларда уйларига қайтишади. Ҳозирча ўн кунга дейишди, лекин ундан ҳам кўп чўзилса керак, - дейди Сурхондарёлик милиция ходими.
Айрим туман ИИБ ходимларига ўрнига мардикор ёллаб чиқариш ҳам айтилган:
Ё ўзинг ишлайсан ё мардикор чиқарасан деб айтилди. Кунига 40-50 минг сўмдан тўлаб, қурилишда мардикор ишлатяпмиз. Шундоқ ҳам ойлик ҳаражатимиздан ошмайдиган маошимизга энди ишчи ишлатяпмиз.
- Ё ўзинг ишлайсан ё мардикор чиқарасан деб айтилди. Кунига 40-50 минг сўмдан тўлаб, қурилишда мардикор ишлатяпмиз. Шундоқ ҳам ойлик ҳаражатимиздан ошмайдиган маошимизга энди ишчи ишлатяпмиз. Бундан бўйин товлаган ходимни "ишдан бўшатиш" билан қўрқитишади. Бунақа бузиш ва қуришларга давлат пул ажратмайдими, нега энди ички ишлар ходимлари ўз вазифасини қўйиб бошқа ишларни қилишга мажбур? Ички ишлар ходимлари қачонгача ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларда ишлатилади?, - дейди Сурхондарё вилояти ИИБ тизимида ишловчи бошқа бир ходим.
Сариосиё тумани Ички ишлар бўлимининг Озодлик боғланган навбатчиси ҳамкасблари Шарғун шаҳарчасини обод қилишга сафарбар этилганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда туман ИИБ бошлиғига боғланишни тавсия қилди.
Сариосиё туман ИИБ бошлиғи эса Озодлик мухбири унинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини таништириши билан телефонни ўчириб қўйди.
Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармасидан ҳам ИИБ ходимларининг ўз вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурланаётгани ҳақидаги иддаолар юзасидан изоҳ олиб бўлмади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг апрел ойи оҳирида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчасини обод ва кўркам шаҳарга айлантириш, шаҳарчада тўртта беш қаватли жами 120 хонадонли янги уйлар қуриш бўйича топшириқлар берган эди.
Шарғун шаҳрини реконструкция қилиш лойиҳасида аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш кўзда тутилган.
"Обод маҳалла", "Обод қишлоқ", "Обод туман" ҳукумат дастурларини амалга ошириш ва иншоотлар қуриш учун Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам бюджет ташкилотлари ходимлари ишга жалб этилган.
Баъзи жойларда эса Ички ишлар, Прокуратура ходимларининг ҳам бундай ишларга сафарбар этилиши кузатилмоқда.
Ўтган ой Озодлик Қўқонда Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик ишлари доирасидаги ободончилик ишларига Фарғона вилояти ИИБ ходимлари сафарбар этилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Гарчи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилган эса-да, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида Озодликка тез-тез шикоят хатлари келишда давом этмоқда.