Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

Газ йўқлиги сабаб “Фарғонаазот” заводи тўхтаб қолди


"Фарғонаазот" заводининг ташқи кўриниши
"Фарғонаазот" заводининг ташқи кўриниши

Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланган “Фарғонаазот” очиқ акциядорлик жамияти корхонаси фаолияти табиий газ миқдори камайгани туфайли​ қисман тўхтаган.

Озодликка бу ҳақда маълум қилган корхона ишчиларининг айтишича, корхонанинг асосий объекти ҳисобланган аммиак ишлаб чиқариш цехи декабрь ойи бошидан тўхтаб қолган.

"Аммиак бўлмаганидан кейин, селитра, карбамид ўғитларини ишлаб чиқариш ҳам тўхтаб қолган”, - деди исми очиқланмаслигини истаган завод ишчиси.

Заводда ишлаб чиқариш тўхтагани сабаб ишчилар ойликларини тўлиқ ололмаётганини айтишди.

"Ноябр учун ойликларни ярмини беришди. Декабр ойлигимиз ҳам шундай бўлади. Ўтган йили ҳам газ йўқлиги сабаб иш тўхтаб қолган, ойлик олмаган эдик", - деди завод ишчиси исмини очиқламаслик шарти билан.

Озодлик мухбири “Фарғонаазот” раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилди.

Қабулхона телефон гўшагини кўтарган ходим газ йўқлиги сабаб завод ишламаётганини тасдиқлади.

Аммо раҳбарият ҳозирда йўқлиги сабаб, бу масала хусусида гапиролмаслигини айтди.

Заводнинг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозими ойликлар билан боғлиқ муаммони инкор қилди. Лекин завод ишламаётгани сабабини изоҳлашни истамади.

Айни пайтда, Фарғона шаҳар ҳокимлигининг иқтисодий масалалар бўлими мутасаддиси, “Фарғонаазот” корхонаси ишламаётганидан хабари борлигини айтди.

Мутасадди буни техник муаммо дея изоҳлади.

- Уч-тўрт кун ичида муаммо ҳал бўлади. Ремонт кетаётгани учун ишламай турувди, - деди Фарғона шаҳар ҳокимлигининг иқтисодий масалалар бўлимининг ўзини таништирмаган мутасаддиси.

Лекин, Озодлик мухбири завод ишчилари газ йўқлиги сабаб корхонада ишлаб чиқариш тўхтаганини айтишяптику, дейиши билан ҳокимлик мутасаддиси телефон гўшагини қўйиб қўйди.

“Фарғонаазот” очиқ акциядорлик жамияти Ўзбекистонда минерал ўғит ишлаб чиқарувчи энг йирик ва саноқли корхоналардан биридир. Унда 7 минг одам меҳнат қилади.

Корхонада аммиак селитраси, суюқ аммиак, карбамид, натрий хлорати, целлюлоза каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

“Фарғонаазот” ишлаб чиқарган маҳсулотлар Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Эрон ва Афғонистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.

Ўзбекистонда йирик корхона саналган "Фарғонаазот" газ йўқлиги сабаб тўхтаб қолгани ва ишчиларга ойлаб маош берилмагани ҳақида Озодлик ўтган йили ҳам хабар берган эди.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида газ тақчиллиги кузатилмоқда.

Кейинги икки ҳафта ичида газ муаммоси сабаб мамлакатнинг Фарғона, Андижон, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистоннинг турли ҳудудларида бир қанча норозилик акциялари ўтказилган эди.

XS
SM
MD
LG