Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:36

2 кунда 480 ўзбекистонлик чартер рейсларда Ўзбекистонга қайтди. Бир неча ўн минг киши навбат кутмоқда


Истанбул аэропортидаги ўзбеклар кутишдан чарчаган
Истанбул аэропортидаги ўзбеклар кутишдан чарчаган

Туркиянинг Истанбул ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳарларидан 480 нафар ўзбекистонлик чартер рейслар билан парвоз қилган самолётларда 13-14 май кунлари мамлакатга қайтди. 8-12 май кунлари эса, 1200 дан зиёд киши олиб келингани хабар қилинган эди.

Улар бундан икки ой олдин жорий қилинган карантин боис чет давлатларда қолиб кетган ўзбекистонликлар экани расман айтилди.

Озодлик суҳбатлашган йўловчилар учоқ бортига "таниш-билиш қилиб чиқиб олган ўзга давлат ватандошлари ҳам бор"лигини айтишди.

Истанбулдан Тошкентга қайтган йўловчи Озодликка юборган овозли мактубида “барчанинг чартер рейс билан қайтишига имкон йўқлиги¸ карантин тугаб¸ мунтазам рейслар қўйилгунга қадар сабр қилиш лозимлигини” айтади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотномада ëзилишича, 12 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими томонидан тузилган онлайн-рўйхатга Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган 55 минг киши киритилган.

Бундан ташқари Ўзбекистоннинг Россия ҳудудларидаги Бош консулхоналари ташкил қилган рўйхатда 10 мингга яқин ватандош қайд этилган.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги консулхонаси ходимининг Озодликка айтишича, Ўзбекистонга қайтадиганларнинг 7 минг кишилик рўйхати шакллантирилган.

Бу рўйхатга кирган 240 киши 13 май куни Истанбулдан Ўзбекистонга етиб келган ва 14 кунлик карантинга жойлаштирилган.

Шунингдек, Ҳиндистон¸ Дубай¸ Британия ва Германияда ҳам карантинда қамалиб қолган минглаб ўзбек ватандошлари ўз мамлакатига қайтиш йўлини изламоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотида айтилишича¸ чартер рейсларига биринчи навбатда кекса, касал фуқаролар, ҳомиладор ва болали аёллар, шунингдек, илгари бекор қилинган доимий рейсларга чиптаси бор фуқаролар жойлаштирилади.

"Имтиëзли бўлсак ҳам учоқ бортига чиқаришмади"

14 май куни Озодлик мухбири билан гаплашган ўнлаб ўзбек ватандошлар “имтиëзли категорияда” бўлишига қарамасдан учоққа чиқарилмаëтганлигидан шикоят қилди.

Билети бор болали аëл йўловчи:

“Мен Истанбулдаман. Қўлимда 3 апрелга билетим бор. Ташқи ишлар вазирлиги билдирган қоида асосида мен Тошкентга учишим керак эди. Бугунги чартер рейсга мени олмади. Билети борлар ҳам¸ касал ҳомиладор ва болали аëллар ҳамда қариялар қолиб кетди. Бизга ҳеч қандай ëрдам беришмади. Менинг ëш болам бор”.

Қўлида билети бор ва рўйхатда бўлишига қарамай, учоққа чиқарилмаган Амирбек:

“Мен Истанбулда ëш болаларим билан қолиб кетдим. Мен 3 ва 5 ëшдаги икки болам ва 56 яшар онам 17 март куни Истанбулдаги Ўзбекистон консуллигида рўйхатдан ўтган эдик. Билетимиз 23 мартга эди. Самолётга қўйишмади. Бу ерда ҳомиладор аëллар¸ ëши катталар¸ болаликлар қолиб таниш-билиш қилганлар кетяпти”.

Таниш-билишчилик?

Истанбул-Тошкент чартер рейсида Тошкентга етиб келган йўловчининг Озодликка айтишича, учоқ ичидаги 240 кишининг ҳаммаси ҳам Ўзбекистон ватандоши бўлмаган.

“Жуда кўп турклар бор эди. Улар хотини турк бўлгани учун бортга олинди, деб айтишди. Лекин мен ëлғиз келаëтган қўли-оëғи бут туркларни ҳам кўрдим учоқда”, деди суҳбатдош.

Истанбул аэропортида қўлида билети бўла туриб¸ консуллик рўйхатига кирган бўлса ҳам учоққа чиқарилмаган Ўзбекистон ватандошлари шубҳали кимсаларнинг айланма йўллар билан илк чартер рейс бортидан ўрин олганига норози бўлишди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлайдиган ва лавозимида матбуотга гапириш изни йўқлиги боис исми айтилмаслигини сўраган мулозим иддаосига кўра¸ "Туркиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва элчининг ўзи чартер рейсда турк тадбиркорларига имтиëз яратган".

Суҳбатдошга кўра¸ "бу чартер рейс қўлида билети бор¸ касал ва қари ватандошларнинг ўз юртига қайтиши учун Ўзбекистон ҳукумати тарафидан яратилган имконият. Ташкил қилинган чартер рейс таниш-билишчилик иллати оқибатида ўз аҳамиятини йўқотмаслиги керак".

Элчига хат ёзилди, ҳозирча жавоб йўқ

Озодлик бу иддао ортидан 14 май куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Агзамходжаевнинг қўл телефонига бир неча марта телефон қилди.

Элчи телефонни ўчириб қўйгани боис, боғланишнинг иложи бўлмади.

Озодлик мухбири Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Телеграм саҳифаси орқали мактуб билан мурожаат қилди.

Мактубда Чартер рейсда таниш-билиш қилиб кетган хорижлик тадбиркорлар ва рўйхатда исми бўла туриб бортга қўйилмаган болали аëллар борасида изоҳ сўралди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ходими норасмий тарзда бу мактубни элчи Алишер Агзамходжаев ўқиганлигини айтди. Ҳозирча элчихона бу мактубга расман жавоб бермади.

Президент топшириғи

7 май кунги видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев хориждаги ватандошлар «имкониятга қараб, барибир олиб келиниши керак»лигини айтган эди.

Жорий йилнинг 13 майидан 24 майига қадар чет давлатларда қолиб кетган ўзбекистонликларни олиб келиш учун чартер рейслар уюштирилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов 12 май куни АОКА штабида ўтказилган брифингда маълум қилган.

Мулозим амалга ошириладиган парвозларга дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасалари томонидан фуқаролар рўйхатга олиниши ҳамда Uzbekistan Airways авиакомпаниясига тақдим этилиши ва йўловчилар ушбу рўйхат асосида ҳаво кемаси бортига киритилишини билдирган эди.

Бундан бир ойча олдин Хитойдан Ўзбекистонга 161 тиббий мутахассис тушган самолëт келган эди . Озодлик бу учоқ бортида Пекиндан коронавирусга қарши курашга мутлақо алоқаси бўлмаган хитойликлар ҳам олиб келинганини ëзган эди.

XS
SM
MD
LG