Россия Тергов қўмитаси Ёқутистонда ўзбекистонлик эр-хотиннинг қулликда ушлаб турилгани борасида интернетда пайдо бўлган хабарлар юзасидан текширув бошлаган. Қулликка қарши курашувчи “Альтернатива” ташкилоти Зафарбек Р. ва унинг аёли асли қирғизистонликка тегишли бўлган “Азия” кафесида 2015 йилдан буён мажбуран ушлаб турилганини иддао қилган эди.
Аммо кафе эгаси ва "жабрланувчи" Зафарбекнинг ўзи Россия оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган хабар ҳақиқатдан йироқ экани ва вазият бошқача тус олгани тўғрисида гапирмоқда.
Тергов қўмитаси: Хабар текширилмоқда
Ёқутистон ҳуқуқ-тартибот органлари икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг меҳнат қуллигида ушлаб турилгани тўғрисида интернетда пайдо бўлган маълумот устидан процессуал текширув бошлаганини эълон қилди.
Минтақа Тергов қўмитаси бошқармаси хабарига кўра, эр-хотин бўлган ўзбеклар Мегино-Кангалас туманидаги Нижний Бестях қўрғонидаги кафеда маҳаллий жамоатчилик ҳаракати томонидан қуллиқдан озод қилинган.
“Хабар қилинишича, эр-хотиндан ҳужжатлари тортиб олинган, улар калтакланган, кафе биносидан ташқарига чиқарилмаган, шунингдек уларга иш ҳақи берилмаган. Терговчилар эълон қилинган маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширишади ва улар ўз тасдиғини топса, ноқонуний амалларга алоқадор шахслар хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади Тергов қўмитаси расмий хабарномасида.
Озодлик Ёқутистонда содир бўлган бу ҳодиса тўғрисидаги маълумот Россияда қулликка қарши курашувчи “Альтернатива” кўнгиллилар ҳаракати расмий сайтида пайдо бўлганини аниқлади.
“Альтернатива”: Ўзбекистонлик эр-хотин 2015 йилдан буён қулликда ушлаб турилган
Қулликка қарши ташкилотнинг 2020 йилнинг 23 октябридаги хабарида айтилишича, ўзбекистонликлар ушлаб турилган “Азия” кафеси Нижний Бестях қўрғонида жойлашган ва у Мирзохид К. исмли шахсга тегишлидир.
“Альтернатива” қулликда бўлгани иддао қилинаётган Зафарбек Р.нинг интервьюсини эълон қилди. Унда ўзбек муҳожири хотини билан бирга 2015 йилдан буён маошсиз ишлатилгани, аммо уни ишлатган шахс устидан полицияга арз қилмоқчи эмаслигини гапиради.
Зафарбек биринчи маротаба 2015 йилда бир таниши ортидан Якутскка келиб қолгани, кафе эгаси ҳужжатларини тортиб олгани, қаттиқ калтаклагани ва ҳақ тўламасдан ушлаб турилганини айтади. У кафе ўзи ва хотинига 135 минг бериши кераклигини ҳам гапиради.
Видеода Зафарбек “Альтернатива” кўнгиллилари унинг ва турмуш ўртоғининг ҳужжатларини кафе эгаси Мирзоҳиддан олиб бергани ва Ўзбекистонга кетишга билет ҳам совға қилганини маълум қилади.
Бу видео ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида "Ёқутистонда ўзбекистонлик эр-хотин қулликдан озод этилди" сарлавҳаси остида хабар ва мақолалар пайдо бўлди.
“Альтернатива” ташкилоти Зафарбек Р.ва унинг хотини 22 октябрь куни озод этилгани ва Мирзоҳид К. устидан полицияга ариза ёзганини эълон қилди.
Зафарбек: Мени ҳеч ким қулликда ушламаган, урмаган!
Бироқ Мирзоҳид исмли тадбиркор Озодлик суҳбатда “Альтернатива” тарқатган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
У Зафарбек ҳақида маҳаллий матбуотда тарқатилаётган маълумотлардан ҳайратга тушганини айтади.
- Мен анча йилдан бери шу ерда тадбиркорлик қиламан. Биринчидан, мен у кафени эгасиман - уни бошқа одамлар арендага олиб ишлатади. Иккинчидан, Зафар 2015 йилдан бери бир неча марта Қирғизистонга Аравонга бориб келган, чунки уни никоҳидаги аёл ўша ердан, мени ҳамқишлоғим. Қанақасига мен у аёлни қулликда ушлашим мумкин?! Терговчилар текширсин - паспорти йўқ бўлса қандай Қирғизистонга бир неча марта бориб келади? "Альтернатива" текширмасдан биров гапирган гапни ҳақиқат деб тарқатаверар эканда! Тўғриси, бу туҳматлар менга ҳам жуда салбий таъсир қилди. Ўзбеклар номига ҳам иснод келтирди бу гаплар.
Мирзоҳид полиция ва терговчилар текширув ўтказиб, ҳеч қандай жиноят аломатлари аниқланмагани тўғрисида хулоса чиқарганини билдирди. У на Зафарбек на бошқа одамдан терговчиларга шикоят тушганини айтди.
Маълум бўлишича, “Азия” кафеси Нижний Бестяхни республика маркази Якутск билан боғлаб турувчи ягона трасса бўйидаги гавжум жойда жойлашган ва Ёқутистоннинг энг йирик транспорт маркази ҳамдир.
Суҳбатдош 5,5 минг аҳолиси бор Нижний Бестяхда жойлашган бу ўзбек кафеси ходимлари ҳам сўроқ қилинганини айтди.
Озодлик аниқлашича, Зафарбек бугунда Благовешченскда ошпазлик қилмоқда. 40 яшар Ўзбекистон граждани бўлган Зафарбек Р.да Россияда 2023 йилгача вақтинчалик яшаш гувоҳномаси бор, у Нижний Бестяхда ошпаз бўлган ва никоҳида бўлган бир аёл билан яшаб келган.
Озодлик Зафарбек билан ҳам телефон орқали боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди.
- Мен 2013 йилдан у кафеда яхши ишлаб келганман, 8 йил давомида. Ҳеч ким аслида мени урмаган, ойликларимни вақтида олиб келардим. Иш жойимга қанақадир ходимлар келиб, олиб кетишди, нима бўлганини тушунмадим. Аввалига орган ходимлари деб ўйлабман "Альтернативадан" келганларни. Улар мени гуё кимдир Бестяхда қул сифатида ишлатгани тўғрисида хабар топибди. Иккитаси ўша куни келиб, “Сени бу ердан олиб кетамиз, кейин тушунтирамиз”, дейишди ва мени меҳмонхонага олиб кетишди. Ўша ерда савол-жавоб қилишди ва нима дейишни ўргатишди, - дейди унга ҳеч ким таҳдид қилмагани ва ёрдам сўраб ҳеч кимга арз қилмаганини айтган Зафарбек.
Ўзбек муҳожири ҳодисанинг бу тарзда тус олишига Ўзбекистондаги биринчи турмуш ўртоғи билан бўлган тортишув сабаб бўлганини айтади.
- Аслида “Альтернатива"га Ўзбекистондан мени биринчи хотиним мурожаат қилган экан. Мен у билан яшамайман ва уша куни озгина тортишиб қолдик телефонда. “Нега келмаяпсан?”, деди. Жаҳл устида “Мени қул қилиб ушлаб туришибди, пулимни бермай, бормайман уйга!” деган эдим. Биринчи хотиним Ўзбекистонда прокуратурага ариза ёзибди, у ердан элчихона мурожаат қилибди ва бошланиб кетди. Озгина тушунмовчилик орқасидан шунча гап! Мен тинчгина ишламоқчиман, мени шахсий ҳаётимга аралашишларини истамайман, чарчатворишди, - деди Зафарбек.
Саха (Ёқутистон) Тергов қўмитаси бошқармаси бу мурожаатнома юзасидан суриштирув давом этаётганини билдирди.