Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:04

Қашқадарёлик фермерлар пули мажбуран дизел ёнилғисига ўтказиб юбориляпти


Қашқадарё вилояти Косон туманидан Озодликка арз қилган фермерларнинг айтишларича, банк ҳисобига тушган буғдой, пахта ва кредит пули уларнинг розилигисиз нефт маҳсулотлари идорасига ўтказиб юбориляпти.

Фермерлар иддаосича, улар эҳтиёжидан бир неча баробар ортиқ бўлган дизел ёнилғиси олиш ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйиб беришга мажбурланмоқда.

Банк мулозими фермерлар розилигисиз уларнинг пули бошқа ҳисобларга ўтказилмаслигини айтди.

Косон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг иддао қилишича, ҳоким, “Агробанк”нинг туман филиали бошқарувчиси ва “Қарши нефт базаси МЧЖ” Косон филиали директори ўзаро келишган ҳолда фермер хўжаликларининг ғалла, пахта пули, имтиёзли кредит пули, дотация пулини нефт маҳсулотига ўтказиб юборяпти:

Мен эътироз билдириб, пулим кўчада қолмаган-ку, десам, бўлмаса ерингни топшир, ҳокимни чақираман деяпти


“Масалан, менинг соляркага эҳтиёжим айтайлик, 10 тонна. Лекин булар мени нефтебазага чақиряптию, 30 тоннага доверенност берасан деяпти. Менга керакли 10 тоннадан ортиқ маҳсулотни улар ўзларига ўзлаштиряпти. Мен эътироз билдириб, пулим кўчада қолмаган-ку, десам, бўлмаса ерингни топшир, ҳокимни чақираман деяпти. Ҳар йили шундай бўляпти. Мана ҳозир келгуси йил январь ойининг имтиёзли кредити ҳам тушиб, нефтбазага ўтиб кетди. Биз ҳали ишлатмаган кредитимизнинг процентини тўлаймиз. Қолаверса, ҳозир мавсум тугади, бизга ортиқча солярка керак эмас. Ишонмасангиз, жорий йилнинг январь ойи учун ажратилган дизел ёнилғиси рўйхатини жўнатаман, ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг”

2019 йил январь ойига Косон тумани фермерларга ёнилғи тарқатиш шохобчаларига ажратилган дизел ёнилғиси
2019 йил январь ойига Косон тумани фермерларга ёнилғи тарқатиш шохобчаларига ажратилган дизел ёнилғиси

Исми сир қолишини сўраган бошқа косонлик фермернинг айтишича, нефтбазасига тўланган пулга яраша ёнилғи ололмайди:

Масалан, менга бир тонна ёнилғи керак бўлса, 10-15 тонналик поручениега қўл қўйиб беришга мажбурман


“Ҳозирги кунда Косонда ғалла, пахта режасини ортиқча ери борлар бажаряпти, лишний ери бўлмаганлар бажаролмаяпти. Чунки нефтебазага ҳайдаган пулимизга яраша ёнилғи ололмаймиз. Ўндан бирини оламиз, холос. Масалан, менга бир тонна ёнилғи керак бўлса, 10-15 тонналик поручениега қўл қўйиб беришга мажбурман. Ҳеч ким ишламайдиган қиш ойларига 15-20 тонна соляркани олди, деб ёзиб бериб юборган. Агар биз бу ҳужжатларга қўл қўймасак, лишний еринг бор, текширувчи юбораман, кейин бир умр қарздан чиқолмайсан, дейди. Мажбур қўл қўйиб берамиз, минглаб тонна солярка кимларнинг жиғилдонига кириб кетаётганини яхши биламиз”

Фермер, ҳақиқатан ҳам, режага кирмаган ортиқча ери борлигини тан олар экан, бусиз фермерлик қилиб бўлмаслигини айтади:

Нефтбазасидаги камомадни фермерлар ҳисобидан ёпади


“Тўғри, ҳамма фермернинг ҳоким олдида тили қисиқ. Масалан, менда 3 гектар ортиқча ерим бор. Бу ҳолва, баъзи фермерларнинг 20, 50, 100 гектарлаб ортиқча ери бор. Буни ҳоким ҳам яхши билади. Шунинг учун, ана шундай махинацияни қилади. Фермер ҳам “жиноят”им очилиб қолмасин деб, ҳокимнинг айтганини қилаверади. Нефтбазасидаги камомадни фермерлар ҳисобидан ёпади. У камомад қаердан келганини эса ҳоким ўзи билади. Агар, шу айтганларимни Тошкент эшитиб турган бўлса, марҳамат, холис комиссия юборсин. Фермерлардан қанча пул ўтказиб олингани билан уларга берилган соляркани акт-сверка қилиб кўрсин!”

Фермернинг айтишича, улар шу тариқа ишлашга мажбур:

Фермернинг эса ўзи ишлаб топган пулига хўжайинлик қилишга ҳаққи йўқ


“Энг ёмони ҳайдалмаган еримизни ҳайдалди қилиб кўрсатамиз. Агар бир гектар ерни ҳайдашга 10 литр солярка кетадиган бўлса, биз ер қаттиқ эди, ёмон эди, шунинг учун 50 литр солярка кетди, деб доверенност бераверамиз. Кейин биз ҳам ўғрилик қилишга мажбурмиз, ишчиларимизга кам ойлик берамиз, планда йўқ еримизга у бу экиб сотамиз, ерга яхши ишлов беролмаймиз. Қишлоқ хўжалиги тамоман изидан чиқиб кетди. Нефтебаза ва тармоқларида ишлайдиганлар доим янги машина олади. Фермернинг эса ўзи ишлаб топган пулига хўжайинлик қилишга ҳаққи йўқ. Унинг даромади бошқалар томонидан бўлинади”

“Агробанк”нинг Косон тумани филиали бош бухгалтери Сарвар Раупов Озодлик билан суҳбатда, фермерларнинг пули уларнинг розилигисиз бошқа нефт маҳсулотларига ўтказилаётганини инкор қилди:

“Ҳар бир фермерга нефт учун алоҳида, кимё учун алоҳида “Ҳумо” картаси берганмиз. Ўшанга имтиёзли кредитлари туширилган. Хоҳласа 20та, хоҳласа 100 литр солярка оладими, ўзлари бориб, ўшандан кестириб олади. Бу ихтиёрий. Ёки Президентимизнинг 149 сонли қарори билан тўлов топшириқномасига асосан ўтказиб берамиз, ўзбошимчалик қилиб ўзимиздан-ўзимиз ўтказа олмаймиз”

Косон тумани ҳокими ва “Қарши нефт базаси МЧЖ” Косон филиали директорининг телефонлари ўчирилгани боис, улар билан боғланиш имкони бўлмади.

Ўзбекистонда фермерларнинг банкдаги пулларини уларнинг розилигисиз бошқа ҳисобларга ўтказиб юбориш ҳолатлари кузатилиб туради.

Жорий йилнинг август ойида Андижон вилоят, Андижон тумани фермерларига “Ўздонмаҳсулот”дан келиб тушган 900 миллион сўм буғдой пули уларнинг хоҳишига зид тарзда ягона ер солиғи учун бюджетга ўтказиб юборилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG