Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:13

Қирғизистон: Садир Жапаров президент сифатида қасамёд қилди


Садир Жапаров Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилишини айтди
Садир Жапаров Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилишини айтди

28 январь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров қасамёдга келтирилди ва расман ўз лавозимига киришди.

Миллатчи сиёсатчи сифатида кўриладиган 52 ёшли Жапаров сайлов жараёнида миллий қадриятларга урғу берди ва айни кайфиятдаги фуқаролар қўлловига кўпроқ эга бўлди.

Айрим оммавий ахборот воситалари Жапаровнинг миллатчилик чиқишларига эътибор қаратиб, уни “Қирғиз Трампи” дея ёзишди.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар президентлик билан бирга ҳукуматни ҳам бошқаришга интилаётган Садир Жапаров “қирғиз Путини”га айланишини башорат қилмоқдалар.

Қасамёд маросимида Жапаров нималар деди?

Инаугурация маросимида сўзлаган нутқида Қирғизистоннинг олтинчи президенти Садир Жапаров ташқи сиёсатда асосий эътибор Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликка қаратилишин алоҳида таъкидлади:

“Бу давлатлар билан томиримиз, тарихимиз, тақдиримиз бир. Демак, стратегик ҳамкор бўлган бу мамлакатлар билан муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ташқи сиёсатимизнинг биринчи галдаги вазифаси бўлади”.

Жапаров, шунингдек, Қирғизистон Туркия ва Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлашга, АҚШ ва Европа давлатлари билан ҳамкорлик қилишга интилишини таъкидлади.

Нутқи давомида Садир Жапаров Қирғизистонни қонун диктатураси ҳукмронлик қиладиган, адолат принциплари устувор бўлган давлатга айлантиришга ваъда берди. Жапаров шунингдек, 10 январь куни президентлик сайлови билан бирга ўтказилган референдумда сайловчиларнинг асосий қисми Қирғизистонда президентлик бошқаруви учун овоз берганини эслаб ўтди:

“Халқ орзу қилаётган мустаҳкам тартиб-интизомни ўз ҳаракатлари учун масъул бўлган президентлик бошқаруви тизимигина барпо эта олишини ривожланаётган давлатлар тажрибаси аллақачон исботлаб берди. Президентлик бошқаруви инсон ҳуқуқларини чеклаш, сиёсий партияларни жиловлаш, халқ вакилларидан иборат бўлган парламент ва суд ҳокимиятини ҳукуматга қарам қилиб қўйиш дегани эмас”.

Садир Жапаров ўз нутқида президент сифатида “мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни қаттиқ назорат остига олиниши”, лойиҳаларни амалга ошираётган ҳукумат тузилмаларидан "сўзсиз равишда самарали фаолият олиб бориш талаб қилиниши”ни ҳам айтиб ўтди.

Янги президент ишни нимадан бошлайди?

Президент аппарати Жапаров хизматга киришиши билан имзолаши режаланган ўнга яқин буйруқ тайёр эканини билдирди. Аппарат раҳбари Суйунбек Касмамбетов буйруқлар қайси соҳаларга тегишлилиги ва нималардан иборат эканига ойдинлик киритмади.

Президент матбуот котиби Галина Байтерек, тайёрланган ҳужжатлар “мамлакатни ривожлантиришга қаратилган қарорлар”, дейиш билан чекланди. Шунингдек, илк буйруқлар орасида президентнинг асосий ташаббуслари бор эканини қўшимча қилди.

Оқ Уйдаги манбаларнинг билдиришича, Жапаров иқтисод, ижтимоий тармоқ, гуманитар йўналишлар ҳамда фуқароларни сергакликка чақирувчи фармонларни имзолайди.

Амалдаги Бош қонунда президент ваколатлари чекланган. Давлат раҳбари кўп қарорларни парламент ва ҳукумат билан келишиши лозим.

Сайлов жараёнлари давомида Садир Жапаров фуқароларга давлат органлари самарадорлигини ошириш, жавобгарликни кучайтириш, порахўрликка қарши курашни кучайтириш каби кўплаб ваъдаларни берди.

Жапаров инаугурацияга яқин ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тарафдорларига мурожат қилиб, ислоҳотларни амалга ошириш ҳақидаги ваъдасини такрорлади.

“28 январь куни қасамёд қилганимдан сўнг расман ишга киришаман, ислоҳотлар бошланади. Янги ҳукумат тузилади. Ҳукуматнинг янги таркиби бўлади. Апрель ойида янги Конституция қабул қилинади. Кейин янги қонунлар ишлай бошлайди. Шундай қилиб май-июнь ойларига бориб сиёсий жараёнлар тамомланади”.

10 январь куни ўтган референдумда овоз берганларнинг 80% дан кўпи мамлакатда президентлик бошқарув шаклини танлаган. Бунинг асосида бош қонуннинг янги таҳририни тайёрлаётган Конституциявий кенгаш президент ҳуқуқлари ва маъсулиятини кенгайтиргани маълум бўлди.

“Қирғиз Трампи” ёки “қирғиз Путини”?

Шундай қилиб, давлат ҳокимияти жиловини тўлиғича қўлга олишга киришган Садир Жапаров давлатни қандай бошқаради?

Сиёсий таҳлилчи Эмилбек Жўрўев янги президентнинг сиёсий йўналиши илк кадр тайинловлари, қарорларидан маълум бўлишини урғулади:

“Ўн буйруқни имзолаши айтилгани билан уларнинг мазмунини билолмадим. Бироқ бунгача айтган сўзларига кўра, биринчи навбатда иқтисодий ислоҳотларни тезлаштирувчи гуруҳ тузиш, иқтисодий жиноятларга қарши ташаббуслар, люстрация, конституциявий ислоҳотларга боғлиқ ташаббуслар бўлиши мумкин. Бироқ бу масалалар президент қарорлари доирасида ҳал қилиниши тушунарсиз”, - деди Жўрўев.

Жапаров сайлов жараёнида миллий қадриятларга эътибор қаратиб, кўпроқ шу кайфиятдаги фуқаролар овозини қўлга киритди. Айрим оммавий ахборот воситалари Жапаровнинг миллатчилик чиқишларига эътибор қаратиб, уни “Қирғиз Трампи” дея ёзишди.

Қирғизистондаги сўнгги воқеаларни кузатган Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё дастури директори, профессор Марлен Ларюэль 2020 йилги воқеалар муҳокама қилинган йиғиндаги маърузасида, Жапаров “Қирғизистон Путини” бўлишга ҳаракат қилишини билдирди:

“Октябрда Қирғизистонда инқилоб ёки баъзилар айтганидай, давлат тўнтариши содир бўлди. Садир Жапаров вақтинча давлат тепасига келди. Уни “Қирғизистон Трампи” деб аташган, бироқ у Қирғизистоннинг Путини бўлиб қолди. У кучли лидер, қонун устиворлиги ва тартибни қўлга олган диктатор, миллатчи сиёсатчи. Бу ерда асосий жиҳат – Марказий Осиёда ҳалқ кучли етакчиларни ёқтиради, шу сабабли кўп ҳолларда миллий кайфиятдаги раҳбарлар давлатни самарали бошқаради, деб умид қилишади”, - дейди Марлен Ларюэль.

Қирғизистонда ўтган йили 4 октябрда ўтган парламент сайловлари натижаларига норози халқ куч билан ҳукуматни алмаштирди. Ўшанда 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган Садир Жапаров қамоқдан чиқарилиб, 19 октябрда парламент уни вақтинча бош вазир лавозимига тасдиқлади.

10 январда ўтган сайловларда Жапаров 80% дан кўпроқ овоз олиб, президент этиб сайланди.

Ўша пайтда овоз бериш жараёнини кузатган халқаро кузатувчилар Қирғизистонда “яхши ташкил этилган” президент сайловида номзодлар учун бир хил шарт-шароит яратилмаганини танқид қилганлар. Жумладан, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда ЕХҲТнинг Парламент ассамблеяси ўз ҳисоботида сайлов пайтида сайлов қонунчилигини бузиш ҳолатлари кузатилганини билдирган.

XS
SM
MD
LG