Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:16

Қирғизистон Афғонистондаги Помир қирғизларини тарихий ватанига кўчириб келмоқчи


Афғонистондаги Помир қирғизларининг фарзандлари.
Афғонистондаги Помир қирғизларининг фарзандлари.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Афғонистондаги миллатдошларнинг барчасини Қирғизистонга кўчириб келиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда у Афғонистон Помиридан Қирғизистоннинг Олой туманига кўчириб келинган этник қирғизлар билан учрашуви чоғида гапирди.

Президентга кўра, Помир қирғизлари деб аталувчи Афғонистонда яшовчи қирғизлар “йўқ бўлиб кетиш” арафасида. Қирғизистон ҳукумати бунга “йўл қўя олмайди”.

Айни пайтда афғон қирғизлари орасида Қирғизистонга кўчишни истамаганлар ҳам кўплиги маълум бўлди.

Президент Садир Жапаров жорий йилнинг қиш мавсумигача помирлик қирғизларни тўлалигича Қирғизистонга кўчириб келиш режасини эълон қилди. Буни у "йўқолиб бораётган миллатдошларни сақлаб қолиш ҳаракати” дея изоҳлади.

"Оғир турмуш шароити оқибатида қирғизлар Помирда йўқолиб кетиш арафасида, десак ҳам бўлади. Йўқолиб бораётган қирғизларни кўчириб келишни орзу қилардим.Худо хоҳласа яқин орада буни бажараман. Ўз назоратимга оламан. Маблағимиз бор. Қаердан маблағ оламиз, қандай кўчириб келамиз, қандай жойлаштирамиз, барча манбаларни топиб қўйдик. Барча яхши шароитларни яратиб берамиз”, -деди Жапаров бир неча кун олдин Помирдан Қирғизистоннинг Олой туманига кўчириб келинган этник қирғизлар билан учрашуви чоғида.

У, шунингдек, Афғонистондан келган миллатдошларига Қирғизистон фуқаролигини бериш масаласини тезлатишни ваъда қилди.

Бишкек: Қирғиз-ўзбек чегарасида муаммо қолмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:26 0:00

Афғонистондан Қирғизистонга кўчиб, ҳозир Бишкекдаги Олий ўқув юртида таҳсил олаётган Турганбай Абдулваҳид ўғли помирликларнинг барчаси бир қишлоққа жойлаштирилса, Қирғизистонга мослашиши осон бўлади деган фикрда:

"Бунгача бўлган президентларнинг биронтаси ҳам помирликлардан ҳол-аҳвол сўраган эмас. Садир Жапаров Помирдан келган қирғизларнинг уйигача бориб, ҳар бирининг фикрини сўради. Буни улар жуда илиқ қабул қилишди. Президент помирлик қирғизларни бир қишлоққа жойлаштириб, тўлиқ шароит тузиб беришини айтди”, - деди Абдулваҳид ўғли.

Помирдаги қирғизлар тарихий ватанига 2017 йилда кўчиб кела бошлаган. Қирғиз ҳукумати ўтган йили Ўш вилоятининг Олой туманидаги Талдисув қишлоғида 11 уй қуриб, у ерга 17 оилани жойлаштирган.

Афғон қирғизлари ҳаётини кузатиб келаётган фаол Ақилай Каримова миллатдошларини Қирғизистон шароитига мослаштириш, уларни жамоатчиликка аралаштириш учун махсус режа-дастурга эҳтиёж бор деб ҳисоблайди:

“Уларни кўчириб келиш умуман муаммо эмас. Уларни жамоатчиликка аралаштириш муаммо. Фақат бир миллатдан эканимизни инобатга олмаса, улар билан бизни ҳеч нарса бирлаштирмайди. Биз умуман бошқамиз. Улар билан бизнинг яшаш тарзимиз бошқача.Уларни олиб келгандан кейин, қандайдир дастур ишлаб чиқиш лозим”.

Афғон қирғизларининг Қобулдаги вакили, афғон парламентнинг собиқ депутати, марҳум Турдақун ҳожи Атабек ўғлининг фарзанди Абдуваҳид Турдақун ўғли ҳам 2017 йили Қирғизистонга келиб, Норинда яшаб қолган. У Помир қирғизларини Қирғизистонга кўчириш ўрнига, уларга ўша ерда шароит яратиб бериш тўғри бўлишини айтади:

“Барчасини олиб келиш керак деган сўзларга қўшилавермайман. Менимча, афғон ҳукумати билан қирғиз ҳукумати сўзлашиб, Помирни автоном вилоят қилиб олса, бу ерга қуриб берилувчи уйларни, шу ерда берилувчи ёрдамларни ўша ерда қилса яхши бўларди. Помир ҳам қирғизнинг ери. Шу сабабли қирғиз вакиллиги ёки қирғиз миллати ўша Афғонистонда яшаб турса Қирғизистонга ҳам фойда бўлар эди”.

Унинг фикрича, Помирдаги қирғизларнинг қарийб 70 фоизи кўчиб келишни истамаслиги мумкин.

Помир қирғизлари — 1575-1930 йиллар оралигида Афғонистонга доимий яшаш учун кетган қирғизларнинг авлодлари. Улар шароити оғир, билим олиш ва тиббий хизмат имконияти деярли бўлмаган Катта ва Кичик Помир тоғларида яшайди.

2019 йил охирида 50 одамдан иборат 11 помирлик оила Олой туманининг Саримўғўл қишлоғига кўчириб келинган. 2017 йили Норинга 50 помирлик қирғиз олиб келиниб, ётоқхонага жойлаштирилган. Кейинроқ уларнинг бир гуруҳи Афғонистонга қайтиб кетган.

Айрим маълумотларга қараганда, Помир қирғизларининг умумий сони 67 минг атрофида. Улардан 65 мингги Тожикистон ҳудудида, 2 мингги Афғонистон ҳудудида яшайди.

XS
SM
MD
LG