Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Қирғизистон: Қимматчилик сабаб одамлар кийимларини озиқ - овқатга алмаштирмоқда


Қирғизистонда бир неча ой олдин 350 сўм - 4 доллардан сотилган гўшт бугунги кунда 500 сўм ($ 5,90)дан сотилмоқда.
Қирғизистонда бир неча ой олдин 350 сўм - 4 доллардан сотилган гўшт бугунги кунда 500 сўм ($ 5,90)дан сотилмоқда.

Қирғизистонда сўнгги ойларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 50 фоизга қимматлади. Жумладан, ўтган йил якунида 80 сўмдан сотилган 1 литр ўсимлик ёғи нархи 160-170 сўм ($2)га, 350 сўмлик гўшт 500 сўм ($ 5,90)гача, 10 дона тухум 80 сўмдан 120 сўм ($1,4)гача кўтарилди.

Мутахассисларга кўра, коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган чекловлар натижасида сўнгги бир йилда Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 8,6 фоизга камайган. Инфляция даражаси 9,7 фоизни ташкил этган. Мана шу ҳолатлар ортидан мамлакатда қимматчилик юзага келмоқда.

Бишкек шаҳрида яшовчи Ольга Решетникова ўзи ва фарзандлари кийимларини озиқ-овқатга алмаштириш ҳақидаги маълумотни ижтимоий тармоқларда эълон қилган.

"Бизга фарқи йўқ. Озиқ-овқатнинг ҳар қандай турига алмаштиравераман. Ёғ, шакар, ун... нима бўлса ҳам майли. Мени кийимларимни баъзилари янгилигича турибди. Уларни арзон бўлса ҳам беряпман".

Ольга маошнинг озлиги сабабли мана шу қадамга мажбур бўлаётганини қўшимча қилди.

Ольга кийим-кечакларини озиқ-овқатга алмаштириш тўғрисида эълон берган ягона бишкеклик эмас. Қирғизистоннинг эълон ва рекламага ихтисослашган оммавий Lalafo порталида бу каби эълонларни ўнлаб ўқиш мумкин.


Самара Тапкеева Бишкекдаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Тўрт фарзандини ёлғиз боқиб, ижара уйда яшашини айтган Самаранинг оиласи қимматчилик сабабли гўшт емай қўйган:

"Қимматчилик куз ойларидаёқ сезилди. Аввалиги оз-оздан қимматлаган бўлса, ҳозир нарх кун сайин ўсаяпти. Тежаш мақсадида баъзи махсулотлардан бош тортдик. Гўшт емай қўйдик. Болаларим “қачон гўшт қовуриб берасиз?” дейишса, жавоб беролмайман. Шакар олмай қўйганмиз, сарёғни унутганимизга кўп бўлган”.

Самаранинг айтишича ўқитувчи маоши озлиги сабабли дам олиш кунлари бировларнинг уйини тозалаб қўшимча пул топишга ҳаракат қилади, лекин бу ҳам камлик қилади.

Расмий маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган чекловлар натижасида сўнгги бир йилда Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 8,6 фоизга озайган.

Ишлаб чиқаришнинг камайгани ортидан сўнгги ойларда деярли барча тармоқда қимматчилик кузатилди. Озиқ –овқат, ёқилғи ва бошқа товарлар нархи кескин ошган. Расман умумий инфляция 9,7 фоиз бўлгани айтилса-да, баъзи товарлар 50 фоизгача қимматлаган.

Қирғиз ҳукумати озиқ-овқат, ёқилғи нархини тушириш бўйича чоралар кўрилаётганини билдирмоқда. Иқтисод ва молия вазирлиги ўсимлик ёғи билан шакар заҳирасини тўлдириш мақсадида 318,4 миллион қирғиз сўми (тақрибан 3 миллион 750 минг доллар) ажратган. Аммо ҳозирча бу чора нарх-навонинг арзонлашига таъсир кўрсатгани сезилмаяпти.

Ўтган йили март ойида коронавирус сабабли чекловлар киритилаётганида, 1 кило шакар 35 сўм, 1 литр ўсимлик ёғи 80 сўм, 1 литр бензин маркасига қараб 36-43 сўм атрофида бўлган. Бугунги кунда шакар нархи 70 сўм, ўсимлик ёғи 160-170 сўм, бензиннинг 1 литри 46-50 сўмдан сотиляпти.

XS
SM
MD
LG