Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:15

Қирғизистонликларнинг норозилиги ортидан Ўзбекистон чегара иҳоталарини қуришни вақтинча тўхтатди


Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасини қўриқлаётган қирғиз чегарачилари.
Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасини қўриқлаётган қирғиз чегарачилари.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманига қарашли Қарабелес қишлоғи аҳолисининг норозилиги ортидан Ўзбекистон чегаранинг мазкур ҳудудида иҳота ишларини олиб боришни тўхтатди.

Жалолобод вилояти расмийларининг билдиришича, ҳукумат вакиллари Наманган вилоят ҳокими билан музокаралар олиб бориб, чегарадаги ишларни вақтинча тўхтатиб туришни илтимос қилган. Ўзбекистон томони бу илтимосни қаноатлантирган.

Қарабелес қишлоғи аҳолиси Қирғизистон ҳукуматини яйловларни Ўзбекистонга бериб юборганликда айблаб, ўтган ҳафтада норозилик намойишига чиққан эди. Ҳукумат расмийлари эса Ўзбекистонга бир қарич ер ҳам ноқонуний берилмаганини айтиб, аҳолини тинчлантирмоқда.

Шу кунгача Қирғизистон Ўзбекистон билан деярли 95 фоиз чегара чизиғи бўйича ўрта фикрга келган. Ҳозирда икки давлат ўртасида 9 та баҳсли ҳудуд мавжуд.

Олабуқа туманига қарашли Қарабелес қишлоғи Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида жойлашган. Бу қишлоқда яшовчи Жайлўўбай Дўсбаевнинг ҳовлиси чегарадан 50 метр узоқликда жойлашган. У чегаралар аниқланиши ортидан бутун умр эгалик қилиб келган ҳовлисининг бир қисми Ўзбекистонга ўтиб кетганини айтди:

“Бу ҳовлида яшаганимга узоқ йиллар бўлди. Яқинда белгиланган чегара чизиғи ичида хожатхонам қолди. Болаларим ўйнагани чиқиб, Ўзбекистонга ўтиб қолса нима бўлади? Халқ дардини эшитадиган одам йўқ”, - деди Дўсбаев.

Қишлоқликлардан яна бири Сапарали Жўлдўшевга кўра, авваллари икки давлат ўртасидаги чегара қишлоқдан уч километр нарида эди. Айни пайтда эса чегара чизиғи аҳоли яшовчи ҳудудгача етиб келган.

“Ўзбекистон чегараси биз турган ердан 3 километр узоқдаги йўлгача бўлган. У йўл ҳам қирғизларга қарашли бўлган. Ҳар йили бизнинг ҳудудга ҳохлаганича кириб келишяпти. Биз чегара чизиғини қайта аввалги ҳолига қайтаришни талаб қиламиз”, - деди Сапарали Жўлдўшев.

Маълум бўлишича, Олабуқа туманининг Қўшбўлўт, Қарабелес ва Кўксерек қишлоқларида делимитация қилинган чегара чизиғи 2017 йил 5 сентябдаги Қирғизистон билан Ўзбекистон чегараси тўғрисидаги шартнома ва 2017 йил 2 октябрда ратификация қилинган 173-сонли қонунга мувофиқ белгиланган. Бу йил ўша ерларда инженерлик, шунингдек демаркация ишлари бошланиши лозим эди.

Ҳукуматнинг Жалолобод вилоятидаги вакили ўринбосари Мамасали Ақматовга кўра:

“Қўшбўлўт қишлоғи аҳолиси йиғилиб, бу ерлар бизнинг яйлов, қишда молимиз юради деб норозилик билдирди. Ўзбекистоннинг Наманган вилояти губернатори ўринбосари билан боғланиб гаплашдим. Биз аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб борайлик, унгача ўша ерларда иш олиб бормай туринглар деб айтдик. Кейинги учрашувда аниқлик киритамиз деб,келишдик. Шундан сўнг Ўзбекистон чегарадаги ишларни тўхтатган”, - деди Ақматов.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара узунлиги 1378 километрни ташкил этади. 2017 йилги келишимга мувофиқ унинг 85 фоизи ёки 1170 километри тасдиқланган эди. Шундан сўнг олиб борилган музокаралар натижасида шу кунгача Ўзбекистон билан деярли 95 фоиз чегара чизиғи бўйича ўрта фикрга келингани айтилмоқда. Ҳозир ўртада 9 баҳсли участка бор.

Ҳукуматнинг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубаев делимитация ва демаркация ишлари тамомлансагина чегарадаги можароларга нуқта қўйилади деган фикрда:

“Биз ҳеч қандай ерларни сотмадик, айтилаётган сўзлар нотўғри. Қўшни давлатлар билан делимитация ишлари тугагани билан демаркация ишлари турибди. Биз Ўзбекистон томони билан ишни бошлаймиз. Шу сабабли икки томон гаплашиб, ишни жонлантиришимиз керак. Ўшандагина ҳозиргидай чегара муаммоларига барҳам берилади”, -деди Назирбек Бўрубаев.

XS
SM
MD
LG