Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:47

Қозондаги қирғин: Мактаблардаги отишмалар фақат АҚШнинг муаммоси эмас


Қозон мактабидаги отишмада ҳалок бўлган ўқувчилардан бирини дафн этиш маросими.
Қозон мактабидаги отишмада ҳалок бўлган ўқувчилардан бирини дафн этиш маросими.

11 май куни Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияда юз берган отишмада 9 киши ҳалок бўлди.

Бир неча йил олдин бундай отишмалар Россияда камдан-кам учрайдиган ҳолат эди. Аммо бу сафар рус матбуоти Қозондаги ҳужумни 1999 йил АҚШнинг “Колумбайн” мактабида амалга оширилган ҳужумга қиёсламоқда.

Гимназия сайти маълумотига кўра, мазкур таълим масканида 1000 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Ҳужум айни дарс вақтида содир этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қўлга олинган шахс – 19 яшар Илназ Галявиев. Хабар қилинишича, у аввалроқ айни мактабда ўқиган, сўнгги 4 йилдан буён коллежда таҳсил олади.

Қонли ҳужум ортидан Россия расмийлари келажакда бундай отишмалар олдини олиш йўлларини муҳокама қила бошлади. Жумладан, президент Владимир Путин фуқароларга сотиш мумкин бўлган қурол турларини назоратга олишга чорлади.

Сўнгги йилларда Россияда ёшлар томонидан бир неча ҳужум амалга оширилди. Бунга қадар мамлакатда мактаб отишмалари фақат АҚШга хос муаммо ўлароқ кўриларди.

2014 йилда Москвадаги 263-сонли мактабда иккита милтиқ тутган 15 ёшли бола ўқитувчи ва полициячини отиб ўлдирди, 29 синфдошини гаровга олди. Ўша пайтда Путин ҳодисани фожиа деб атади, шаҳар мэри пойтахт мактабларида ҳар томонлама хавфсизлик чораларини кўришни буюрди.

2018 йил январь ойида Пермь шаҳрида 16 ёшли икки ўсмир синфга бостириб кириб, 11 нафар ўқувчи ва ўқитувчини пичоқлади. Жароҳат олганларнинг аксарияти 10-12 ёшда эди.

Ўшанда гумонланувчилардан бири “ВКонтакте” тармоғидаги саҳифасида АҚШда мактаб ҳужумларини амалга оширганлар, шу жумладан, “Колумбайн” қирғинини амалга оширган ўспирин видеосини улашгани айтилганди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Улан-Удэ шаҳри яқинидаги қишлоқда тўққизинчи синф ўқувчиси “Колумбайн” ҳужумини амалга оширганларнинг бириникига ўхшаш футболка кийиб, тўрт нафар ўқувчи ҳамда ўқитувчини болта билан жароҳатлади. Сўнг Молотов коктейлидан фойдаланиб мактабни ёқиб юборди.

2018 йилнинг октябрь ойида Россия аннексия қилиб олган Қримдаги Керчь шаҳрида жойлашган университетда содир этилган отишма ва портлашда 21 киши ҳалок бўлди.

Қримдаги ҳужумни ҳам “Колумбайн” ҳужумчиларига тақлидан кийинган ўсмир амалга оширди. Россия давлат оммавий ахборот воситаларида Керчдаги ҳужумни “Колумбайн” фожиасига таққослаш ман этилди.

1999 йил апрелда Колорадо штатидаги “Колумбайн” ўрта мактаби ўқувчилари Эрик Ҳаррис ва Дилан Клиболд 13 кишини (12 ўқувчи ва бир ўқитувчини) ўлдириб, яна 23 кишини яралаган, сўнг ўз жонига қасд қилган эди.

Бошқа ҳукуматлар сингари Россия маъмурияти ҳам бундай ҳужумларнинг олдини олиш йўллари ҳақида бош қотириб келади. 2014 йилда Москвада содир этилган хуруж ортидан президент Путин ҳар томонлама пухта таълим бериш мактабларда зўравонликлар олдини олишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади.

Россияда Беслан мактаби қамалидан кейинги ўн йил ичида мамлакат бўйлаб мактабларда қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилди. 2004 йил 1 сентябрь куни Бесланнинг 1-сонли мактабидаги тантанали йиғилиш чоғида бир гуруҳ жангарилар 1128 кишини гаровга олган эди. Махсус кучларнинг операцияси вақтида 334 киши, жумладан, 186 нафар бола ҳалок бўлган.

Кейинги йилларда Россияда мактаблар хавфсизлигини таъминлаш учун катта маблағ сарфланди. Хусусан, Путиннинг 25,4 миллион долларли миллий рақамлаштириш лойиҳаси доирасида 43 мингдан зиёд мактабда юзни таниб олиш тизимини ўрнатиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу технология ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатини кузатиб бориш ва мактаб ҳудудида бегоналарни аниқлаш орқали хавфсизликни таъминлашни кўзлайди.

Қозондаги ҳужум ортидан мактабдаги хавфсизлик чоралари ҳақида бир-бирига зид хабарлар тарқалди. Айрим хабарларда ушбу таълим масканида уч йилдан бери қоровул фаолият юритмагани айтилди. Аммо Озодликнинг татар-бошқирд хизмати мактабнинг 62 ёшли қоровули ҳужум пайтида ишда бўлгани ва куни кеча шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берди.

XS
SM
MD
LG