Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:23

Қўшиқчи Юлдуз Усмонова устидан судга даъво аризаси киритилди


Юлдуз Усмонова нафақат қўшиқлари, балки зиддиятли чиқишлари билан ҳам танилган.
Юлдуз Усмонова нафақат қўшиқлари, балки зиддиятли чиқишлари билан ҳам танилган.

Нукус шаҳрида қорақалпоқ тилида чиқадиган "Эл хизматинда" газетаси бош муҳаррири Султонбек Зиëев ва шу нашрнинг ҳуқуқшуноси Давлатмурод Тожимуродов Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмоновани судга берди. Озодлик танишган даъво аризасида Юлдуз Усмонованинг 2020 йил ZO'R TV каналининг “Сиз билан” деган кўрсатувида “қорақалпоқлар ўзбекнинг чопони ичидаги халқ” дегани юзасидан узр талаб қилинган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган газета ҳуқуқшуноси Давлатмурод Тожимуродовга кўра¸ Юлдуз Усмонованинг “қорақалпоқ халқидан узр сўраши талаб қилинган" даъво аризасини жорий ой бошида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди қабул қилиб олган.

Суд котибаси Озодликка “бу ариза қабул қилингани, аммо суд қачон бўлиши ноаниқлигини” билдирди. Котибага кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси, ҳақорат қилиш (Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш) бўйича малакаланган даъво аризаси белгиланган тартибда қабул қилиб олинган.

“Эл хизматинда” газетаси бош муҳаррири Султонбек Зиëев Озодлик билан суҳбатда бу аризани судга топширишнинг ўзига "беш ой кетганлиги"ни билдирди.

Даврон Тожимуродов ва Юлдуз Усмонова - ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментидаги хабарларга илова қилинган коллаж.
Даврон Тожимуродов ва Юлдуз Усмонова - ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментидаги хабарларга илова қилинган коллаж.

Қорақалпоғимсан! Сени мажнун бўлиб суярман!

Интернетнинг қорақалпоқ сегментида турли мем ва норози чиқишларга сабаб бўлган Юлдуз Усмонованинг “гапи” ҳақида “ZO’R TV”каналида ишлайдиган, аммо вазифасида матбуотга гапириш ваколати бўлмаган техник ходим Озодликка сўзлаб берди.

“Қишда “Сиз билан” деган кўрсатувда Юлдуз Усмонова қатнашди. Сценарий бўйича бошловчи икки оғиз гапириб, Усмонованинг қўшиғига навбат бериши керак эди. Шундан кейин Усмонова под фонограмма “Қорақалпоғимсан, сени мажнун бўлиб суярмиз” деган қўшиқни куйлаши керак эди. Аммо "отсебятина" бўлиб, Усмонованинг ўзи қўшиққа подводка сифатида бир нарсалар деди. Биз аҳамият ҳам бермадик. Чунки қўшиқда қорақалпоқлар улуғланган эди. Кейин билсак, "қорақалпоқлар ўзбекнинг чопони ичида" деган жойлари одамларга малол келибди".

Юлдуз Усмонова нима деган эди?

Озодлик ZO’R TV”каналида намойиш қилинган кўрсатувни кўрди. Кўрсатувда “Қорақалпоғимсан, сени мажнун бўлиб суярмиз” деган қўшиқ ижросидан олдин Юлдуз Усмонова мана бу гапларни айтади:

“Сизлар сўрашинглар мумкин. Нега Қорақалпоғистон, деб. Атта умуман яшаш осонмас. Умуман яшаш осонмас. Лекигин Ўзбекистон халқининг бағри ичидаги (Эгнидаги куйлак этагини очиб кўрсатади) чопонининг ичидаги халқ-да. Биз қорақалпоқ халқи учун жавоб берамиз. Ҳам Оллоҳни олдида¸ ҳам халқларни олдида. Чунки у бизнинг бир парчамиз. Оролнинг ярми қуриган. Ўша ерда бетини шўр босиб, балиқ тутиб ейди. Шаҳари бор (бармоқларини бирлаштириб кичкинагина деган ишорат қилади-таҳр.) Лекин четларида ўтовларда яшаëтган халқимиз ҳам бор.”

Усмонованинг бу гаплари нукуслик журналист Султонбек Зиëев ва шу газета ҳуқуқшуноси Давлатмурод Тожимуродов назарида "бутун қорақалпоқ халқига ҳақоратдир". Амударë туман Манғит шаҳрида яшайдиган ўқитувчи Баҳодир Қутлимуродов назарида, Усмонованинг гапи "Қорақалпоғистон ҳудудида яшайдиган ўзбек¸ қозоқ ва туркманларга ҳам оғир ботган".

Минтақани яхши билган ҳуқуқшунос Марим Ражабов фикрича, “Жиноят кодексининг 140-моддаси билан бутун бир халқни ҳақорат қилганликда айблаш мумкин эмас”.

“Битта одам мени ҳақорат қилди, деб арз қилиши мумкин. Бу аризада бутун Қорақалпоғистон халқи хақорат қилинди, дейилган. Қорақалпоғистон ҳудудида 2020 йил ҳолатига кўра, икки миллионга етар-етмас аҳоли яшайди. Шу аҳолининг ҳаммаси ҳақорат қилинганига оид исбот йўқ. Қонун бўйича шундай. Лекин кейинги пайтда ўзбек халқини ҳақорат қилди, деган ноилмий, ноюридик жумлаларни суд қарорларида кўриб қоляпмиз. Жорий йил 22 март куни сумалак қозони атрофида рақс кийимида видеога тушган аёллар ИИБга сўроққа чақиртирилиб, ўзбек халқидан узр сўрашга мажбур қилингани ҳам юридик жиҳатдан абсурд эди. Чунки бу қизларнинг 34 миллион халқнинг ҳаммасини ҳақорат қилганига оид исбот йўқ”.

Ҳуқуқшунос тахминича, суд Юлдуз Усмоновани озроқ миқдор жаримага тортиши ва Усмонованинг узр сўрашини талаб қилувчи қарор чиқариши мумкин.

Ҳуқуқшунос Ражабовга кўра¸ бутун бир халқни “чопон ичида” деб айтиш сиëсий одобсизлик, дея талқин қилиниши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидаги парламент бошқаруви шаклига эга бўлган суверен Республикадир.

Озодликнинг Юлдуз Усмонова ëки вакили билан бу юзадан боғланишга уриниши самарасиз бўлди.

Бухоро яҳудийлари Юлдуз Усмоновани антисемитизмда айбламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:02 0:00

"Жанжалкаш" хонанда

Юлдуз Усмонованинг тармоқлардаги зиддиятли чиқишлари бундан олдин ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

Жорий йил май ойида хонанданинг Исроил-Фаластин можароси юзасидан билдирган фикрлари АҚШ ва Исроилдаги Бухоро яҳудийлари жамоасида ғазаб ва хавотир билан қаршиланган эди.

Жамоа вакиллари Усмонова “антисемит оҳангидаги чиқишлари учун Исроил халқидан кечирим сўраши керак"лигини таъкидлашган бўлса, улардан айримлари Юлдуз Усмоновани “Халқ артисти унвонидан маҳрум қилиш”га чақирган эди.

Ўтган йили Усмонованинг Instagram’даги жонли эфирда ички ишлар ходимлари ҳақида айтган сўзлари унинг устидан маъмурий иш очилишига сабаб бўлган эди.

Шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларда Усмонованинг узр сўраб чиққан видеоси тарқалди.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида 11 йил давомида тақиқда бўлган ва мамлакатни бир муддат тарк этган Юлдуз Усмонова Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан яна саҳнага қайтди.

У ўзининг “запрет”дан чиқишига жорий президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева "сабабчи" бўлганини айтган.

Ўз вақтида ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримовага атаб “Гулисан” дея қўшиқ куйлаган хонанда яқинда Шавкат Мирзиёевнинг янги туғилган неварасига атаб ҳам қўшиқ ижро этган.

XS
SM
MD
LG