Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:07

Ҳамкасбини калтаклаган шаҳрихонлик бош врач ишдан бўшатилди


Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Шаҳрихон туман марказий касалхонаси бош врачи масаласи кўрилмоқда - 9 март, 2021 (Бошқарма матбуот хизмати сурати)
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Шаҳрихон туман марказий касалхонаси бош врачи масаласи кўрилмоқда - 9 март, 2021 (Бошқарма матбуот хизмати сурати)

Андижон вилоят, Шаҳрихон туман марказий касалхонаси бош врачи вазифасини бажарувчиси, шу муассаса лаборантини калтаклагани учун эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи 9 март куни ишдан олинган врачнинг ҳаракатини шифокор учун номуносиб ҳисоблаши, зўравон врач бошқа ишга ўтказилишини билдирди.

8 март оқшомида Шаҳрихон туман марказий касалхонасида юз берган ҳодиса акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

“Мушт кетди” тушиб қолган видеолар

8 сонияли биринчи овозсиз видеода атриум эшигини очиб, бинога кириб кетаётган оқ халатли эркакни унинг ортидан келаётган икки эркакнинг бири чақиргани тушунилади. Қўли эшик тутқичига етган оқ халатли эркак тўхтаб, ортига қарайди. Шу пайтда ортидан етиб келган эркак чап қўли билан унинг жағига мушт туширади.

Андижон врач калтаклади
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:08 0:00

Иккинчи овозсиз видео 43 сониялик. Унда ҳам халатсиз икки эркак ва халатли бир эркак акс этган. Бинонинг коридорида олинган бу видеода оқ халатли эркак билан халатсизлардан бири ўртасида оғзаки баҳс бўлаётганини тушуниш мумкин. Бироздан кейин халатсиз эркак оқ халатлининг юзига мушт туширади. Иккинчи халатсиз эркак мушт отаётган эркакни тинчлантиришга уринади. Калтак еган оқ халатли ҳужумга жавоб қилмай, чап томондаги эшикни очиб кириб кетади.

Андижон. Бош врач ходимни калтаклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

Озодлик видеоларда акс этган воқеалар Шаҳрихон туман марказий касалхонаси биносида бўлганини, калтаклаган эркак касалхона бош врачи вазифасини бажарувчи Руслан Убайдуллаев, калтакланган эркак эса шу касалхона рентген хонаси лаборанти Султонмурод Абдунабиев эканлигини аниқлади.

Калтаклаганнинг айтганлари

Бир ойдан буён Шаҳрихон туман марказий касалхонаси бош врачи вазифасини бажариб келаётган 34 яшар Руслан Убайдуллаев 8 март оқшомида бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида Озодликка гапириб берди:

"Ўша куни касалхонада маъмуриятдан навбатчи эдим. Бутун касалхона учун жавобгарман. Касалхонанинг ҳар бир бўлимида келган касаллар билан бирламчи контакт юз беради. Ўша куни куйиш билан тўрт хонадондан беморлар келган. Қабулхонага кирсам, фельдшер лаборантимиз ниқобсиз, халатининг тугмалари қадалмаган ҳолда турган экан. Масканг қани, деб сўрадим. Йўқ, деди. Бор йўқол унда, дедим. Муомалангизни тўғриланг, деди. Яна тур йўқол, маскангни тақ дедим. Шундан кейин бироз қўполлик қилдим, тўғри".

Калтакланганнинг айтганлари

Шаҳрихон туман марказий касалхонаси рентген-лаборант бўлиб ишлайдиган 29 яшар фельдшер Султонмурод Абдунабиев 8 март оқшомида бўлган воқеа тўғрисида Озодликка мана бундай деди:

"8 март куни сменада эдим. Кечқурун 11 дан ўтганда тоза ҳаво олиш учун ташқарига чиқдим. Кейин қабулхонага кирдим. Ўша ерда ходимлар билан гаплашиб турсам у (Руслан Убайдуллаев) кириб келди, аввалига салом-алик қилдик, бироз гаплашдик. Шундан кейин масканг қани деди. Маскам хонамда қолибди, дедим. Кейин у тур йўқол, деб шахсиятимга тегадиган гапларни гапиришни бошлади. Муомалангизни тўғриланг, дедим. Кейин яна бир нарсалар деди. Мен, майли деб хонамга кириш учун кета бошладим. Шундан кейин ортимдан келиб мушт туширди. Коридорга киргандан кейин яна урди".

Султонмурод Абдунабиевнинг айтишича, у бош врач вазифасини бажарувчи Руслан Убайдуллаевдан калтак еганидан сўнг воқеадан ўзининг бевосита раҳбари Отабек Аҳлиддиновни хабардор қилган.

Бўлим мудирининг айтганлари

Шаҳрихон туман марказий касалхонаси қабулхона-диагностика бўлими мудири Отабек Аҳлиддинов Озодликка ҳодиса тафсилотлари ҳақида гапириб берди:

"Султонмурод ўша куни (8 март) эрталаб соат 8 дан бошлаб касалхонада навбатчи эди. Кечқурун тоза ҳаводан нафас олиш учун ташқарига чиққан. Юзида ниқоб йўқлигини кўриб қолган Руслан Убайдуллаев уни уят сўзлар билан сўккан. Султонмурод, илтимос, сўкинманг, деган ва шундан кейин Убайдуллаев уни уришни бошлаган. Султонмуроднинг менга айтишича, Руслан унинг юзига камида уч-тўрт марта мушт туширган".

Яшин тезлигида кўрилган чора

Ҳодиса 8 март, кечқурун 11 дан ўтганда содир бўлган. Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси эртасига – 9 мартдаёқ Руслан Убайдуллаевни бошқармага чақиртириб, ишдан бўшатди.

Руслан Убайдуллаевнинг Озодликка айтишича, у 9 март куни кечки пайт вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига чақиртирилган:

"9 март, кечки пайт облздравга чақиртирилдик. Бошлиғимиз, мен, касаба уюшмамиз раиси, Султонмурод бордик Тушунтириш хатларимизни олишди. Менинг ишдан бўшаш тўғрисидаги аризамни олишди. Ўз хоҳишим билан ишдан бўшатишингизни сўрайман, деб ариза ёзиб бердим".

3 фарзанднинг отаси Руслан Убайдуллаев 10 мартдан бошлаб ишсиз эканлигини билдирди.

Касалхона қабулхона-диагностика бўлими мудири Отабек Аҳлиддинов Руслан Убайдуллаевнинг ишдан олингани тўғрисида эшитганини, бироқ бу ҳақдаги расмий ҳужжатни кўрмаганини билдираркан, бундай деди:

"Агар Руслан Убайдуллаев ўша воқеа учун аризасига биноан ишдан олинган бўлса, бу унга нисбатан қўлланилган нотўғри жазодир. Чунки раҳбариятнинг ундан ариза ёзишни талаб қилишга ҳақи йўқ. Чора меҳнат қонунчилигига асосан кўрилиши керак. Агар эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилган бўлса, меҳнат интизомини қўпол ёки ўта қўпол равишда бузгани учун деб бўшатиш керак. Ахир ариза ўз хоҳиши билан бўшаётган одамдан олинади!"

Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсуповнинг Озодликка билдиришича, Руслан Убайдуллаев бош врач вазифасини бажарувчиликдан бўшатилди, бироқ унга касалхонадан бошқа иш берилади.

"Руслан Убайдуллаев ишдан бўшатилгани йўқ, бошқа ишга ўтказилди. Туман соғлиқни сақлаш бўлими шуғулланаяпти. Унга иш берилади, ишсиз қолмайди", деди бошқарма бошлиғи.

Врач Убайдуллаевнинг ўз ҳамкасбини ургани ҳақида гапираркан, Салоҳиддин Юсупов бундай деди:

"Бизнинг касбимиз дўхтирлик. Бировнинг дардига малҳам бўлишдир. Бировга озор етказиш эмас ишимиз. У бола (Руслан Убайдуллаев) ўзи ҳам қилган ишидан пушаймон бўлди. Нима бўлган тақдирдаям ходимни урмаслиги керак эди. Ўзи тўғри тушуниб, ўзи тўғри хулосага келди".

Коронавирус билан боғлиқ вазият

Озодлик Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсуповдан коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият тўғрисида ҳам сўради. Бошқарма бошлиғи пандемия билан боғлиқ талаблар кучда қолаётганини айтди:

"Вирус билан боғлиқ барча талаблар ҳануз ўз кучида. Тиббий ниқоб билан юриш талаби ҳам бекор қилинган эмас. Аҳоли кўча-кўйда ниқоб билан юриши керак. Тарғиб қиляпмиз, лекин кўпчилик бу масалага енгилроқ қараяпти. Тиббий ниқобларни ечишга оид ҳеч қандай кўрсатма бўлгани йўқ".

XS
SM
MD
LG