Қирғизистон мухолифатига қарашли газета муҳаррирининг таъкидлашича, газетага қарши қўзғатилган қатор ишларда президент Асқар Ақаев қўли бор.

“Моя столица” газетаси бош муҳаррири Александр Ким ўтган ойда газетага қарши 13 иш қўзғатилганини маълум қилар экан, уларнинг ортида Ақаев турганини таъкидламоқда.
Даъвогарлар орасида эса бош вазир, ички ишлар вазири ҳамда бошқа юқори мартабали расмийлар, шунингдек, қонуншунослар ва таниқли тадбиркорлар бор. Уларнинг аксарияти газетани шахсан уларга ёки улар бошқараётган компанияларга тухмат қилганликда айбламоқда ва газета томонидан келтирилган маънавий зарар учун 1000 доллардан 65 минг долларгача пул талаб қилмоқда.
“Моя столица” газетаси халқ орасида Ақаев ҳукуматидаги коррупцияга оид мақолалари билан танилган эди.