АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Элизабет Жонс бугун Тошкентда Ўзбекистон расмийлари билан учрашди ва музокаралар чоғида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтарди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни азалдан танқид қилиб келадилар. “Ўзбекистонда сўнгги вақтларда бу борада силжиш кузатилган бўлсада, деди Элизабет Жонс хоним, бироқ баъзи соҳаларда салбий ўзгаришлар юз берган”. Шундай дер экан, АҚШ расмийси улар жумласидан яқинда тўрт маҳбусга ўлим жазоси белгиланганини айтиб ўтди.
Жонс, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базалари борлигини инкор этиб, “Марказий Осиёда чекланган миқдордаги АҚШ ҳодимлари фаолият олиб бормоқдалар”, деб таъкидлади ва бу Афғонистонда давом этаётган аксилтеррор кампания доирасидаги ҳамкорлик натижаси эканлигини айтди.
АҚШ қўшинлари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда жойлаштирилганлар.
Элизабет Жонс АҚШнинг Марказий Осиёдаги қўшинлари сонини кўпайтириш режаси йўқлигини маълум қилди.