Германия канцлери Герхард Шрёдер “Ироқ жаҳон ҳамжамияти учун таҳлика бўлса-да, бу урушни оқлай олмайди”, деб таъкидлади.

Шрёдер бундай баёнотни Жорж Буш Саддам Ҳусайнга мамлакатни тарк этиш учун 48 соат вақт беришини эълон қилганидан сўнг телевидение орқали қилди. Шрёдернинг айтишича, Ироқ уруши натижасида минглаб одамлар, асосан болалар ва аёллар нобуд бўлади.
“БМТ инспекторларининг Ироқда ишлаётганлари сабабли Ироқ туғдираётган хатар назорат остида эди”, дер экан Шрёдер, инспекцияларни тўхтатиш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтди. Германия раҳбари, шунингдек, жаҳон аҳолиси ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши аксарият қисми у билан ҳамфикр эканини таъкидлади.
Германия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзосидир. Унинг АҚШ, Британия ва Испания томонидан таклиф этилган Ироқ билан урушни қўллаб-қувватловчи янги резолюция лойиҳасига қарши овоз бериши кутилаётган эди.
Ватиканда Рим Папаси Ионанн Павел Иккинчининг матбуот котиби “Ироқ муаммосини тинч йўл билан ҳал этиб бўлмайди, деяётганлар Худо олдида жуда катта масъулиятни ўзларига оладилар”, деб айтди.