Ироқда исëн кўлами кенгайиб бормоқда

  • Замира Шукур
Ҳафта охири Ироқнинг Бағдоддан кейинги йирик шаҳри Басрада юзага чиққан исëн¸ сиртдан қараганда майдадек кўринган маиший сабабларнинг қандай катта тўполонларга олиб келишини яққол кўрсатди.
Электр қуввати ва бензин йўқлигидан ëз чилласида жон сақлашнинг барча замонавий имконларидан маҳрум бўлган минглаб басраликлар шаҳарни ишғол қилиб турган Британия қўшинларини тошбўрон қилдилар¸ ҳароратни янада алангалатиб¸ машина ғилдиракларига ўт қўйдилар.

Ярим миллион жонлик Басрадаги бу қўзғолон эса¸ Ироқдаги барча кўнгилсизликлар учун Саддам Ҳусайн тарафдорлари ва Баас режимини айблаб келаëтган АҚШ маъмурияти баëнотларининг ўзига хос раддияси бўлди.

Зотан¸ қўзғолон чиқарганлар ўзларининг сиëсий ғоялар учун эмас¸ балки оддий инсоний шароит талабида бош кўтарганларини таъкидламоқдалар.

Ироқ тупроғига оëғингни қаттиқроқ боссанг¸ ë нефт ëки қадим маданиятлар қолдиқлари чиқади¸ деган матал бор. Сувдан кўра нефт кўп бўлган ана шундай мамлакат аҳолиси АҚШ ва Британия қўшинлари Ироқни ишғол қилганидан бери¸ бензин олиш учун жазирама офтобда километрлаб навбат кутишга маҳкум. Машина бакига чекланган миқдордаги бензин қуйиш навбати келгунча¸ улар ҳозирда оз эмас¸ кўп эмас 24 соат киприк қоқмай кутишлари керак. Кутишни истамаганлар имконида эса¸ отанг бозор¸ онанг бозор нақлидаги каби¸ бир литр бензин учун 50 баравар кўп ҳақ тўлаб¸ уни қора бозордан олиш имкони бор¸ холос.

Айни пайтда¸ овқат пишириш учун ишлатиладиган суюлтирилган газ ҳам ноëб матоҳга айланиб бормоқда ва бир газ балони нархи Саддам замонидагидан 16 бараварга кўтарилиб кетди.

Оддий ироқликлар ва жаҳон ҳамжамиятининг каттагина қисми¸ ердагилар қадамини коинотдаги сунъий йўлдош воситасида санашдек технологик супер қудратга эга бўлган АҚШ нинг қарийб тўрт ойдан бери Ироқда аҳолининг элементар эҳтиëжларни қондиришни эплай олмаëтганини тушуна олмай ҳалак.

Аммо Вашингтоннинг бу манзарага қараши тамомила бошқача ва Буш маъмурияти расмийлари Ироқда қўлдан келган чоралар ишга солиниб¸ ҳар куни янги прогресс қайд этилаëтганини даъво қилмоқдалар.

Колин Пауэл: “ Ироқда жуда кўп яхши ишлар бўлаяпти. Болалар мактабга қайтмоқда¸ касалхоналарнинг бари ишламоқда¸ ҳеч ким очидан ўлаëтгани йўқ. Секинлик¸ аммо изчиллик билан инфраструктура қайта изга тушмоқда”

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлнинг бу баëнотидан бери бир ой ўтди. Ироқдаги ҳаëтнинг ироқликлар ва америкаликлар нигоҳидаги манзарасида кузатилган бу тавофут ўткан ой ичида камайди эмас¸ балки янада катталашди.

Ироқлик тадбиркор Саъдун Муҳаммад¸ вазиятнинг Пауэл айтганига тескари тарзда¸ кундан-кун ëмонлашаëтганини айтади.

Муҳаммад: “ Кўрганларимга асосланиб айтишим мумкинки¸ Ироқдаги вазият кундан-кунга ëмонлашмоқда ва бугун эртадан яхшироқ бўлиб қолмоқда. Ижтимоий ҳаëт¸ хавфсизлик ва иқтисодий аҳволда фақат орқага кетиш кузатилмоқда. Тез орада Ироқ бир-бири билан урушаëтган турли сиëсий¸ диний ва этник гуруҳлар гирдобида қолиши мумкин.”

Ироқни ишғол қилиб турган АҚШ ва Британия қўшинлари¸ ҳозирча бу каби шикоятларга сабаб бўлаëтган вазиятни яхшилаш учун имкон қадар ҳаракат қилаëтганларини билдирмоқдалар.

Чунончи¸ Басра қўзғолонининг эртасига Ироқни қайта қуришга маъсул бўлган Америка расмийлари Басрадаги нефтни қайта ишлаш заводини тўлиқ қувват билан ишга туширишга имкон берувчи янги генератор устида ишланиëтгани¸ қолаверса уруш пайтида ишдан чиққан электр станцияларини таъмирлаш жараëни ҳам тезлашганини маълум қилдилар.

“Ню Йорк Таймс” газетасининг ëзишича¸ агар Басрадаги каби қўзғолонлар кўлами кенгайгудек бўлса¸ америкаликлар нефт денгизи устида турган Ироқдаги эҳтиëжни қоплаш учун ташқаридан бензин ва керосин импорт қилишгача бориб етишлари мумкин. Бўзчи белбоққа ëлчимайди деб¸ шуни айтсалар керак!