МУХОЛИФАТЧИЛАРГА ҚАРШИ КУРАШГА ТАШЛАНГАН ДИПЛОМАТЛАР

Совет империясининг доҳийларидан бири Иосиф Сталин ўз мухолифларидан, улар океан ортида бўлсалар ҳам, ўч олишни қойиллатар эди. Троцкийнинг ўлдирилиши бу фикрнинг биргина мисолидир.

Афтидан, Туркманистон раҳбарияти ҳам мухолифат билан ишлашнинг сталинча усулларидан фойдаланаётганга ўхшайди.

6 август куни Туркманистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Авди Қулиев Москвада, ўзи яшаб турган квартал ҳудудида калтаклаб кетилган эди. Жаноб Қулиев автобус бекатида турганида бир нотаниш йигит даб-дурустдан унга ҳужум қилиб қолади-да, калтаклаб кетади. Бир амаллаб ортига қайтган Қулиев ўз уйи олдида яна ўша йигитга дуч келади. Безори яна муштларини ишга солади...

Туркманистон собиқ Ташқи ишлар вазири Авди Қулиев калтаклаб кетилганидан бир ой ўтиб-ўтмаёқ, 2 сентябр куни Москвада Озодлик радиоси Туркман хизматининг штатсиз мухбири Шоназар Бердиев калтаклаб кетилади. У ўз квартирасининг эшигини очаётган пайтида, милиция кийимидаги бир номаълум шахс ортидан келади-да, бошига зарба беради. Шоназар қулаб тушганидан сўнг, ҳужум қилган шахс яна бир бор унинг юзига уради, шундан сўнг "Сени иккинчи бу ерда кўрмай", деб ғойиб бўлади. Бу ҳақда Шоназар Бердиевнинг ўзи воқеа содир бўлган куннинг эртасига радиомиз мухбирига айтиб берган эди.

Калтакланган журналистнинг аҳволи оғирлашгач, "Тез ёрдам" чақирилади ва врачлар унинг мияси чайқалганини қайд этадилар.

Хўш, икки туркманистонликнинг Москвада калтаклаб кетилиши - шунчаки бир тасодифми ёки махсус уюштирилган акциями?

"Аввало, икки кишигина эмас, калтаклаб кетилганлар”, - дейди радиомиз мухбирига интервю берган Виталий Пономарёв, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи "Мемориал" марказининг Марказий Осиё бўйича дастури директори, - 2002 йилнинг декабрида журналист Ботир Муҳамедовнинг калтаклаб кетилганлигини эслаш мумкин...

Виталий Пономарёв бошқа ҳодисаларни ҳам бирма-бир эслаб ўтди. Умуман, "Мемориал" маркази ихтиёридаги маълумотларга кўра, ўтган бир йил ичида 6 нафар туркман диссиденти ҳамда журналисти калтаклаб кетилган.

Калтакланганлардан сўнггиси Шоназар Бердиев тўғрисида яна икки оғиз маълумот. У туркманистонлик диссидент Муҳаммадгелди Бердиевнинг ўғлидир. Муҳаммадгелди Бердиев 1997 йили хорижий ахборот воситаларида Туркманбоши режимини танқид қила бошлаган. Унинг укаси, Мари вилоятида мухолифатчиларнинг "Туркман эли" журналини тарқатган Маратмуҳаммад Бердиев эса, психиатрия касалхонасига ётқизилади ва кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмади. Унинг ўлимига нима сабаб бўлганлиги сирлигича қолиб келмоқда, дейилади "Мемориал" маркази тарқатган маълумотларда.

Психиатрия касалхонасида вафот этган диссидент Маратмуҳаммад Бердиевнинг жияни 22 ёшли Шоназар Бердиевнинг 2 сентябр куни калтаклаб кетилиши унга нисбатан қилинган биринчи тажовуз эмас. Бундан бир йил муқаддам, 2002 йилнинг 23 октябр куни кечқурун ишдан уйига қайтаётганида икки номаълум шахс уни зўрлик билан машинага ўтқазишга ҳаракат қилган. Шоназар уларнинг қўлидан чиқиб қочишга муваффақ бўлган. Ортидан қувган кимсалар унинг тўхташини туркман тилида талаб қилишган.

Москвада яшаётган туркман мухолифатчилари ва журналистларига нисбатан қилинаётган тазйиқлар кимнинг иши? 6 август кунги воқеадан сўнг эр-хотин Қулиевлар бу ишни Туркманистон хавфсизлик хизматидан кўрган эдилар. Кейинги кунларда рўй берган баъзи воқеалар собиқ Ташқи ишлар вазирининг гумонлари асоссиз эмаслигини кўрсатмоқда.

"Мемориал" маркази куни-кеча тарқатган бир маълумотда Россия Федерал хавфсизлик хизмати шу йилнинг 17 августида туркман мухолифатчиларига қарши ғайриқонуний амалиётлар ўтказиш билан шуғулланаётган туркманистонлик бир неча дипломатни қўлга олган. Қўлга олинганлар орасида Туркманистоннинг Россиядаги элчихонаси биринчи котиби, Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлигининг элчихона ҳузуридаги вакили ва бошқалар бор, деб хабар қилади "Мемориал" маркази.

Ташкилот баёнотида Туркманистон элчихонасининг Москвада қўлга олинган ходимлари кўп ўтмай қўйиб юборилгани, бироқ, элчихонанинг ғайриқонуний ҳаракатларга алоқадор 8 ходими Россиядан чиқиб кетишга мажбур бўлганликлари айтилади.