Бугун Фаластин лидерлари Ясир Арафатни ҳокимиятдан четлатиш ҳақидаги Исроил тахдидини қаттиқ танқид қилдилар.

Ўтган ҳафтада Исроил Хавфсизлик Кенгаши Ясир Арафатни ҳокимиятдан четлатиш ҳақида қарор қабул қилиб, буни қандай амалга ошириш масаласига аниқлик киритмаган эди.
Кеча Исроил Бош вазири ўринбосари Эхуд Олмарт, Арафатнинг ҳаётига суиқасд уюштириш имкониятлардан бири эканини маълум қилди.
Бироқ, бугун Исроил Ташқи Ишлар Вазири Силван Шалом унинг мамлакати суиқасд уюштириш ниятида эмаслигини, Исроил ҳукумати чора кўришдан аввал халқаро ҳамжамият фикрини ўрганишини маълум қилди.
Айни пайтда, Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Хавиер Солана Исроил Арафатни ўлдиришга уринишини тасаввур қила олмаслигини билдирди. Бироқ у сўзига қўшимча қилиб, Исроил бундай йўл тутмаслик ҳақида кафолат бермаганини айтди.