ЕР ИСЛОҲОТИНИНГ ИККИНЧИ БОСҚИЧИ

Қирғизистонда ўтказилаётган ер ислоҳоти давомида советча колхоз-совхозлар тарқатилиб, уларнинг ери ва мулки колхозчи ва ишчиларга бўлиб берилгани тўғрисида кўп ҳикоя қилганмиз. Колхоз-совхозлар ери ва мулкидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида бевосита иштирок этмаганлар - ўқитувчилар, врачлар ва бошқа касб эгалари ҳам улуш олганлар. Шу йил февралидан бошлаб, маълумотларга қараганда, Қирғизистонда ер ислоҳотининг иккинчи босқичи бошланади.
90-йилларнинг бошларида, яъни Қирғизистон раҳбарияти ер ислоҳотини бошлаётган йилларда бу масала республика жамоатчилиги орасида жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Чунки яхшими-ёмонми, ҳар қалай бир маромда ишлаб турган тизимни, колхоз-совхозлар тизимини бузиш керак эди. Бироқ, радикал ислоҳот тарафдорлари советча колхоз-совхозлар бошқарувнинг коммунистча маъмурий-буйруқбозлик усулидан қўлланилган совет давридагина муайян самара берган, лекин ўша самара ҳам ўта нисбий бўлиб, ўлмай қолиш учунгина етадиган самара эди, эндиликда эса, ерни ҳам хусусийлаштириш зарур, чунки мамлакат хўжалигининг бир қисмини хусусийлаштириб, бошқа қисмини давлат тасарруфида қолдириб бўлмайди, дегандилар.

Ўтган 10 йил давомида ер хусусийлаштириб бўлинди, хусусий ердан фойдаланишнинг, уни сотиш ва харид қилишнинг қонуний асослари яратилди.

Қирғизистонлик деҳқон шу кунда айтиш мумкинки, ўзига хон, ўзига бек. Қирғизистонга келин бўлиб тушган андижонлик бир аёл Озодлик мухбири билан суҳбатда мана бундай деб мақтанган эди:

- 36 сўтик ерим бор. Бир йилда 20 минг сўм фойда кўраман

20 минг қирғиз сўми шу кунда 500 АҚШ доллари атрофидаги ақча. Бу маблағнинг оз-кўплигини ўзбекистонлик деҳқон ўз даромадига қиёслаб, билса бўлади.

Қирғизча ер ислоҳоти муаллифлари фикрича, республика бўйлаб яккахўжалик юритувчи деҳқонлар синфи яратилди, энди эса, ислоҳотларнинг иккинчи босқичини бошлаш пайти келди.

Қирғизистон республикаси Қишлоқ ва Сув хўжалиги, Қайта ишлаш саноати вазири Александр Костюкка кўра, ислоҳотнинг иккинчи босқичида асосий эътибор деҳқонлар кооперативларини тузишга қаратилади.

Шу кунда деҳқонлар ер улушларига, мулкка эга. Бироқ улар бўлиб олган ерларида ишлаш жараёнида бир қатор муаммоларга дуч келишаяпти. Кооперациялар тузилса, деҳқонларнинг ўзлари етиштирган маҳсулотни сотиши, техникадан фойдаланиши анча қулайлашади. Бу эса тармоқнинг ўсишига олиб келади, - дейди Қишлоқ хўжалик вазири Александр Костюк.

Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеш Қонун чиқарувчилар палатаси депутати Бўрибой Жўраевнинг фикрича, тузилажак кооперативларга солинадиган солиқ миқдорини озроқ белгилаш лозим. Депутат берган маълумотларга қараганда, Қирғизистон парламенти яқин орада "Кооперация тўғрисида"ги янги қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Лойиҳада қишлоқ хўжалик кооперативларига камида 7 та деҳқон хўжалиги бирлаша олиши мумкин.

Қирғизистон республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, шу кунда мамлакат бўйлаб 100 мингга яқин деҳқон хўжалиги бор. Яъни, ўзининг ер улуши бор 100 мингга яқин деҳқон мавжуд.

Хўш, Қирғизистонда яна колхозлаштириш бошланаяптими? "Кооперация тўғрисида"ги янги қонун муаллифларига кўра, асло бундай эмас. Кооперацияларга бирлашиш мутлақо ихтиёрийдир. Худди шундоқ бўлиши лозимлигини Қирғизистон республикаси Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва Кўчмас мулкни қайд этиш вазирлиги раҳбари Тўлўбек Ўмуралиев ҳам Озодлик мухбири билан суҳбатда таъкидлади.

- Кооперациялаш совет давридагидай куч ишлатиб мажбурлаш йўли билан ўтказилмаслиги керак. Деҳқонлар, агар хоҳласалар, ўз ихтиёрлари билан бирлашиб ишласин. Улар ўз ихтиёрлари билан уюшганларидагина ислоҳотлар самара беради, - дейди вазир Ўмуралиев.