Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида тахминан 500 аëл июн ойига белгиланган президентлик сайлови ўз вақтида ўтказилишини қўллаб-қувватлаб юриш қилдилар.

4 январда қабул қилинган Афғонистоннинг янги Конституцияси мамлакатда биринчи марта демократик сайловлар ўтказиш учун имконият яратди. Мазкур Конституцияда аëллар ҳуқуқлари ҳам кафолатланган.

Аммо БМТнинг Афғонистондаги расмийларига кўра, сайловчиларни руйхатга олиш ишлари жуда секин олиб борилаëтгани туфайли, президентлик сайлови ўз вақтида ўтказилмаслиги мумкин. Маълумотларга қараганда, ҳозирча 10 миллион сайловчидан тахминан 507 минг киши овоз бериш учун руйхатдан ўтган.