Ўзбекистонда “Қорадори-2004” тадбири ўтказилмоқда

Феруза Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари 1 майдан буён “Қорадори-2004” операциясини ўтказмоқда. 1 июлгача давом этадиган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад гиёҳванд моддаларнинг мамлакатга кириб келиши ва транзит йўли билан олиб ўтилишининг олдини олишдир.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили, милиция майори Исмоил Миноваровнинг сўзларига қараганда, шу кунга қадар наркотик моддалар етиштириш билан боғлиқ 681 ҳолат аниқланган. Гиёҳванд моддалар етиштирилиши аниқланган майдонларнинг умумий сатҳи 12 минг 97 квадрат метрни ташкил этади. Бу ҳолатлар бўйича 449 та, шу жумладан, наркотик моддаларни олиб ўтиш билан шуғулланиш юзасидан 270 та жиноят иши қўзғатилди. Мусодара қилинган наркотик моддалар миқдори 146 килограммни ташкил этади. Шундан 20 килограммдан ортиғи героиндир.

И.Миноваровнинг таъкидлашича, тадбир бошлангандан буён гиёҳванд моддалар етиштириш, сотиш ва тарқатиш билан боғлиқ 1381 ҳолат аниқланган.

И.Миноваровнинг билдиришича, 2003 йилги бутун тадбир давомида наркотик моддалар етиштириш бўйича 850 та ҳолат аниқланган эди.