Журналистлар судга мурожаат қилишни хуш кўрмайдими?

Шайбон “Интерньюс” ташкилоти май ойи давомида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолияти билан боғлиқ қонунбузарликлар юзасидан ўтказган мониторинги натижаларини эълон қилди.
Бу сафарги ҳисоботда май ойида журналистларга маълумотлар бермаслик, уларни баъзи тадбирларга киритмаслик, суд жараёнларида меҳнат қуролидан фойдаланишга рухсат этмаслик ҳолатлари қайд этилган.

Ҳисоботда айтилишича, “Трибьюн-уз” Интернет нашрининг Навоий шаҳридаги мухбири Нодира Самандарова “Ғаллабанк”нинг вилоят филиалига борган ва банк бошқарувчиси Нодирбек Каримов билан кредит олишдаги муаммолар хусусида суҳбатлашмоқчи бўлган. Н.Каримов эса маълумот бериш ўрнига журналистдан дарҳол бинони тарк этишни талаб қилган. Бошқа бир журналист эса Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ғанижон Рустамовдан Ўзбекистон туманининг “Ғаниобод” ширкат хўжалигида ойлик маошлар билан боғлиқ муаммолар сабаби ҳақида сўраган. Ҳоким ўринбосари эса журналистга мутлақо маълумот бериш истаги йўқлигини билдирган.

Вилоятларга фаолият олиб бораётган журналистлардан бирининг таъкидлашича, мониторингда келтирилган ҳолатлар тобора анъанавий тус олиб бормоқда.

Саломат исмли журналистнинг билдиришича, вилоятларда ўрнатилган норасмий тартиб-қоида бўйича мухбир бирор корхона, ташкилот, муассаса ёки хўжаликдан лавҳа тайёрламоқчи бўлса, ҳокимдан расман рухсат олиши шарт.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи хорижий ОАВ ходимлари ҳам Ташқи ишлар вазирлигида расман рўйхатга олинган бўлишига қарамай, кимлардир рухсат олиш талабига дуч келади.

Ҳисоботда тилга олинган муаммолардан яна бири журналистларнинг очиқ суд жараёнларига киритилмаслигидир. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, “Интерньюс” мониторингларида бу каби ҳолатлар деярли ҳар ойда қайд
этилади.

Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Олимжон Ўсаровнинг таъкидлашича, журналистларнинг очиқ суд жараёнларига қатнашувига тўсқинлик қилиш мутлақо ғайриқонунийдир. Чунки мамлакат қонунчилигига кўра, ОАВ вакиллари барча очиқ суд жараёнларига қатнашиши мумкин. Суд раиси эса журналистнинг жараённи тасвирга тушириши, овозни ёзиб олишига рухсат бериш ёки бермасликни ҳал қилиш ваколатига эга. Шу билан бирга, рухсат бермаган тақдирда судья буни асослаши талаб этилади.

Хўш, бирор амалдор ёхуд ташкилот вакили журналистга маълумот беришни рад этса, уларга чора кўрувчи расмий тузилма борми? “Озодлик” мухбирининг Матбуот ва ахборот агентлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага қилинган мурожаатларидан маълум бўлишича, бундай ҳолатларни назорат қилувчи ягона тузилма йўқ. Аммо, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг билдиришича, журналист ўзининг маълумот олиш ҳуқуқини бузган шахс устидан судга мурожаат қилса, бундай шахсларга чора кўрилиши мумкин.

Ҳисоботда журналистнинг ўз ҳуқуқлари бузилганда қаерга мурожаат қилиши ва ҳуқуқларини қай тарзда ҳимоя қилиши ҳақида ҳуқуқшунос маслаҳати ҳам келтирилган. Таажжубланарлиси шундаки, ҳуқуқлари бузилганига қарамай, бирорта журналистнинг судга мурожаат қилгани ҳолати кузатилмаган.