Ўта хавотирли мақола”

Шайбон Ўзбекистон Олий Мажлиси кенгаши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси нашри ҳисобланмиш “Халқ сўзи” газетасининг 10 август кунги сонида Озод Аббосхўжаевнинг “Мустақиллик нега муқаддас?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада муаллиф Ғарб ҳуқуқ ҳимоячиларини демократия ниқоби остида ўзбек ёшларини ғарбийлик касалига дучор қилишга уринаётганликда айблайди.
“Демократия, демократия, дея айюҳаннос соладиган айрим халқаро ҳуқуқ “ҳимоячилари” унинг маъносини талқин қилишда бизга қолганда хато қилишади. Нимагадир улар демократия - бу ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш эркинлиги эканлигини бизни билмайди, деб хомтама бўлишяпти. Демократия дея бизга ғарбча яшаш низомини тиқиштираётганлар халқимизни, айниқса, ёшларимизни ўзбекларга эмас, ўзларига ўхшатишга уринмоқдалар…”, деб ёзади О.Аббосхўжаев.

“Озодлик” мухбири мазкур мақолада баён этилган фикрларга муносабат сўраб, ўзбекистонлик зиёлиларга мурожаат этди.

“Демократик ташаббус” маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, “демократия” тушунчасини шахсий нуқтаи назаридан туриб, бир-бирига зид бўлган маъноларда талқин қилиш амалиёти пайдо бўлмоқда. Аммо демократия ғарбона ва шарқона шаклларга бўлинмайди. Демократия қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилинишидир. Демократиянинг ушбу асосларини ўзгача талқин қилаётганлар эса демократ ниқоби остида айни муқаддас тушунчани бадном қилишга уринаётган шахслардир.

Сиёсатшунос Ойгул Маматова эса мулоҳазаларини қуйидагича баён этди:

“Бирёқламалик, кампаниябозлик бизнинг менталитетимизга хос хусусиятлар. Ҳатто демократияга нисбатан муносабатда ҳам шу жиҳатларни кўриш мумкин. Аслида демократиянинг миллати, ирқи, ўзига хос хусусиятлари бўлмайди. Демократия барча халқ учун мос келадиган, барча миллатнинг ҳаётида керак бўладиган сўз эркинлиги, яшаш эркинлиги, инсон ҳуқуқлари сақланишидир”.

“Мустақиллик нега муқаддас?” мақоласида муаллиф, юқорида зикр этилганидек, демократия дея ўзбекларга ғарбча яшаш низомини тиқиштирилаётгани, айниқса, ёшларни ғарбликларга ўхшатишга уринилаётгани ҳақида ёзади. Умуман, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ёшларнинг ғарбона ҳаёт тарзига муккасидан кетаётгани, улар ҳатто ўзбек анъаналарини менсимай қўйгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо таниқли шоир Жамол Камол бу қараш нотўғри эканини таъкидлади. Унинг эътирофича, ёшларнинг мутлақ кўпчилигида соғлом ақл билан яшашга интилиш бор. Ёшлар орасида айниганлари ҳам бўлиши мумкин. Лекин бу ёшларнинг барчаси миллий қадриятлардан узоқлашиб кетмоқда, дейишга асос бермайди.

Ж.Камол Ўзбекистонда фаолият юргизаётган хорижий ташкилотлар, демократия ниқоби остида ёшларни ғарбона ҳаёт тарзига даъват қилишга
уринаётгани ҳақидаги даъволарни инкор этди.

“Бундай ташкилотлар бизга нисбатан ёмон ниятда экани тўғрисидаги гапларга қўшилмайман. Бутун дунё мамлакатлари бир-бирига нисбатан ўз муносабатини билдираётган ҳозирги даврда қайсидир масала бир давлатнинг ўз иши эканини таъкидлаш, менинг назаримда, тўғри эмас”, деди шоир.

И.Худойбергановнинг таъкидлашича, О.Аббосхўжаевнинг мақоласи ўта хавотир уйғотади. Чунки у Ғарб демократиясини танқид қилиш баҳонасида давлатнинг илгари ўзи ваъда қилган демократик ислоҳотлардан чекинаётганини кўрсатади. Мақола муаллифи кишилар эътиборини мавжуд муаммолардан чалғитиб, Ўзбекистонга тааллуқли бўлмаган бошқа масалаларга қаратган.