Маҳаллий матбуотга ишонч йўқ...ми?

“Озодлик” мухбири Фарғона вилоятида истиқомат қилаётган баъзи фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг Ўзбекистон матбуотига муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.
Учкўпир туманилик Валижон Қўчқоровнинг сўзларига қараганда, уч йилча муқаддам унинг қизи ўлдирилиб, ўз жонига қасд қилган, деган хулосага келиниши учун осиб қўйилган. Натижада бу жиноят ўз жонига қасд қилиш сифатида баҳоланиб, ёпиб юборилган. У бу иш уюштирилгани юзасидан “Даракчи”, “Ҳуқуқ оламида”, “Адолат йўли” газеталари, “Ёшлар” телеканалигача шикоят мактуби ёзган. Лекин бирорта шикоятига жавоб олмаган. Шундан кейин у Ўзбекистон матбуотига ишонмай қўйган.

Ўзбекистон туманилик фуқаронинг таъкидлашича, мамлакат оммавий ахборот воситалари фақат мақтов билан шуғулланади. Бирор муаммони матбуотда кўтариш ва унинг ечимини топишга уринишга йўл берилмайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, бундан 14 йил муқаддам Олтиариқ туманида “Давр овози” газетаси чоп этилган. Унинг 1990 йил 25 декабрь сонида “Белариқликлар нега очлик эълон қилди?” сарлавҳали мақола босилган.Мақолада очлик эълон қилганлар:“Оналар – фарзандлар тақдири ўз қўлингизда”, “Пахта бизнинг бойлигимиз – 60 сўмдир ойлигимиз”, “Йўқолсин халқни алдаган раҳбарлар”, “Аёллар ва болалар оғир меҳнатдан озод қилинсин” каби шиорлар билан чиққанлиги ёзилган. Бугунги кунда мамлакатда ўтказилаётган пикетлар, норозилик чиқишлари ҳақида маҳаллий матбуот бирорта чиқиш қилгани йўқ.

Фарғона телевидениеси мухбири Салима Рустамованинг билдиришича, маҳаллий матбуот ходимлари мақтовларга кўп берилгани учун халқ уларни ёқтирмаётир. Шунга қарамай, маҳаллий матбуотда журъатли журналистлар кўп. Аммо улар тайёрлаган материаллар чоп этилса ёки эфирга узатилса, муаллифлар юқори ташкилотлар томонидан тазйиққа учрайди.