Фарғоналиклар қийноқларга қарши

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари фаоллари йиғилишида вилоятда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилиши муаммоси муҳокама этилди.
Йиғилишда ўзи ёки яқинлари қийноқларга дучор бўлган фуқаролар ҳам иштирок этди.

“Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг сўзларига қараганда, Фарғонада ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан фуқароларни ноқонуний равишда ҳибсга олиш, судланувчи ва гумон қилинувчилардан ташқари гувоҳларни ҳам қийноққа солиш ҳолатлари давом этмоқда.

Фарғонадаги “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Асқарали Файзуллаевнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда муқаддам судланганлар бўйнига очилмаган жиноятларни қўйишга ҳаракатлар кўпайган.

Вилоятнинг Охунбобоев туманида яшовчи Мамасодиқ Раҳимовнинг ўғли Салимбек 1977 йилда туғилган. Жорий йилнинг 24 ноябрида Қирғули тумани ички ишлар бўлими ходимлари Салимбекни шубҳали шахс сифатида ушлаган.

“2001 йилда Нилуфар исмли қиз ўлдириб кетилган экан. Ушбу жиноятни ўғлимнинг бўйнига қўймоқчи бўлишган. Ўғлим бўйнига олмаслиги айтган. Шундан кейин уни уч киши калтаклаган. Қийноқлар ўн беш кун давом этган. Ҳозир бу ишни прокуратурага ошириб, ўғлимни шу жиноятни содир этишда айблашмоқчи”, - деди М.Раҳимов.

Олтиариқлик 25 ёшли Фаррух Пирматовнинг билдиришича, у милиция ходимларининг техник жиҳозларини ўғирлашда айбланиб, ёз ойларида ҳибсга олинган. Прокуратурага ариза ёзишига рухсат берилмагандан кейин 21 кун давомида очлик эълон қилган. Очлик эълон қилганининг учинчи ҳафтаси бошланишида жиноятни бўйнига олишни талаб қилиб, милиция ходимлари уни роса калтаклаган. Бу калтакланиш асоратлари ҳали ҳам билинади.

М.Тожибоеванинг эътирофича, қийноқларнинг ҳамон давом этаётганида давлат томонидан тайинланадиган адвокатларнинг ҳам ҳиссаси бор. Улар ҳуқуқ-тартибот ходимлари гумонланувчининг бўйнига қўйган жиноят бўйича тузилган ҳужжатларга имзо чекиб бераверади. Яъни ўз мижозини ҳимоя қилишга уринмайди.

Йиғилиш иштирокчилари мамлакатда, хусусан, Фарғона вилоятида қийноқлар қўлланиши тўхтатилишини талаб этиб, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Президенти номига махсус баёнот қабул қилди.