Ватиканда Рим папаси Иоанн Павел иккинчининг соғлигидан хабар берувчи бюллетен эълон қилинди

Пайшанба куни Иоанн Павел иккинчи Римдаги Жемелли касалхонасида операция килинган эди.
Шифокорларнинг айтишича¸ операция фавқулодда муҳим бўлмаган. Павел иккинчи авваллари ҳам ҳиқилдоқ бўғилиши билан оғриб келган. Шифокорларга кўра, грипп унинг нафас олиш органларида муаммо пайдо қила бошлаган.
Ватикан расмийларига кўра¸ ҳозир Рим папаси аҳволи яхшиланмоқда, ўпка яллиғланиши аломатлари йўқ. Аммо шифокорларнинг айтишича, касаллик асоратлари тўлалигича бартараф этилмаган.
— У мустақил тарзда нафас олмоқда ва унинг юрак қон-томир тизими нормал ҳолатда. Шифокорлар маслаҳатига кўра, операциядан сўнг ҳиқилдоқ ўз функциясини тиклаб олгунига қадар¸ у бир неча кун гапирмаслиги керак, — деди Рим папаси вакили Хокин Наварро-Валлс.