Сафар Абдуллаев журналистларни ҳушёрликка чақирди

Феруза
Интернетда Ўзбекистонда 2005-2007 йилларга мўлжалланган қатағон режаси ҳақида Сафар Абдуллаев имзоси билан эълон қилинаётган мақолаларининг навбатдаги ўнинчи қисми босилди.

Муаллиф Ички ишлар вазирлиги мақолаларда келтирилаётган фактларнинг манбаларини аниқлашга жиддий киришгани, ўнинчи мақола охиргиси бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Аввалги мақолаларда ИИВ томонидан қатағон қилиниши мўлжалланган журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан баъзиларининг рўйхати эълон қилинганди.

Ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарафуддинов бундан бир қанча вақт муқаддам журналистлар билан учрашув чоғида бу мақола бўҳтондан иборат эканини, ҳеч қандай “қора рўйхат” йўқлигини таъкидлаганди.

Аммо мазкур учрашувга боришга чоғланган мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Тошкентда қандайдир катта амалдорнинг топшириғи билан ўғирлаб кетилган, мислсиз ҳақоратланиб, Фарғонага олиб бориб ташланганди.

Орадан сал ўтмай жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров аёвсиз калтакланди.

Сўнгги кунларда эса Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти журналистлари ўзлари доимий кузатувга олингани тўғрисида гапирмоқда.

С.Абдуллаев бу каби хавфлар ҳақида аввалги мақолаларида огоҳлантирганди. У куни-кеча эълон қилинган 10-мақоласида “қора рўйхат”га номлари тушган журналистларни мавжуд хавфга жиддийроқ муносабатда бўлишга чақиради.

Хўш, “қора рўйхат”да номлари келтирилган журналистларнинг ўзи бу чақириқни қандай қабул қилмоқда?

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Г.Бухорбоеванинг айтишича, агар чиндан ҳам қатағон режаси мавжуд бўлса, ҳукумат ўзининг инқирози ва халқнинг ночор аҳволда қолишига журналистлар айбдор эмаслигини тушуниб етиши керак. Чунки улар фақат ўз касбини қиляпти, холос. Халқнинг дарду аламини ёритаётган журналистларни йўқ қилиш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди.

“Қора рўйхат”дан жой олган журналистларнинг бирининг сўзларига қараганда, С.Абдуллаевнинг мақолалари қайсидир кучларнинг иғвосидир. Уларда номи тилга олинган баъзи журналистлар билан содир бўлган воқеаларнинг аввалдан башорат қилинишини ҳам жиддий қабул қилиш керак эмас. Чунки бундай башорат қилиш учун Ўзбекистонда яшаб, “қора рўйхат”даги кишиларнинг вазиятини билишнинг ўзи кифоя.