Андижон воқеаларидан кейинги сиёсий ҳаракатлар (Гаплашадиган вақтлар)

Тўлқин
Бошловчи: Андижон воқеаларидан сўнгги учинчи ҳафта ҳам тугаб бормоқда. Бугунги давра суҳбати шу вақт ичидаги воқеалар ривожига бағишланади.

Давра суҳбатида Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев, жамиятшунос Комрон Алиев ва “Халқ дипломатияси” уюшмаси аъзоси Йўлдош Носиров иштирок этади.

Андижон воқеаларидан кейинги диққат марказидаги воқеа инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолиф фикрдаги баъзи кишиларнинг оммавий таъқиб-тазйиққа олиниши бўлди. Бу жараённи қандай изоҳлаш мумкин?

Т.Йўлдошев: Демократик кучларга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тазйиқлар бугун бошланган эмас. 1999 йил 16 февралдаги портлашлардан кейин уларга тазйиқлар бўлган эди. Ўтган йил баҳор ойларида ҳам портлашлар бўлди. Ўшанда демократик кучлар холисона комиссия тузиб, текширув олиб боришни талаб қилган эди. Лекин шу ишларни қилишга бу кучларга ҳукуматимиз розилик бермади. Мана, энди бир йил ўтиб Андижон воқеалари юз берди. Кимдир юздан ортиқ, кимдир мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганини айтяпти. Бунинг ичида болалар, оналар ҳам бор. Бунга бефарқ қараб бўлмайди. Олти йилдан бери бундай воқеалар юзасидан ҳукумат ўзининг тергов ишларини олиб боряпти. Юзлаб одамларни отди, қамади. Лекин самараси йўқ. Шунинг учун демократик кучлар шу ҳукуматга ёрдам бериш таклифи билан чиқмоқчи бўлди. Ҳукумат розилик бермагандан кейин одамлар ўзича, қўни-қўшни ёки бошқалар орқали текширувни бошлаб юборди. Бу одамлардан баъзилари қамалди, айримлари уй қамоғида ётибди. Ҳукумат ўзига ёрдам берувчиларга қарши шундай тадбирларни қўллаяпти. Буни ҳеч тушуниб бўлмайди.

Бошловчи: Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъқиб-тазйиққа олинаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

И.Худойберганов: Биз гувоҳи бўлаётган нарсалар Ўзбекистон ички сиёсатига ниҳоятда тўғри келади. Чунки Андижондаги воқеларни террорчилар бошлагани айтилган кейин бугун кўриб турибмизки, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қатағонга учраяпти. Уларни терроризмда айблаб бўлмайди. Демак ҳозир бўлаётган жараён Ўзбекистон ички сиёсатининг бир йўналиши. Бу инсон ҳуқуқларини паймол қилиш йўли. Шу йўл тўқнашувларга олиб келади. Биз осойишталикни қидирадиган бўлсак, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишимиз, нафақат оддий инсон, авваламбор, ҳокимият ҳурмат қилиши керак. Акс ҳолда Ўзбекистонда тинчлик бўлмайди.

К.Алиев: Шу кунларда сиёсатчилар ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига бўлаётган тазйиқларнинг кўринишлари масаласига тўхталганда, баъзи ҳолатларга ҳайрон қолмасдан илож йўқ. Чунки одамларнинг уйларига эрталаб соат бешда бостириб кириляпти. Суръат Икромов, Клара Аҳмедовна, Урлаева, Абдувоҳид Тошхўжаевни мисол сифатида кўрсатишимиз мумкин. Ҳатто Сотволди Абдуллаевга ҳужум ҳам уюштирилди. Бу одам етмишдан ошган, икки ўғли қамоқда ўлган. Учинчиси чўкиб кетган. Ҳаётда ниҳоятда оғир мусибатларга учраган. Шундай одам ҳам калтакланди. Менимча, бу ишларнинг давлатга алоқаси бўлмаса, қаттиқ текширувга олиниши керак.

Бошловчи: Жаҳон ҳамжамияти, Ғарб мамлакатлари Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилишини қатъий талаб қилмоқда. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати бунга қатъий қаршилик кўрсатиб турибди. Охир-оқибатда халқаро комиссияга йўл бериладими ёки йўқми?

Й.Носиров: Андижон воқеаларидан кейин шу тўғрида кўп ўйладим. Эътибор берган бўлсангиз, Президент террорчилар халқни кўчага ҳайдаб олиб чиққанини айтди. Террорчилар 5 минг халқни ҳайдаб олиб чиқишга қачон улгурди? Бу ерда шубҳа пайдо бўлади. Пикетларда орган ходимлари плакатларни юлиб кетиши кўп бўларди. Андижонда халқ икки кун чиқиб, ўз норозилигини баён қилиб турди, лекин уларга тазйиқ бўлмади. Бу ҳам шубҳали. Ҳозир халқаро комиссияга рухсат берилмаслиги, мамлакатнинг ўз кучи билан ҳал қилиниши айтиляпти. Бизнинг парламентда халқ вакиллари йўқ. Менимча, четдан холис одамлар келиши керак. Журналистлар, тажрибали терговчилар келиши лозим. Агар холис кишилар келмас экан, раҳбарларимизнинг ёлғони кўп.

Т.Йўлдошев: Агар ҳукуматимиз ўз гапи тасдиқланишини истаса, халқаро комиссиядан қўрқиш керак эмас. Халқаро комиссия нега тузилади? Бу ерда оддий мўмин-мусулмонларга қарши тазйиқ ўтказилди, отилди, қамаляпти, бошқа бўляпти. Ҳозирги шароитда Ғарб мамлакатлари экстремистик гуруҳлар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда борми, бўлса қанчалик кўп, уларга халқаро террорчилик ташкилотлари аралашганми-йўқми, буни аниқ билмоқчи. Ғарб ҳукуматларининг мана шу талабида жуда катта асос бор. Барча фактлар очиб танлангандан кейин маълум бир қарорга келинади. Инсон ҳуқуқи ҳар бир давлатнинг ички иши эмас. Хоҳласа отиб ташлаб, хоҳласа қамаб, бундай бўлиши керак эмас. Инсон ҳуқуқлари бошқа миллатларнинг ҳам мажбуриятларига киради. Шунинг учун Ғарб мамлакатлари талабларида асос бор, деб ўйлайман ва Ўзбекистон ҳукумати уларга йўл очиб бериши керак. Ҳеч бўлмаганда, демократик кучларга, инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига холисона хулосага келиш учун йўл очиб бериш керак. Уларга тазйиқ ўтказиш мутлақо нотўғри.

И.Худойберганов: Агар Ўзбекистон ҳукумати ҳақиқатан осойишталик тарафдори бўлса, холис халқаро комиссия Андижон воқеаларини текшириши шарт. Халқаро комиссияга рухсат берилмаса, биринчидан, вазиятни оғирлаштиради. Иккинчидан, бу халқаро комиссия барибир Ўзбекистонга кириб келади. Ўзбекистонни Ироқдаги бўлган воқеалар кутиб турибди. Чунки бу кетишда эртага Бухоро, индинга Қорақалпоқ, Тошкент деймиз, бу туришда биз тинчимаймиз. Агар бунга чек қўймоқчи бўлсак, халқаро комиссияга йўл беришимиз керак.

К.Алиев: Андижон воқеалари кўлами ва кенглиги билан Ўзбекистонда шу вақтгача бўлган террорчилик ҳаракатларидан кескин ажралиб туради. Ҳатто дунё миқёсидаги шу даражадаги воқеалардан ҳам юқори, деб айтишимиз мумкин. Агар 2004 йилда Тошкент ва Бухородаги террорчилик ҳаракатларида бир неча ўн киши ҳалок бўлган бўлса, ҳозир ҳукумат тан олганининг ўзи 170 дан ортиқ. Агар унга бедарак йўқолганлар, кимлиги аниқланмаган ўликларни қўшсак, давлат томонидан бериладиган рақамларнинг ўзи бир неча юздан ортади. Маълумки, ҳозир Андижон воқеларида 545 киши ўлгани тан олиняпти. Хусусан, “Эзгулик” жамияти томонидан 1000 дан ортиқ рақам ҳам айтилди. Кўпчилик гувоҳлар 500, 700, 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, деб айтяпти. Бу ерга ярадорлар киритилаётгани йўқ. Беслан воқеаларида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Москвадаги “Норд-Ост”да 150 га яқин одам ҳалок бўлган. Демак Андижон воқеаси кўлами жиҳатдан Пекинда бўлган Тяньаньминь воқеасига тўғри келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан ҳам буни Ўзбекистоннинг ички иши сифатида қарашга ҳаққимиз йўқ. Унинг кўлами шунчалик каттаки, буни халқаро комиссия текшириб, ҳукуматнинг оқланадиган жойи бўлса, у холис фикрни айтиб бериши керак. Бу воқеаларнинг ўзининг халқаро компоненти бор. Президентимизнинг айтишича, бир неча юз кишидан иборат бўлган террорчилар гуруҳи Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон орқали кириб келган. Воқеалардан кейин яна Қирғизистон ва Тожикистонга чиқиб кетгани айтиляпти. Демак бу халқаро миқёсдаги террорчилик воқеаси. Демак бунга Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳукуматлари жавоб бериши керак. Шунинг учун Ўзбекистон киритмаётган бўлса ҳам халқаро комиссия мустақил равишда ишлаб, текширувни ушбу давлатлар ҳудудидан бошлаши керак ва охири Ўзбекистон билан тугатилиши лозим.

Бошловчи: Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ташқи сиёсатида, геосиёсий позициясида бир талай ўзгаришлар кўзга ташланди. Масалан, Ўзбекистон ҳукуматини Россия ва Хитой қўллаб-қувватлади. АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи танқид қилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати Ғарбдаги стратегик ҳамкорларидан юз буриб, Хитой билан ҳамкорликни бошлаб юборди. Ташқи сиёсатдаги бу ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?

Т.Йўлдошев: 11 сентябрь воқеаларидан кейин Ғарб мамлакатлари, хусусан, Америка Ўзбекистонга кўп ёрдам берди. Миллионлаб долларлар, қурол-аслаҳа, техника воситалари берилди. Дунё мамлакатлари бирлашиб, халқаро терроризмга қарши курашга бел боғлади. Ўзбекистон ҳам ўзига баъзи мажбуриятларни олди. Энди Ғарб Андижондаги воқеалар терроризм бўлса ёрдам кўрсатиш, бошқа нарса бўлса, шунга яраша чора кўриш учун ўз экспертларини юбормоқчи бўлди. Ўзбекистон уларни қабул қилмаяпти. Бундан кейин Ўзбекистонга ҳеч қандай ёрдам берилмайди.

Бошловчи: Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон Президенти Хитой сафарида бўлиб қайтди. У ерда бир неча инвестиция лойиҳалари имзолангани ҳақида матбуотда ҳам хабарлар берилди. Хитой маблағлари Ўзбекистоннинг илгари Ғарбдан олган ёрдамини қайсидир даражада қоплаши мумкинми?

И.Худойберганов: “Эволюция” деган тушунча бор. Инсоният демократик йўлдан боради. Бошқа ҳеч қандай йўл йўқ. Ўзбекистон ташқи сиёсатни шунга қараб белгилаши керак. Агар ўзбек халқи бой, фаровон, осойишта яшасин деса, Ўзбекистон демократик йўлга ўтиши шарт. Демократик йўлга ўтаман деса, Ғарб билан ҳамкорликни кучайтириш лозим. Ўзбекистон сиёсатини Россия ва Хитойга йўналтириши бирорта натижа бермайди. Биринчидан, Россия бой мамлакатлар қаторига кирмайди. Иқтисодиётимизни ривожлантиришга ёрдам бера олмайди. Хитой ҳам худди шундай. Ўзбекистон бугунги геосиёсий вазиятдан фойдаланмоқчи. Чунки Россия ва Ғарб мамлакатлари ўртасида келишмовчиликлар бор. Бизнинг ташқи сиёсатимизни ишлаб чиқаётган экспертлар Хитой ёки Россиядан ёрдам кутиб хато қилади. Биз янада оғир аҳволга тушиб қоламиз. Чунки на Россияда, на Хитойда Ўзбекистон учун керакли маблағ йўқ. Ғарбдан қанча чекинсак, шунча орқага кетамиз.

Бошловчи: Хитойнинг Ўзбекистонга яқинлашувидан қандай манфаатлар бор, деб ўйлайсиз?

Т.Йўлдошев: Келишув бўлгандан кейин томонлар ўз талабларини қўяди. Хитойнинг асосий талаби Хитой моллари учун Ўзбекистон чегарасини бошқаларга нисбатан кўпроқ очиб қўйиши керак. Шундагина Хитой Ўзбекистонга сармоя ётқизади. Қандайдир лойиҳаларни амалга оширишга ваъдалар кўп бўлади, одатда. Амалда эса бу ваъдаларнинг кўпи билан 10 фоизи амалга ошади, холос.

И.Худойберганов: Агар Ўзбекистон Ғарбдан юз ўгириб, Россия ва Хитойга йўналса, ниҳоятда ортга қолиб кетади. Хитой билан алоқа Ўзбекистон иқтисодиётини йўққа чиқаради. Чунки Хитой, асосан, Ўзбекистонга пахта маҳсулотларини олиб киради. Ўзбекистон шу маҳсулотни чиқаради. Шундай экан, бизда қишлоқ хўжалиги, ўрта ва кичик бизнес ривожланиши сустлашади. Ғарбга яқинлашсак эса халқнинг яшаш тарзи яхшиланади. Чунки Ғарбдан замонавий талабларга жавоб берадиган технологиялар кириб келади. Буни тарих кўрсатиб турибди. Масалан, Жанубий ва Шимолий Корея. Жанубий Корея демократия томонга йўл босгани учун бугун энг ривожланган давлатлар қаторида. Шимолий Корея эса коммунистик мафкурада қолиб кетди. Шу икки давлатни солиштирса бўлади. Ғарбий Германия ва ГДР ҳам шунга мисол. Шунинг учун ҳокимиятни сақлаб қолиш учун Хитой ва Россияга интилиш хавфли йўналиш.