“Бухоротекс” ўз маҳсулотларини сота олмаяпти

Басира Бухоро вилоятидаги энг йирик корхоналардан бири бўлмиш “Бухоротекс” акциядорлик жамияти 1 июндан буён ўз ишини тўхтатгани сабабли шу кунларда 6 мингга яқин фуқаро ишсиз қолди.
“Бухоротекс” раҳбари ўринбосари Мэлс Ҳожиевнинг сўзларига қараганда, комбинатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сотилмай, омборхоналарда туриб қоляпти. Хомашё - пахта толаси сотиб олишга эса маблағ йўқ.

М.Ҳожиев корхонани ишга тушириш учун барча чоралар кўрилаётганини билдирди.

Маълум бўлишича, хомашё сотиб олиш учун корхонага тахминан 7,2 миллион доллар зарур бўлади. Комбинат ишлаб туриши учун кунига 50 тонна пахта толаси талаб этилади. Бу эса ҳар куни 60 минг доллар маблағ зарур деганидир.

Акциядорлик жамиятида 8 мингга яқин киши меҳнат қилади. Асосий цехларда иш тўхтагани сабабли уларнинг 6 мингга яқини бекорчи бўлиб қолди. Улар меҳнат таътилига чиқариб юборилди.

Ишчиларнинг таъкидлашича, улар таътилда бўлишига қарамай, март ойи маошларини олиш учун корхона кассаси олдида кунлаб навбат кутмоқда.

Ишчилар корхонанинг тўхтаб қолиши сабабларидан бири сифатида яқинда комбинат солиқ ва электр ҳақини тўлаганини ҳам кўрсатиб ўтди.

Шу ҳафтада корхонани қайта ишга тушириш чоралари кўрилаётгани маълум қилиняпти. Аммо ишчилар бунга ишониш қийинлигини айтмоқда.