Марказий газеталар шарҳи

Дилнаво
“Халқ сўзи” газетасининг 5 июль сонида Маҳмуд Қурбонийнинг “Ўзимиздан сотқин чиқмаса” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. “Огоҳлик” рукни остида Андижон воқеаларига ўз муносабатини баён қилган муаллиф, жумладан, бундай ёзади: “Ёнган театрни қурувчилар тузатишади. Деворларларга кириб кетган дайди ўқлар суғуриб олиниб, ўрни сувалади. Аввалгидан ҳам чиройли қилиб қўйилар. Лекин 16 ёшли Махмуджоннинг баданига кирган ўқни нима қиламиз? Ўқни чиқариб олган билан Маҳмуджон тирилиб қолмайди. Маҳмуджоннинг хунини ким тўлайди? Андижоннинг бегуноҳ боласини ким ўлдирди? Қотил ким? Бутун жаҳон, ўзбекистонликларнинг 25 миллион қўллари акромийлар қочиб кетган томонни кўрсатмоқда. 25 миллион тил “Акромийлар” деб такрор, такрор қарғамоқда:
Маҳмуджоннинг қотили ким – акромийлар!
Жоҳилларнинг жоҳили ким – акромийлар!”



“Фидокор” газетасининг 5 июль сонида Ориф Холиқуловнинг “Ким олдин мушт кўтаради ва кимнинг оёғи қалтирайди?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф мақола тайёрлаш жараёнида Самарқанд шаҳридаги амалдорлардан бири билан бўлиб ўтган суҳбатини келтиради:
“Мен мухбирларга ҳеч қандай маълумот бера олмайман. Министримиз ва вилоят ҳокимининг буйруғи шундай.
-Ўша буйруқларни кўрсатсангиз, мумкин бўлса, албатта.
-Буйруқлар оғзаки бўлган.
-Биз сиздан Ўзбекистон Республикасининг “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун доирасида ахборот сўраяпмиз, холос. Ушбу қонуннинг 5-моддасида журналист ўз касбига доир фаолиятини амалга ошириш чоғида ахборот тўплаш, уни таҳлил этиш ва тарқатиш хуқуқига эга эканлиги аниқ белгилаб қўйилганлигидан хабарингиз бордир, ахир.
-Хўп, майли, сизлар билан мен эмас, ўринбосарим суҳбатлашади. (Ўринбосарини чақиртирди). Қанақа саволларингиз бор?”



“Ҳуррият” газетасининг 6 июль сонида Раҳимжон Ирисов “Бугунги ОАВ” сарлавҳали мақоласида, жумладан, бундай ёзади: “Нега биз журналистлар шиддатли замонамизга мослашишимиз бунчалар қийин кечяпти? Ҳозир оғир иқтисодий ҳолатда турган вилоят, туман ҳокимлиги газеталари таҳририятлари иш услубларини қайта кўриб олсалар, боқимандалик кайфиятидан тезроқ қутулсалар яхши бўларди. Негаки газеталар бир қолипдаги қишлоқ хўжалигига доир зерикарли мақолалар билан тўлиб чиқади. Телевидениелар дастурлари концерт ва фильмдангина иборат бўлиб қолмоқда”.