Майерсга кўра, Россия ва Хитой АҚШ билан ҳарбий сохада ҳамкорлик қилаётган ва ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат берган Марказий Осиё давлатларини қўрқитишга ҳаракат қилмоқда. Генерал Майерснинг ушбу танқиди ўтган ҳафта Қозоғистон пойтахти Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қабул қилган қўшма баёнотга жавобан янгради. Қўшма баёнотда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар АҚШдан Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларини олиб чиқиб кетиш аниқ муддатини белгилашни сўрагандилар. Шу ҳафта Қирғизистон президенти мамлакатининг АҚШ билан қўшинларни олиб чиқиш жадвалини мубоҳиса этиш ниятида эканини айтди. Ундан аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳарбий базаси Афғонистондаги ҳарбий амалиёт тугагунига қадар Ўзбекистонга жойлаштирилганини билдирганди.