Ўзбекистон АҚШдан Хонободдаги ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда.

Исми ошкор этилмаган АҚШ расмийсига асосланиб “Вашингтон пост” газетасининг билдиришича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шу ҳақдаги мактубни жума куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасига топширган.
Ройтер ахборот агентлиги мухбирига кўра, шанба куни Пентагон матбуот вакили Глен Флуд мактубдан хабари борлигини айтиб, Мудофаа вазирлиги бу масала юзасидан Давлат Департаменти билан бирга ишлаётганини билдирган.
Давлат Департаменти ҳозирча бу борада ҳеч қандай маълумот тарқатгани йўқ. “Вашингтон пост” газетасининг яна билдиришича, жанговор учқичлар, ҳарбий хизматчилар ва техникани Хонобод базасидан олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон АҚШ ҳукуматига 180 кун мухлат берган.