Эркин матбуот ҳақида фикрлашга ҳам имкон йўқ

Феруза
Хорижий оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган баъзи журналистларнинг Ўзбекистонга кириши ёки чиқишига имкон берилмаётган бўлса, айримлари ҳукумат тазйиқлари жабридан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқда.

Маҳаллий матбуотда уларга қоралашга қаратилган кампаниябозлик давом этаётганини эса гапирмаса ҳам бўлади. Хўш, Ўзбекистон расмийларининг мустақил журналистлар ва хорижий ОАВ вакилларига бундай муомала қилишига нима сабаб бўлмоқда?

Сиёсатшунос Анвар Тўлагановнинг фикрича, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати изоляция қилиш сиёсатини кучайтирди. Яъни ҳукумат мамлакатга четдан ахборот киритмасликка, ички вазият ҳақида четга маълумот чиқармасликка уринмоқда.

“Халқ орасида эркин матбуот вакиллари сифатида танилган хорижий ОАВ вакиллари Ўзбекистонда мавжуд бўлиши мамлакат ҳукуматининг демократик тамойилларга оз бўлса-да, мойиллиги борлигини кўрсатиб туради. Аммо кейинги 2-3 йилдан буён уларнинг фаолият кўрсатиши янада оғирлашиб бормоқда”, - деди А.Тўлаганов.

Турли таҳдидлар ва ҳаёти учун юзага келган жиддий хавф туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган мустақил журналист Тўлқин Қораевнинг таъкидлашича, ҳукуматнинг сиёсати бу ерда фаолият кўрсатаётган хорижий ОАВ фаолиятини тўхтатишга қаратилган. Мустақил журналистларни жиловлашга ҳам уринишлар давом этяпти.

Мустақил журналист Сергей Ежков мамлакатда ОАВ борасида олиб борилаётган сиёсатга биргина сўз билан изоҳ берди: “Ўзбекистон ҳукуматига эркин матбуотнинг кераги йўқ”.

Мустақил журналист Алимардон Аннаевнинг эътирофича, эркин ва холис фикрлайдиган журналистларга бўлаётган тазйиқлар мамлакатда сўз эркинлигини бўғишнинг энг юқори босқичга чиққанидан дарак беради.

“Бизни нафақат эркин матбуот ҳақида сўз юритишга, балки бу ҳақда фикрлашга ҳам йўл қўйишмаётир”, - деди А.Аннаев.