Бишкек шаҳар туманлараро суди Қирғизистон миграция қўмитасининг Ўзбекистон фуқаросига қочқин мақомини бермаслик тўғрисидаги қарорини бекор қилди.

Ўзбекистон фуқаросининг адвокати Чўлпон Жакупова суд бошқа ўзбекистонликларнинг ишларини ҳам кўриши кераклигини айтди:
“Ўзбекистон Бош прокуратураси Қирғизистон Иммиграция департаментига тақдим этган ҳужжатлар диққат билан ўрганиб чиқилганидан сўнг, биз бу жараёнда процессуал тартиб кўплаб бузилганини аниқладик. Департамент ана шу камчиликларни тузатиши учун биз суддан қарорини бекор қилишни ва бу ишни департаментга қайтаришни сўраймиз”.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Иммиграция департаменти Қирғизистонда ҳибсда ушлаб турилган 15 нафар Ўзбекистон фуқаросидан тўрт нафарига қочқин мақомини бермаган. Чунки Тошкент расмийлари уларни терроризм, оммавий тартибсизлик уюштирганлик, милиция ходимини ўлдирганлик ва экстремистик гуруҳларга аъзоликда айблаган.