Қозоғистондаги йирик муҳолиф ҳаракат шу йил декабрда бўладиган президент сайловига ўз номзодини эълон қилди.

Бу номзод Қозоғистон Парламенти қуйи палатасининг собиқ раиси Жармахон Туяқбайдир. “Фақат Қозоғистон учун” мухолиф ҳаракати вакили Калдаркан Камбарга кўра, Туяқбай душанба куни Марказий Сайлов комиссиясига ўз номзодини тақдим этади.
Амалдаги президент Нурсултан Назарбоев ва Қарағанда вилояти сенатори Уаликхан Кайсаровлар ҳам президентликка номзодини қўйган.
Жармахон Туяқбай вақтида Назарбоев бошчилигидаги “Отан” партиясининг асосий фигураларидан бири эди. Ўтган йили у мамлакатда ўтказилган парламент сайлови натижаларини кескин танқид қилган ва шундан сўнг мухолифат сафига ўтган эди.