Европа Иттифоқига раислик қилаётган Британия Европа Иттифоқи Ташқи Ишлар вазирлари номидан Ўзбекистонга оид баёнот эълон қилди.

Хужжатда Андижон воқеалари тўғрисидаги ҳукумат ҳулосаларини савол остига қўйган сиёсий фаолларга нисбатан Ўзбекистон ҳукумати юритаётган сиёсат борасида жиддий ташвиш билдирилган.
Баёнотда Ўзбекистон ҳукумати томонидан хибсда сақланаётган Серқуёш Ўзбекистоним коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг вазияти ёмонлиги тўғрисидаги маълумотлар юзасидан жиддий хавотир билдирилиб, Умаровнинг ҳолати мустақил кузатувчилар томонидан текширилишига чақирилган.
Баёнотда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева ва Саиджахон Зайнобиддиновнинг вазияти ҳақида ҳам ташвиш билдирилиб, улар саломатлигига путур етказилмаслигига умид билдирилган.
Айни пайтда, Европа Иттифоқи баёнотида Ўзбекистон ҳукумати томонидан рухий касалликлар шифохонасида сақланган Елена Урлаева қўйиб юборилгани қутланган.