Буш томонидан тарихий деб аталган мазкур келишувга кўра¸ АҚШ Ҳиндистоннинг фуқаровий ядро дастурлари учун зарур материал ва технология еткизиб беради.
Мутахассислар¸ ядровий қуролларни тарқатмаслик умумжаҳон келишувига қўл қўймаган Ҳиндистон билан бундай шартнома имзолашнинг баҳсталаб эканини таъкидлашмоқда. Мазкур келишув АҚШ Сенати томонидан маъқуллангач¸ кучга киради.
Бугун Деҳлида қилган баëнотида президент Буш¸ АҚШ демократик Ҳиндистоннинг ўсиб келаëтган стратегик ва иқтисодий аҳамиятини тан олишини айтди.
“Ҳиндистон ва Америка умумий қадриятларга асосланган стратегик шериклик барпо этди. Демократик давлатларимизнинг ҳар иккиси ҳам диний плюрализм ва қонун устиворлигини ҳурмат қилади. Биз савдо воситасида иқтисодий тараққиëт ва ҳар икки мамлакатдаги тадбиркорлик руҳини рағбатлантириш йўлларини изламоқдамиз”¸ - деди президент Буш жумладан.
Айни пайтда¸ Жорж Бушнинг 4 мартга белгиланган Покистон сафари арафасида бугун Карачидаги АҚШ консулхонаси олдида худкушлик ҳужуми амалга оширилди. Натижада¸ бир Америка дипломати ва яна уч киши нобуд бўлди¸ 50 дан ошиқ одам жароҳатланди.
Ҳозирча ҳужум учун ҳеч ким маъсулиятни зиммасига олмади.
Мазкур ҳужумга Деҳлидан туриб муносабат билдирган президент Буш¸ бундай террор ҳаракатлари Покистонга белгиланган сафарини тўхтата олмаслигини айтди.
“Террорчи ва қотиллар мени Покистонга боришдан тўхтата олмайдилар. Покистонга белгиланган сафарим жуда муҳим¸ хусусан президент Мушарраф билан террорчиларга қарши курашимизни давом эттириш борасида гаплашиб олишимиз муҳим”¸ - деди АҚШ президенти.
Покистон АҚШ нинг аксил-террор урушидаги асосий шерикларидан бири ҳисобланади.