Бугун Бразилия тарихидаги биринчи космонавт Россия-АҚШ экипажи ҳамроҳлигида ер атрофида парвоз қилаëтган Халқаро фазо станциясига қўнди.

Экипаж ўтирган Союз кемаси пайшанба куни Қозоғистоннинг Боўқўнғир космодромидан космосга кўтарилган эди.
Уч кишилик янги экипажнинг бразилиялик вакилини фазо станциясидаги россиялик космонавт Валерий Токарев: “Люкни очамиз. Салом Маркос....” - дея қарши олди.
Бразилиялик космонавт Маркос Понтес (суратда) бир ҳафтадан сўнг Халқаро фазо станциясининг ўз миссиясини тугатаëтган гуруҳи билан ерга қайтиб тушади.
Келаси олти ой давомида фазо станциясида россиялик космонавт Павел Виноградов ўз америкалик ҳамкасби Жеффри Виллиамс билан бирга фаолият олиб боради.