Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Теҳрон расмийлари халқаро ҳамжамият таклифига жавоб беришдан олдин уни ўрганиб чиқишини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда Германия ташқи ишлар вазирларининг пайшанба кунги Вена учрашувида Эроннинг уранни бойитиш ишларидан воз кечиши эвазига иқтисодий манфаатли таклифлар ишлаб чиқилган эди. Шу ҳафта бошида АҚШ ҳам Эрон билан олиб борилаётган сўзлашувларга қўшилишини билдирганди.
М.Муттақий агар “яхши ният бўлса”, олдинга силжиш рўй бериши мумкинлигини, аммо музокаралардан олдин шарт қўйилмаслиги кераклигини айтди.
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Ҳавьер Солананинг матбуот вакили халқаро ҳамжамият таклифини тақдим этиш учун бошлиғи зудлик билан Эронга боришга тайёрлигини, бироқ сафар муддати ҳозирча белгиланмаганини таъкидлади.