Байрамали Юсупов ҳозирча Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинмайдиган бўлди

Ўзбекистонлик Байрамали Юсуповнинг уни ўз юртига экстрадиция қилиш тўғрисида Россия Бош прокуратураси чиқарган қарор юзасидан ёзган шикоят аризаси 21 июль куни Россия Олий Судида кўриб чиқилди.
Суд мажлисида иштирок этган мухбиримизга кўра¸ Россия Олий маҳкамаси¸томонларни эшитиб кўриб Байрамали Юсупов ишини қайта кўриб чиқиш учун Тюмен вилоят судига юборган. Айни пайтда Байрамали Юсупов суд ҳукм чиқаргунича Ўзбекистонга эктрадиция қилинмаслиги айтилган.

Б.Юсупов Ўзбекистон ҳукумати талаби билан 2005 йилнинг 31 августида Россия хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган бўлиб, 11 ойдан буён Тюмень тергов изоляторида сақланмоқда. Б.Юсупов ўзига қочқинлик мақоми беришни рад этгани учун Тюмень миграция хизматини судга берган, туман ва вилоят судларида бу иш унинг фойдасига ҳал бўлмаган эди.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари Байрамали Юсупов иши борасидаги ҳужжатлар Страсбургдаги халқаро судга ҳам юборилганини айтишади.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитасининг марказий осиёлик сиёсий қочқинларга кўмак бериш дастури раҳбари Елена Рябинина бу хабарни тасдиқлаб, Б.Юсупов иши Страсбургдаги халқаро судда ҳам кўриб чиқилажагини маълум қилди.

“Б.Юсупов Бош прокуратурадан олган билдирувнома Страсбург судига жўнатилди. Шунингдек, Байрамали Юсуповнинг шикоят аризалари ҳам талаб этилган эди. Ҳозирда бу ҳужжатларнинг барчаси жўнатилган”, - деди Е.Рябинина.

Ўзбекистон фуқароси Байрамали Юсупов 1979 йилда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида туғилган.

“Мемориал” маркази маълумотига кўра, у 1999 йилда Самарқанд давлат университетининг иқтисод факультетида ўқиб юрган кезлари Самарқанд вилояти ички ишлар ва миллий хавфсизлик бошқармаларига чақиртирилиб, сўроқ қилинган ва уларнинг тазйиқларига учраган. Улар ётоқхонасидан исломий китоблар топилган Байрамалидан ваҳҳобийлик оқими аъзоси сифатида ислом давлати қуриш истагида эканини тан олишни талаб этган. 1999 йил мартда Б.Юсупов университетдан ҳайдалган ва 2003 йилнинг апрелигача туркларнинг Тошкентдаги “Бурсел” қурилиш компаниясида ишлаб келган. Бироқ милиция ходимлари уни суриштириб, уйига бир неча бор келганидан сўнг яна қийноққа солинишдан қўрқиб Россияга кетган.

Б.Юсупов 2003 йил ноябрдан буён Тюмень вилоятида қурилиш соҳасида фаолият юритувчи Россия – Туркия қўшма корхонасида ишлаётган эди.

2005 йил 23 январда Қарши тумани ички ишлар бўлими Б.Юсуповга нисбатан қидирув эълон қилган ва у ўша йилнинг 31 августида Тюменда ҳибсга олинган.

Ўзбекистон томони Б.Юсуповни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, тақиқланган ташкилотларга аъзолик, чет элга қонунга хилоф равишда чиқиш каби жиноятларда гумон қиляпти.