Байрут яна бомбардимон қилинди

Яқин Шарқда кескин вазият сақланиб қолмоқда. Сешанба куни Исроил ҳарбийлари 24 соатлик танаффусдан кейин Ливан пойтахти Байрут шаҳрини яна бомбардимон қила бошлади. Бунга Ливан жанубидаги Хибуллоҳ жанггариларининг Исроилга қарата ракеталар отгани сабаб бўлди.
25 июл куни халқаро телеканаллар Байрут шаҳрининг аҳоли яшайдиган туманларида бир неча портлаш содир бўлганини кўрсатди.

Исроил ҳарбийларининг ҳаво ҳужуми бошлашига 25 июл куни эрталаб Хизбуллоҳ жанггариларининг Хайфа порт шаҳрига ракеталар отгани сабаб бўлди. Жанггарилар уюштирган ракета ҳужуми оқибатида беш исроиллик жароҳатланди, улардан бири оғир аҳволда. Исроил ҳарбийлари душанба кунги тўқнашувларда йигирмага яқин жанггари йўқ қилинганини билдирди. Исроил Мудофаа вазири Амир Перес халқаро кучлар жойлаштирилгунига қадар Исроил кучлари Жанубий Ливан ҳудудида қолади, деди.

Исроил Бош вазири Эхуд Олмэрт Ливанга халқаро ёрдам етказиб берилишига Исроил ҳукумати қарши эмаслигини билдирди.

Сешанба куни эълон қилинган баёнотда Олмэрт гуманитар ёрдам юклари ортилган самолётлар Байрут аэропортига қўниши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, баёнотда Исроил ҳукумати гуманитар ёрдамлар Исроил ҳудудлари орқали Ливан аҳолисига етказиб берилишига тўсқинлик қилмаслиги билдирилади. Исроил Бош вазирининг баёноти АҚШ Давлат котиби билан учрашганидан кейин эълон қилинди.

Айни пайтда, АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Ливан ва Исроилга сафаридан сўнг 25 июл куни Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди.

Райс хоним Ливандаги воқеалар Фаластин масаласини эътибордан четда қолдирмаслигини айтди:

“Ливандаги вазият ҳал этилган тақдирда ҳам биз Фаластин ҳудудларидаги воқеаларни диққат билан кузатиб боришимиз лозим. Биз Яқин Шарқ тинчлик жараёнини қайта изга туширишимиз керак. Бу президент Буш ва президент Маҳмуд Аббос белгилаган мақсад, яъни, икки давлатнинг ёнма-ён, тинч ва тотув яшаши мақсадига олиб борувчи йўлдир”, – деди Кондолиза Райс.

Халқаро ҳамжамият Яқин Шарқ можароси иштирокчиларини ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда. 25 июл куни Саудия Арабистони агар Исроил ўт очишни тўхтатишни рад этишда давом этса, Ливандаги уруш алангаси минтақанинг бошқа давлатларига ҳам ёйилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Яқин Шарқда давом этаётган зўравонликларни тўхтатиш мақсадида 26 июл куни Римда учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Сешанба куни Байрутдаги касалхонада даволанаётган фуқароларни бориб кўрган Ливан Бош вазири Фавад Синиора мухбирларга Рим учрашувида ливанда юзага келган сўнгги вазият муҳокама этилишини айтди:

“Рим учрашувида ўт очиш тўхтатилгани эълон қилинади деб ўйламайман. Рим музокаралар бизга хавотиримизни билдириш ва Ливан халқи бошидан кечираётган азоб-уқубатлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга гапириш имконини беради. Учрашувда бошқа каттароқ масалалар ҳам кўрилади. Исроил ҳарбийлари уюштираётган ҳужумлар оқибатида одамлар нобуд бўлаётган масаласи ҳам кўтарилади”, – деди Ливан Бош вазири Фавад Синиора.